Жаҳон | 09:16 / 26.06.2025
895
2 дақиқада ўқилади

Португалия фуқаролик олиш қоидаларини қатъийлаштиряпти

Парламентга тақдим этилган қонун лойиҳаси фуқароликни олиш учун талаб қилинадиган мамлакатда яшашнинг минимал муддатини 5 йилдан 10 йилгача оширади.

Фото: Getty Images

Португалиянинг ўнг «Демократик алянс»и (AD) томонидан тузилган озчилик ҳукумати фуқаролик ва миграция тўғрисидаги қонунларга бир қатор ўзгартиришлар киритиб, фуқаролик олиш бўйича қонунчиликни кучайтириш чораларини кўряпти.

Бош вазир Луиш Монтенегру бошчилигидаги ва 18 май куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларидан сўнг ҳокимиятга келган янги вазирлар маҳкамасининг биринчи муҳим қарори хорижликларнинг фуқаролик олишини қийинлаштириш бўлди.

23 июн куни Вазирлар кенгаши томонидан маъқулланган ва парламентга тақдим этилган қонун лойиҳасига кўра, фуқаролик олишга мурожаат қилиш учун мамлакатда яшашнинг минимал муддати 5 йилдан 10 йилгача оширилади.

Португал тилида сўзлашувчи мамлакатлар фуқаролари учун бу муддат 7 йил бўлади ва ортга ҳисоблаш улар яшаш учун рухсатнома олган пайтдан бошланади.

Қонун лойиҳаси, шунингдек, барча ариза берувчилар учун португал тили ва маданияти бўйича имтиҳон топширишни мажбурий қилади.

Қонун лойиҳасининг бандлардан бири Португалияда туғилган хорижликларнинг фарзандлари учун фуқаролик олиш шартларини қатъийлаштиришдан иборат. Илгари бундай фуқаролик автоматик тарзда берилган, энди ота-оналар мамлакатда камида уч йил яшаши ва расмий ариза топшириши керак бўлади.

Шунингдек, илгари Пиреней яриморолидан чиқариб юборилган сефард яҳудийларининг авлодлари учун аввал соддалаштирилган тартиб асосида берилган фуқароликка алоҳида ҳуқуқни бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Ўта ўнг мухолифатдаги Chega партияси ҳам қўллаб-қувватлаган қонун лойиҳаси парламент томонидан осонлик билан тасдиқланиши кутилмоқда.

Шунга ўхшаш қоидалар Испанияда сўнгги ўн йил давомида амалда бўлиб келяпти.

Мавзуга оид