Жамият | 17:15 / 03.07.2025
9993
11 дақиқада ўқилади

40 даража иссиқ: бунақа пайтда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга?

Ёзда 40 даража атрофида иссиқ бўлиши – Ўзбекистон учун одатий ҳол. Бунақанги иссиқда ишлаш эса нафақат қийин, балки хавфли ҳам. Шу сабаб айрим давлатларда ҳаво жуда исиб ёки совиб кетганида, ходимларнинг иш вақти қисқартирилади. Хўш, бизда-чи, меҳнат қонунчилигимизда нормалар борми? Ҳозиргидек жазирама кунларда ходимлар қандай ҳуқуқларга эга? Kun.uz шу каби саволларга жавоб излади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Касаба уюшмалари федерацияси меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Нодира Ғойибназарованинг айтишича, миллий қонунчиликда яхши нормалар ёзилган, фақат уни амалда қўллашни билиш керак.

“Меҳнат кодексининг янги таҳририда аниқ нормалар белгилаб қўйилди ва бу ерда айтяпти (205-модда): "Йилнинг иссиқ ёки совуқ мавсумида очиқ ҳавода ёхуд совитилмайдиган ёки иситилмайдиган ёпиқ хонада ишлайдиганлар, шунингдек, юк ортиш-тушириш ишларида банд бўлган шахслар учун махсус танаффуслар берилади”, – дейди у.

Ғойибназарованинг сўзларига кўра, Меҳнат кодексида алоҳида тоифадаги ходимларнинг иш шароитлари тўғрисидаги нормалар бўлиши белгиланган. Бу қонуности ҳужжатларида аниқлаштирилади.

“Алоҳида тоифадаги ходимлар деганда биз авваллари вояга етмаганлар, ҳомиладорлиги бор бўлган аёллар, ногиронлиги бор бўлган шахсларни тушунардик. Лекин ҳозирги янги Меҳнат кодекси алоҳида тоифадаги ходимларни кенгайтирган ҳолатда барчасини қамраб олишга ҳаракат қилган. Масалан, педагоглар, тиббиёт ходимлари, транспорт ходимлари, табиий иқлим шароитида ишлаётганлар. Демак, табиий иқлим шароити деганда зарарли, хавфли, ўта зарарли, ўта хавфли шароитларда ишлаётганлар тушунилади. Мана, оддий новвойни олинг. Бу ёқдаги температура билан тандирнинг олдидаги температурада қанча фарқ бор? Тандирнинг ичига кириб чиққанда ўзидан қанча минералларни йўқотади? Демак, унда минералларни организмда сақлаб қолиши билан боғлиқ чора-тадбирларни кўришни талаб этадиган ўзига яраша меъёрлар белгиланган. Яъни алоҳида тоифадаги ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақтларига алоҳида талаблар қўйилган. Агар нормал иш вақти бир ҳафтасида 40 соат бўладиган бўлса, алоҳида тоифадаги ходимларда, масалан, ўта зарарли, ўта хавфлида 36 соат белгиланяпти”, – дейди у.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексига асосан, 30 дақиқадан 2 соатгача танаффуслар белгиланиши мумкин.

“Иш вақтингиз бир кунда 8 соатдан ошадиган бўлса, иккита танаффус берилиши кўзда тутиляпти. Иш вақтингиз 8 соатгача бўлса, битта танаффус. Танаффус давомийлиги 30 дақиқадан 2 соатгача дейиляпти. Бу иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи, касаба уюшмалари билан келишган ҳолда белгиланади. Касаба уюшмалари ходимларнинг вакиллик органи сифатида иш берувчи билан жамоа шартномаларини имзолайди”, – дейди федерация вакили.

Ғойибназарованинг таъкидлашича, юқори ҳароратда ишлаш шароитлари бўйича ходимлардан касаба уюшмалари федерациясига мурожаатлар тушиб туради. Мурожаатларга асосан ўрганишга чиқилганда, ходимнинг касби, вазифалари ва иш жойидаги шароитлар ўрганилади. Хусусан, иш жойлари аттестациядан ўтказилиши мумкин.

“Яъни иш ўринлари, асбоб-ускуналар, жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказишга оид нормалар ҳам белгиланган. Мана шу ҳужжатларнинг барчаси билан танишиб чиқилганидан кейин, иш берувчи томонидан ходимнинг ҳуқуқини бузадиган ёки миллий қонунчилигимизга мос бўлмаган ҳолатлар аниқланса, тегишли чоралар кўрилади”, – дейди Ғойибназарова.

Унинг айтишича, енгил ишлар учун ҳаво ҳарорати +25-27 даражагача бўлса, бу оптимал ҳисобланади. Ўртача оғирликдаги ишларда бу меъёр +23-25 даражагача. Оғир касбларда ишлайдиганларда +21 даражадан 23 даражагача нормал деб белгиланган.

“Иш берувчи шу оптимал ҳароратни таъминлаб бермаган ҳолатда, жамоавий ёки шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлайди. Энди бу нарса дала ишларида бўлса, мен ҳозирги айтган Меҳнат кодексининг 205-моддасига мурожаат этамиз. Бугунги кунда Меҳнат кодекси бизга яна қандай имкониятни берди деганда, иш кунини қисмларга бўлиш мумкин. Яъни офис ишчиларига 40 соатлик меҳнат ҳафтаси дейдиган бўлсак, дала ишларида ишлайдиган ходимлар иш кунини соат 04:00 дан кун кўтарилгунча соат 08:00 гача давом эттириши мумкин. Қолгани кун ботаётганда. Демак, иш кунини қисмларга бўлиш ҳам миллий қонунчиликда ёзиб қўйилган”, – дейди Касаба уюшмаси вакили.

Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда нималар кўзда тутиляпти?

Ҳозирча Ўзбекистон қонунчилигида ходимларни жазирама иссиқдан ҳимоялашни тўғридан тўғри назарда тутувчи нормалар йўқ. Бу бўшлиқни тўлдириш учун “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилган. Бандлик вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда лойиҳа Адлия вазирлигига киритилган.

Қонун лойиҳасида аномал иссиқ ёки совуқ ҳавода ходимларга қўшимча меҳнат таътили бериш, иш вақтини қисқартириш ва санитария қоидаларига асосан ходимларга профилактик мақсадларда озиқ-овқат маҳсулотлари бериш кўзда тутилган.

Амалдаги санитария қоидалари ва нормаларига кўра, йилнинг иссиқ даврида ишлаб чиқариш хоналарида ҳарорат ишнинг енгил ёки оғирлигига қараб 21 даражадан 27 даражагача бўлиши керак. Очиқ ҳаводаги иш зонасида эса 36 даража ва ундан юқори ҳарорат ходимнинг саломатлиги учун экстремал шароит ҳисобланади. Янги қонун лойиҳаси билан, ходимлар учун меҳнат шароитларини белгиланган даражада ташкил этмаган иш берувчиларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача жарима жазосини белгилаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 17-моддаси билан, меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилгани оқибатида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф юзага келган тақдирда, ходимга бундай хавф бартараф этилгунга қадар ишлашни рад этиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ҳолатда ходимнинг иш ҳақи сақланади ва унга нисбатан интизомий чора кўришга йўл қўйилмайди.

Хориж тажрибаси

Хориж давлатлари қонунчилигида юқори ҳаво ҳароратига алоҳида тўхталиб ўтилган. Масалан, Беларусда офисда ўтириб ишлайдиган ходимлар хонадаги ҳарорат +28,5 даражага етганида, бир соат камроқ ишлаш ва ҳатто раҳбарини огоҳлантирмасдан иш жойини тарк этиш ҳуқуқига эга. Худди шу ҳароратда машинасозлик ва металлургия корхоналарида ишлайдиганлар кунига кўпи билан 4-5 соат ишлаши белгиланган. Ходимлар очиқ ҳавода ишлаётган бўлса, иш берувчи дам олиш учун махсус хоналар билан таъминлашга мажбур. Бундан ташқари, Беларус Меҳнат кодексига асосан, иш берувчи жазирама иссиқда иш вақтини ўзгартириши, яъни ишни бир неча соат эртароқ бошлаши ёки тунги вақтга кўчириши мумкин.

Германияда эса экстремал юқори ҳарорат кузатилганда мактаблар ва корхоналарда қўшимча дам олиш куни эълон қилиниши мумкин. Жазирамада ўқувчиларнинг мактабга бормаслиги федерал даражада ҳал қилинади, корхона ва ташкилотларда эса иш кунини бекор қилиш компания раҳбариятининг ваколатига киради.

Германия меҳнат қонунчилигига кўра, ходимлар ишлайдиган биноларда ҳаво ҳарорати +26 даражадан ошмаслиги керак. Иш берувчи ўз ходимларининг соғлиғи тўғрисида ғамхўрлик қилишга мажбур, агар жазирама иссиқ ишчилар саломатлиги учун зарарли бўлса ва компания бунинг олдини олмаса, ходим шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бундай вазиятлардан қочиш учун компания раҳбарияти қўл остидагиларни уйларига қўйиб юборишлари мумкин.

Юқори ҳаво ҳароратидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев бу борада зарур тавсияларни берди.

“Инсоннинг тана ҳарорати 36,4–36,6. Агарда ташқаридаги об-ҳаво ҳарорати 36 даражадан ошиб бошласа, одамлар ўзини безовта ҳис қилиб бошлайди. Чунки организмда моддалар алмашинуви ҳам ўзгаради. Ҳаммамиз биладиган, ҳамма ёқда айтилаётган гап – иссиқ кунлари 2 литрдан 3 литргача оз-оздан сув ичиш керак. Бу жуда ҳам тўғри. Иссиқ ҳавода қон қуйилиши, айниқса юрак қон-томир касалликлари, бош мияда сурункали қон айланишининг бузилиши бор инсонлар, албатта, доимо ёнида сув олиб, ичиб юриши керак.

Баъзан шунақа ҳолатни кўрамиз: "Мен қон суюлтирадиган дори ичиб юраман-ку", дейди. Диққат билан эътибор қилишсин, қон суюлтирадиган дорини ичди-ю, бир стакан сув ичиб, кейин бир кунда ўша 2 ёки 3 литр сув ичиб юрмаса, барибир қон қуйилади. Баъзи қон суюлтирувчи дорилар 6 соат, нари борса 12 соат таъсир қилади. Демак, агар сиз мана шу кам камдан кўпроқ сув, мева шарбатлари ичиб юрсангиз, юрак фаолияти ҳам яхши ишлайди. Диққат концентрацияси ва буйрак фаолияти яхшиланади”, – дейди шифокор.

Ибодуллаевнинг сўзларига кўра, жазирамада соябон тутиб юриш, музқаймоқ истеъмол қилиш ҳам тавсия этилади.

“Кейин, сув ҳавзаларида чўмилиш, сузишга бориб туриш ҳам фойдали. Сув бўйлари, сой бўйлари тоза тутилиши керак. Айниқса, кўпроқ қишлоқ жойларида, узоқроқ жойларда очиқ сув ҳавзаларида чўмилишади. Ўша ердаги санитария-гигиена ҳолатларига ҳам эътибор қилиш керак. Мана, биз ёшлигимиздан биламиз, болалар чўмилишга чиққан пайтлари узоқдан бригадирлар юриб, сой бўйларида энди ҳар турли ҳайвонлар ўлиб ётмаганми, бошқами, болаларни чақириб олиб, шундоқ бир тозалашарди. Айниқса, гўшт маҳсулотлари ёки кичик-кичик ҳайвонлар ўлиб ётган бўлса, улар бирданига ачийди-да, микроб босиб кетади, сув ҳавзасига кетса, жуда кўп болалар қорин тифи бўлиши мумкин. Ҳар хил инфекцион касалликлар бор”, – дейди профессор Ибодуллаев.

Шифокор сўзи давомида, пулли бўлса-да, чўмилиш ҳавзлари қуриш кераклигини айтди.

“Бу тадбиркорларга иқтисодий томондан фойда олиб келади, ҳам ёшларимиз чиниқади. Бизда сузиш ҳавзалари кам”, – дейди у.

Ибодуллаевга кўра, очиқ ҳавода ишлайдиганлар оқ рангли кийим кийиши керак.

“Эътибор қаратсангиз, Виетнам, Таиланд каби гуруч экадиган давлатларда одамлар оқ кийинган ва катта шляпа кийган бўлади. Оқ ранг иссиқликни қайтаради. Офтоб уриши деган ташхис бор, агар одамни офтоб урса, ёшми-каттами, ҳушдан кетади.

Офтоб урганда кимдадир қон босими тушиб кетади, кимдадир ошиб кетади, бунақа пайтда қандай ёрдам кўрсатишни ҳам айтай: дарров соя жойга олиб, ёки очиқ жой бўлса, соябонни тутиб, юзига совуқ сув сепса, дарров ўзига келади.

Иссиқда бурундан қон кетиши ҳам мумкин. Айниқса, ўсмирлар учун хос бўлган ҳолат. Бунда ҳам вақтинча кетади-да, докани ҳўллаб, пешонага музли сувни қўйиб, буруннинг устки қисмини сиқиб турса, қон кетиш тўхтайди.

Умуман олганда, соат 13:00 дан 16:00 гача, яъни қуёш нури тик тушаётган пайтда, офтоб остида ишлаш тавсия этилмайди. Шунинг учун ҳам, эътибор қилсангиз, деҳқонлар эрта саҳардан соат 05:00 дан далага чиқиб ишларни қилиб олади. Соат 12:00 дан 16:00 гача бўлган ҳолатларда очиқ қуёш нури тик тушадиган жойларда ишламаган маъқул”, – дейди Зарифбой Ибодуллаев.

Мавзуга оид