АҚШ – футбол мамлакати эмас. У ерда мундиал ўтказиш қанчалик тўғри қарор?

Фото: Gettyimages.ru/Leonardo Fernandez,
АҚШ мезбонлик қилаётган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўзбекистонлик мухлислар учун ҳар томонлама ноқулай – ўйинлар бошланиш вақтидан тортиб, футбол ўйнаб бўлмайдиган об-ҳавогача, трансляциялар сифатидан тортиб, мухлислар ташрифигача ҳеч кимнинг кўнгли тўлмаётгандек. Келаси йили худди шу вақтда ҳақиқий жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши эса хавотирни кучайтириши тайин – наҳотки мундиал ҳам шундай ўтса? Sports.ru муаллифлари ҳам шу борада изланиш қилиб кўришган ва қуйида баъзи хулосалар ҳавола қилинади.
«Америка Қўшма штатларида ўтаётган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳозирча зиддиятли хулосалар уйғотмоқда. Ҳаммасидан ҳам, ҳатто топ жамоалар иштирокидаги учрашувларда ҳам трибуналар бўш қолаётгани таъбни хира қилади. Мисол учун, «Челси» ва «Лос Анжелес» ўйинини кўришга 22 минг томошабин келди – 71 минг мухлисга мўлжалланган стадион учун хунук манзара.
Оддийроқ ўйинларда вазият унданда ёмон. «Ривер Плейт» ва «Урава Ред Даймондс» учрашуви 69 минг ўринли ўйингоҳда бўлиб ўтди, аммо ташриф буюрганлар сони 11 974 киши. «Пачука» – «Ред Булл Залцбург» ўйинини 5282, «Улсан» ва «Мамелоди Сандаунз» учрашувини эса атиги 3412 томошабин трибуналарда ўтириб кузатди.
Маълумот учун, ўтган йили Копа Америка ҳам айнан АҚШ майдонларида бўлиб ўтган, фақат Аргентина ва Мексика қатнашган ўйинлар эллик мингдан ортиқ мухлис тўплаганди. Буни Месси ҳамда мамлакатдаги Мексика диаспораси билан изоҳлаш мумкин. Шу билан бирга, Копа кўрсаткичлари ҳозирги мусобақаникидан сал кўпроқ, айтайлик, Коста Рика – Парагвай, Боливия – Панама каби ўйинлар 12-15 минг мухлис тўплай олган. Агар клублар ўртасидаги турнирда ҳам ўртача ўйинларда шу кўрсаткич қайд этилганда, Жанни Инфантино «дўпписини осмонга отган бўларди».
АҚШда қайси спорт оммавий?
АҚШ – футбол мамлакати. Аммо бир нюанс бор. У ерда биз биладиган футбол эмас, америкача футбол урф бўлган. Бизнинг футболни эса «соккер» деб аташади.
Маркетинг тадқиқотлари билан шуғулланадиган машҳур Nielsen компанияси маълумотига кўра, 2023 йилдаги энг кўп томоша қилинган 100 трансляциянинг 93 таси МФЛ (Миллий футбол лигаси) ўйинларидир. Бунинг устига, америкача футбол борган сари оммалашмоқда, 2020 йилда бу кўрсаткич 72 та эди, 2022 йилда эса 82.
Супербоул (МФЛ чемпионлиги учун матч) ҳар йили барқарор равишда энг кўп томоша қилинадиган трансляция ҳисобланади – 2023 йилда 115 миллион, 2024 йилда 123 миллион, 2025 йилда эса 127 миллион томошабин кузатган.
Шунинг учун МФЛ телешартномаси йилига 10 миллиард долларни ташкил қилади, МФЛ клублари эса йилига миллиардлаб пул топишади ва футбол (соккер) клубларидан қимматроқ ҳисобланади. Таққослаш учун, америкача футболдан ташқари фақат бир эфир телевидение тарихида 100 миллионлик довонни ошган –MASH сериалининг сўнгги қисми 1983 йилда 105 миллион томошабинни жалб қилган ва то 2010 йилги Супербоулгача рекордни ушлаб турганди.
Бу фактлар фонида ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг бир неча ой олган айтган гапи янада қизиқ туюлади: «Бизни клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 63 та Супербоул кутяпти».
Соккерда нима гап?
Аргентина ва Франция ўртасида кечган ЖЧ-2022 финалини АҚШда 25,78 миллион томошабин жонли эфирда томоша қилган – МФЛ одатий топ ўйини ёки америкача футбол бўйича талабалар чемпионати финали даражаси билан тенг. Агар йил бўйича олсак, трансляциялар бўйича 38-ўринда.
Ҳа, бошқа трансляциялар фонида футбол кўрсаткичлари анча камтарона. Аммо таққосласак, Франциянинг ўзида ЖЧ-2022 финалини 24 миллион киши томоша қилган. Яъни аудитория бўйича АҚШ бошқа бозорларни ортда қолдиради, ҳеч бўлмаса аҳоли сони кўплиги сабабидан.
Соккер қизиқиш бўйича АҚШда нафақат америкача футбол, балки баскетбол ва бейсболдан ҳам ортда қолади. S&P Global сўровномаларига кўра, атиги 14 фоиз иштирокчи соккер томоша қилишини айтган – америкача футбол, бейсбол баскетбол, ҳоккей, ҳамда ёзги ва қишки олимпиадалардан сўнг 7-ўринда.
Спорт турлари оммавийлигини Google Trends қидирув маълумотлари асосида ўлчаш бироз қийинчилик туғдиради. Сабаби америкалик фойдаланувчилар футболни турлича номлашади – football, soccer, association football ёки умуман fútbol. Шунинг учун турнирлар бўйича маълумот йиғиш холисроқ бўлади. Аксар ҳолларда бирор спортга бўлган қизиқиш айни спорт бўйича турнир орқали баҳоланади, лекин футболда бу бироз бошқача. Чунки фақат МЛС ўйинлари орқали футболга қизиқишни ўлчаш хато бўлади, зеро АҚШда АПЛ, Ла Лига ёки Мексика чемпионатини кузатадиганлар ҳам жуда кўп.
Демак, гугл сўровлари бўйича ҳолат қўйидагича:
- Энг оммавий лига – МФЛ. Иккинчи ўринда Миллий Баскетбол лигаси, учинчи ўринда эса бейсбол лигаси.
- Ҳоккей (МХЛ) 51 штатнинг 33 тасида футболдан олдинда туради, бошқа штатларда АПЛ ва Мексика чемпионатига қизиқиш кўпроқ.
- Йиғинди ўлароқ АПЛ, Мексика чемпионати, Ла Лига ва МЛСни ҳоккейдан кўра кўпроқ излашади, лекин бу билан Америкада футбол ҳоккейдан оммавийроқ дейиш қийин, чунки турли лигаларни аслида бир киши ахтараётган бўлиши эҳтимоли юқори.
Муҳими шуки, футбол (соккер) АҚШда оммавийлашиб бормоқда. Nielsen маълумотларига қараганда, Евро-2024 финалини АҚШда 6,43 миллион киши кўрган – Европа чемпионатлари тарихида энг катта кўрсаткич. Копа Америка билан ҳам шундай, 2024 йилги финални 6,02 миллион томошабин кўрди – бу ҳам рекорд. Таққослаш учун, АҚШда ўтган 2016 йилги турнирга нисбатан аудитория 44 фоизга ўсган.
МЛСдаги ҳолат
Месси таъсири туфайли «Интер Майами» ижтимой тармоқларидаги аудитория 2023 йилда 12 бараварга, МЛС аккаунтлариники эса 3 бараварга ошганди. «Интер Майами» кузатувчилари сони бўйича АҚШнинг топ-5, дунёнинг топ-25 спорт клублари қаторига киради.
Табиийки, оммалашиш даромадларга ҳам таъсир қилади. МЛС Apple билан йилига 250 миллион долларлик шартнома имзолади – Европанинг кучли бешлигидан кейин 6-ўрин. Клублар эса кўпроқ даромад қила бошлади ва уларнинг нархи ҳам ошиб бормоқда. Forbes маълумотига кўра, «Лос Анжелес» ва «Интер Майами» Миланнинг «Интер» клубидан, «Лос Анжелес Гэлакси» ва «Атланта Юнайтед» «Астон Вилла»дан, «Ню Йорк Сити» «Брайтон»дан, «Остин» эса «Рома»дан қимматроқ баҳоланмоқда.
МЛС ўйинларига мухлислар ташрифида ҳам ўсиш кузатилади. Тўқсонинчи йилларда ўйинларга ўртача 14 минг томошабин келган, аср бошларида бу кўрсаткич 15-16 мингга, ковиддан аввал эса 21 минггача кўтарилганди. Месси трансферидан, ҳамда лигада бир қатор кучли клублар пайдо бўлиши ортидан, айни дамда ўртача ташриф 23 мингни ташкил қилмоқда. Футбол оламида фақат кучли бешлик, Бразилия ва Аргентина чемпионатлари, иккинчи Бундеслига, ҳамда Хитой чемпионатлари кўпроқ мухлис жалб қилади, холос.
Хулоса сифатида, АҚШ жуда кўп давлатларга нисбатан футбол мамлакати эканини бемалол айтиш мумкин. МЛСда мухлислар ташрифи кучли бешликдан сал кам холос, катта турнир финалларини эса ўн миллионлаб томошабин кўради. Аммо шу билан бирга мамлакат ичида футбол бир қатор шимолий америкача спорт турларига рақобатни бой бериб келади.
Мундиал нима бўлади?
Ҳозирги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан келиб чиқиб, бир йилдан кейин бўлиб ўтадиган турнирни баҳолаш тўғри бўлмайди. Зеро, бу икки мусобақа нуфузи ўртасидаги фарқ ҳам жуда катта ва муҳим аҳамият касб этади. Клублар ўртасидаги турнир ушбу форматда илк бор ўтказилаётганини ва ҳатто ўша клублар учун ҳам бошқа турнирлардан пастроқ баҳога эга эканини пайқаш қийин эмас.
Жаҳон чемпионати эса футбол тарихи ва бугунидаги энг катта мусобақа ҳисобланади. Унга бўлган эътибор ҳам, ташкилотчилик ҳам бутунлай бошқача бўлади ва энг муҳими, мухлисларнинг миллий жамоага муносабати, уларнинг ташрифи ҳозирги турнирдан бир неча баробар катта бўлади. Шартли «Челси» мухлиси клублар ўртасидаги чемпионатни жамоаси учун навбатдаги ярим расмий мусобақаси деб билса, миллий жамоа мухлислари дунёнинг нариги чеккасидан ўз ватандошларини томоша қилиш учун келишади. Ҳар қандай ўртамиёна, ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган ўйин ҳам шу икки қатнашчи мамлакат мухлислари ёрдамида катта байрамга айланиб кетишига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Ёши каттароқ мухлислар 1994 йил АҚШда ўтган жаҳон чемпионатини ҳам яхши эслашса керак. У пайтлардаги вазият ҳозиргидан ҳам ёмонроқ, АҚШда ҳали чемпионатнинг ўзи бўлмаган, маҳаллий мухлислар эса турнир олдидан ўтказилган ўртоқлик ўйинларига ташриф буюриб, худди америкача футбол кўраётгандек, ноаниқ зарбаларни ҳам олқишлашганди. Ҳатто ўйинлар олдидан томошабинларга футбол қоидалари батафсил тушунтирилган китобчалар ҳам тарқатилган.
Аммо шунда ҳам АҚШ-94 энг қизиқарли, ёдда қоларли турнирлардан бири бўлиб қолганди. Бу сафаргиси ҳам табиийки, ундан кам бўлмайди, энг яхшиси бўлади, ахир у ерда Ўзбекистон ҳам иштирок этади.
Мавзуга оид

18:31 / 30.06.2025
Ҳиросимадан Абу Дабигача. Ўзбек футболи тарихидаги 10 та муҳим ғалаба

16:38 / 30.06.2025
Хитойда одамсимон роботлар иштирокидаги илк футбол турнири бўлиб ўтди

17:35 / 11.06.2025
Етакчиларнинг футболга ташрифи Ўзбекистон халқига катта ҳурмат - Шерзод Асадов

16:29 / 09.06.2025