Ўзбекистон | 16:16 / 04.07.2025
4886
2 дақиқада ўқилади

Тахтақорача довонида ёнғин чиқди

Ёнғин Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғлаб турувчи довондан ўтган автомобил йўлига хавф солмаётгани маълум қилинган.

Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани Тахтақорача довонидаги ер майдонларида қуруқ ўт ёниб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди. 

Маълум қилинишича, 4 июл куни соат 12:08 да бошқармага Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Қайнар» МФЙ ҳудудидаги қир адирликларида қуруқ ўт ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб борган ҳамда ёнғинни бартараф этиш ишларини бошлаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ёнғин кучли бўлиб, осмонни тутун қоплаганини кўриш мумкин.

Қайд этилишича, ушбу ёнғин Тахтақорача довонидан ўтган автомобил йўлига хавф солмаган. Довонда икки томонлама автомобиллар ҳаракати давом этмоқда.

«Китоб тумани „Қайнар“ МФЙ қир адирлигида содир бўлган ёнғин ўраб олинган. Ҳозирда ёнғинни бартараф этиш ишлари давом этмоқда. Ёнғин кўлами қисқариб бормоқда. Аҳоли пунктлари ҳамда Тахтақорача довонидан ўтган автомобил йўлига ёнғин хавфи мавжуд эмас», – дейилган вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид