Жаҳон | 14:35
1189
7 дақиқада ўқилади

Россия мухолифати Мерцдан сиёсий маҳбусларни озод қилишда ёрдам сўрамоқда

Германиядаги Россия мухолифати вакиллари Германия канцлеридан алмашиш ёки ўзаро амнистия доирасида Россия қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни озод қилишга кўмаклашишни сўрамоқда.

Фото: Sota (архив)

Германияда истиқомат қилаётган рус демократик кучлари вакиллари Германия канцлери Фридрих Мерцга россиялик сиёсий маҳбусларни қамоқ ва колониялардан озод қилишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Россия мухолифати вакилларининг 26 июн, пайшанба куни чоп этилган мактубида айтилади.

«Сиздан бугунги кунда қамоқхоналар ва колониялардан овози эшитилмаётганларни озод қилиш жараёнига ёрдам беришингизни сўраймиз. Маҳбуслар алмашинуви давом этаётган бир пайтда сиёсий моддалар билан судланган фуқароларнинг аҳволи анча оғир», — дейилади мактубда. Мурожаат ташаббускори протоиерей Андрей Кордочкин бўлди. Унга имзо чекканлар орасида сиёсатчилар Иля Яшин, Андрей Пивоваров, Максим Резник, Елена Филина, ҳуқуқ ҳимоячиси Олга Романова, галерист ва сиёсий технолог Марат Гелман, адабий танқидчи ва арт-куратор Анна Наринская ва бошқалар бор.

«Украиналик ҳарбий асирларда қамоқда қолишнинг барча даҳшатларига қарамай, бир мунча вақт ўтиб озодликка чиқишга ва алмаштирилгандан сўнг ўз уйига қайтишга нисбий умид бор. Сиёсий маҳбусларда бундай умид йўқ, тўғрироғи, умид бор, аммо қисқа муддатли истиқболда у умуман йўқ», — дея тушунтиради Кордочкин.

Мурожаатни имзолаганлар россиялик сиёсий маҳбусларни озод қилишнинг эҳтимолий вариантлари сифатида айирбошлаш ёки ўзаро амнистияни келтирди, бу эса «Украинадаги «рус дунёси» тарафдорларини ҳам, россиялик сиёсий маҳбусларни ҳам озод қилишга имкон беради».

«Албатта, биз немислар ва бошқа европалик сиёсатчиларга кимни озод қилиш кераклигини айта олмаймиз. Гап Украинадаги одамлар ҳақида кетмоқда, улар эътиқоди, путинизмни, агрессив урушни қўллаб-қувватлагани учун қамоқда», — дейди Кордочкин DW нашрига берган интервюсида.

Сиёсатчи Андрей Пивоваровнинг сўзларига кўра, таклиф этилаётган вариантни эҳтимолий алмашинув учун «йўл харитаси» деб ҳисоблаш мумкин. «Афсуски, бу россияликлар учун ҳам, украиналиклар учун ҳам унчалик қизиқ бўлмаслиги мумкин — улар учун ҳарбий асирлар ва ўғирланганлар муҳимроқ. Лекин Путин бу борада баҳслаша олмайди», — деди Андрей Пивоваров. Унинг фикрича, Кремл учун нега ўз тарафдорларини Украина қамоқларидан чиқариб олишдан бош тортганини урушни қўллаб-қувватлаётган «ички ватанпарварлар» ва русларга асослаб бериши қийинроқ бўлади. «Путин урушни «рус дунёси» учун кураш деб кўрсатяпти, мана, сизнинг тарафдорларингиз, кутган одамларингиз бор. Уларни чиқариб олинг ва сиз томонда қамоқда ўтирганларни амнистия қилинг», — дея чақирди Пивоваров. «Агар Украинада урушни тугатиш бўйича музокаралар бошланса, мен маҳбуслар масаласи кескин бўлишини ва муҳокама қилинишини истардим», — дея қўшимча қилди сиёсатчи.

Мурожаат муаллифлари, шунингдек, Германияга «2024 йил августида россиялик сиёсий маҳбусларни озод этишдаги фаол иштироки учун» миннатдорлик билдирди. Гап етти давлат иштирокидаги маҳбуслар алмашинуви ҳақида бормоқда. Россия ва Беларусдаги қамоқхоналардан 16 киши озод қилинди. Ғарб давлатларида 8 киши – асосан Россия махсус хизматлари ходимлари чиқарилди. Берлин марказида собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Вадим Красиковнинг немис қамоқхонасидан озод этилиши энг резонансли ҳодисага айланди.

«Ўшанда Алексей Навалний ўлдирилишидан кейин тушкунликка тушганларнинг барчасида қувонч ва умид сезилди», деб ёзади мурожаат муаллифлари Россия қамоқхоналарида мингдан ортиқ сиёсий маҳбуслар қолаётганини ва уларнинг сони ортиб бораётганини таъкидлаб. «Маълумки, бу маҳбусларнинг кўпчилиги қийноқларга дучор бўлмоқда. Улар жазо камераларида ғайриинсоний шароитларда ушлаб турилиб, мунтазам равишда тунда ўз исм-шарифи ва жиноий моддани кўрсатиш талаблари билан уйғотилади», деб эслатади хат муаллифлари. Уларга кўра, «Россиядаги жазо тизими Сталин давридагидек бўлиб, нафақат изоляцияга, балки маҳбуслар шахсини деформация қилишга қаратилган».

Аввалги алмашинув ҳам, яқинда Беларусда мухолифатчи Сергей Тихановскийнинг АҚШ иштирокида озод этилиши ҳам Ғарб сиёсатчилари Минск ва Москвадаги режимларга таъсир ўтказишнинг реал усулларига эга эканини кўрсатмоқда, деб ҳисоблайди протоиерей Андрей Кордочкин. «Ғарбда бунинг механизми бор, гап бунинг учун ирода бор-йўқлигида», дейди у DW нашрига. «Биз Германияга мурожаат қилмоқдамиз, чунки биз шу ердамиз ва улар қизиқиш билдирган. Биз буни ўтган йили алмашув пайтида кўрдик. Улар бефарқ эмас, улар билан мулоқот давом этиши мумкин ва давом этиши керак», — дейди Кордочкин.

«Биз замонавий Россияда даҳшатли сиёсий архитектуранинг асосий хусусиятларини кўряпмиз, — деб давом этади мурожаат муаллифлари. Улар шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни инкор этиш, уруш ва қаҳрамонларча ўлимга сиғиниш, бошқа халқлар ва маданиятлардан ўз маънавий устунлиги, динни милитаризация қилиш, етакчини улуғлаш ва бошқаларни жиноий таъқиб этишни мисол сифатида келтирган.

«Бизнинг мактубимизнинг ўзига хос жиҳати шундаки, агар ХХ асрдаги мамлакат тарихи ҳақида гапирадиган бўлсак, Германияда бўлишимиз бизга бироз бошқача нуқтайи назар беради. Сиёсий архитектурадаги барча фарқларга қарамай, Германиядаги тоталитаризм билан бугунги Россиядаги авторитаризм ўртасидаги параллелликни кўрмаслик учун кўр бўлиш керак», — дея тушунтирди Кордочкин DW нашрига.

«Буларнинг барчаси Германия тарихининг ХХ асрдаги энг мудҳиш саҳифаларини ҳаётга қайтаради», — дейди Россия мухолифати вакиллари Мерцга мурожаатда. «Россиялик сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши нафақат Россиянинг эркин демократик келажагига, балки Европа ва бутун дунё хавфсизлигига ҳам ҳисса қўшади. Улар қамоқда экан, Россия ва қўшни халқлар ўртасида урушни тугатиш ва ярашиш имконсиз бўлиб қолади», деб хулоса қилади мактуб муаллифлари.

Мавзуга оид