Ўзбекистон | 16:41 / 25.06.2025
3720
2 дақиқада ўқилади

Эрон фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз режим жорий этилиши мумкин - элчихона

Эрон Ислом Республикаси фуқароларига Ўзбекистонга визасиз режимда кириш имконияти берилиши мумкин. Икки давлат ҳукумати буни муҳокама қилмоқда. Эроннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон ТИВ буни тасдиқлаб, мулоқот ҳали давом этаётганини билдирди.

Фото: Getty images

Эрон элчихонаси вакилига кўра, Ўзбекистон фуқаролари айни пайтда Эронга йилига икки марта икки ҳафтадан визасиз режимда боришлари мумкин. Бироқ, Ўзбекистон ТИВнинг Kun.uz’га маълум қилишича, расмий келишувларда белгиланганидек Ўзбекистон фуқаролари фақат 10 кун бу мамлакатда визасиз тартибда бўла олади.

Ўзбекистон фуқаролари Эронга 10 кунгача бўлган муддат мобайнидагина визасиз киришлари мумкин. Эрон фуқаролари эса Ўзбекистонга кириши учун электрон виза олишлари талаб этилади”, - дейди ТИВ расмий вакили Аҳрор Бурҳонов.

Элчихона муваққат ишлар вакили Ҳусайн Парварешнинг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари учун Эронга визасиз бориш ҳуқуқи берилгач, саёҳат қилувчиларнинг сони сезиларли равишда кўпайган. Теҳрон-Тошкент авиақатновларига талаб жуда юқорилиги сабаб чипталар тез сотилиб кетмоқда.

Икки давлат ўртасида тиббиёт туризми ҳам ривожланмоқда. Элчихонанинг қўшимча қилишича, Эрон тиббий муассасаларида ўзбекистонлик беморлар бориб даволаниши учун имконият ва шароит яратиш масалалари ҳам муҳокамада.

Бу масала ижобий ҳал қилинса, Эронга борувчи ўзбекистонликлар сони янада ортиши мумкин, дейди Ҳусайн Парвареш.

Ўзбекистон ТИВга кўра, жуда кўп давлатлар билан визасиз режимни жорий қилиш муҳокамада, лекин вазирликнинг асосий эътибори кўпроқ Ўзбекистон фуқароларининг хорижий давлатларга визасиз боришини таъминлашга қаратилган.

Мавзуга оид