Жаҳон | 08:44
1895
4 дақиқада ўқилади

Ҳамас Ғазода 60 кунлик сулҳ битимига «ижобий» жавоб берди

«Ҳаракат ўз жавобини воситачиларга тақдим этди, бу жавоб ижобий руҳ билан тавсифланади», дейилади Ҳамаснинг жавобида. Томонлар АҚШ таклиф этган сулҳни амалга ошириш учун музокараларга киришишга тайёр эканини билдирган. Шу билан бирга ушбу сулҳ бўйича эътирозга сабаб бўлаётган ҳолатлар ва янги талаблар ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Фото: EFE/EPA/MOHAMMED SABER

Ҳамас ташкилоти АҚШ воситачилигида илгари сурилган Ғазо бўйича сулҳ таклифига «ижобий руҳда» жавоб бергани, гаровдагиларни озод қилиш ҳамда можарони тугатиш бўйича музокараларни ўз ичига олган ушбу келишувни амалга ошириш юзасидан музокараларга киришишга тайёр эканини билдирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп бундан олдин Исроил ва Ҳамас ўртасида қарийб 21 ойдан бери давом этаётган урушда 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш бўйича «якуний таклиф»ни эълон қилган ва томонлардан яқин вақтларда кутаётганини билдирганди.

«Ҳамас ҳаракати Ғазодаги халқимизга қарши тажовузни тўхтатиш бўйича воситачиларнинг сўнгги таклифига доир ички маслаҳатлашувларни, шунингдек, фаластинлик фракциялар ва кучлар билан музокараларни якунлади.

Ҳаракат ўз жавобини биродарлик воситачиларига тақдим этди, бу жавоб ижобий руҳ билан тавсифланади. Ҳамас ҳаракати тўлиқ жиддият билан, ушбу режани амалга ошириш механизми юзасидан янги музокаралар босқичига зудлик билан киришга тўлиқ тайёр», — дейилади Reuters нашри тарқатган ҳаракатнинг баёнотида.

Бироқ Ҳамасга яқин шахслардан бири ҳали ҳам дуч келаётган эҳтимолий қийинчиликлар: инсонпарварлик ёрдами, Мисрга ўтувчи Рафаҳ чегара пункти орқали ҳаракатланиш ва Исроил қўшинларининг чиқиб кетиш жадвали борасидаги аниқ тафсилотларга доир хавотирлар ҳануз мавжудлигини билдирди.

New York Times'нинг ёзишича, Ҳамас ушбу таклифга қандай сезиларли ўзгартиришлар киритишни талаб қилаётгани ёки бу фарқлар осонгина бартараф этиладими ёки янги тўсиқларга олиб келадими — ҳозирча номаълум. Илгари ҳам томонлар шундай битимларга яқинлашган, бироқ тафсилотлар бўйича келишмовчиликлар сабаб охирги дақиқада улар барбод бўлган эди.

Сулҳда қандай таклифлар бор?

Янги таклиф билан таниш бўлган манбаларнинг айтишича, у 60 кунлик сулҳ давомида 10 тирик гаровдаги шахсни ва 18 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадини топширишни, бунинг эвазига маълум миқдордаги фаластинлик маҳбусларни озод қилишни назарда тутади.

  • Бу озод этишлар беш босқичда амалга оширилади ва Ҳамас ўтган сулҳ давридагидек телевизион узатмалар орқали топширув маросимлари ўтказмаслиги шарт қилиб қўйилган. Бундай маросимлар исроилликларни ғазаблантирган, улар бу ҳолатни таҳқир деб қабул қилган. Янги режада, шунингдек, АҚШ ва араб воситачилари — Қатар ва Миср, сулҳ даврида урушга барҳам бериш бўйича жиддий музокаралар ўтказилишини таъминлаши кераклиги ҳам кўрсатилган.

Президент Трамп ҳафтанинг бошида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняхунинг душанба куни Вашингтонга ташрифи олдидан Исроил ва Ҳамас битим тузишни талаб қилаётганини билдирган эди.

«ҒАЗОДА БИТИМ ҚИЛИНГ!» — деб ёзди Трамп якшанба куни Truth Social'да, бу мурожаатини Исроилга йўллаб. Ҳамасни эса огоҳлантириб шундай деган: «бундан яхшиси бўлмайди — ФАҚАТ ЁМОНЛАШАДИ».

Исроил ташқи ишлар вазири Гидон Саар эса сулҳ бўйича янги музокараларни бошлаш бўйича «ижобий ишоралар» борлигини ва Исроил иложи борича тезроқ музокараларни қайта бошлашни истаётганини билдирди.

Ҳамас ва Исроил ўртасида битим тузилишига тўсқинлик қилаётган асосий масала — сулҳнинг доимийлиги. Ҳамас барча қолган гаровдагиларни озод қилишдан аввал урушнинг барҳам топишини қатъий талаб қилиб келмоқда. Аммо Исроил бош вазири Нетаняҳу Ҳамаснинг ҳарбий ва бошқарув салоҳиятини бутунлай йўқ қилиш зарурлигини таъкидламоқда.

Мавзуга оид