Жаҳон | 14:14 / 25.06.2025
3284
2 дақиқада ўқилади

АҚШ генерали Гринкевич Украинанинг урушда ғалаба қозонишига ишоняпти

АҚШ Қуролли кучлари Европа қўмондонлиги раҳбари лавозимига номзод Украина Россия билан урушда ғалаба қозониши мумкин, деб ҳисоблайди. Сенатда Гринкевич номзодини тасдиқлаш бўйича эшитувлар бўлиб ўтди.

Фото: Staff Sgt. Draeke Layman/U.S. Air Force/AP/picture alliance

АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан АҚШ Қуролли кучлари Европа қўмондонлиги (EUCOM) раҳбари лавозимига номзоди кўрсатилган генерал-лейтенант Алексус Гринкевич Украина Россия томонидан уч йилдан ортиқ давом этаётган урушда ғалаба қозонишига ишонч билдирди. Гринкевич 24 июн, сешанба куни АҚШ Сенатида ўз номзоди кўриб чиқилаётган эшитувда сўзга чиқди.

«Ўйлайманки, Украина ғалаба қозониши мумкин. Ўйлайманки, ҳар сафар ватанингизга хавф туғилганда сиз биз учун тасаввур қилиш қийин бўлган матонат билан курашасиз», — дея Гринкевичнинг сўзларини келтиради Reuters.

Генерал-лейтенантнинг номзоди аввалроқ НАТОга аъзо давлатлар қўмитаси томонидан маъқулланган, деб хабар қилди алянс матбуот хизмати 5 июн куни. Шу куни аввалроқ Трамп Гринкевич номзодини асосий ҳарбий лавозимга кўрсатган. EUCOM раҳбари, анъанага кўра, Европада НАТО Бирлашган қуролли кучлари (SACEUR - Supreme Allied Commander Europe) бош қўмондони лавозимини эгаллайди.

Гринкевич амалдаги қўмондон, генерал Кристофер Каволини алмаштиради. Расмий ваколатларни топшириш ёзда амалга оширилиши кутилмоқда.

НАТОнинг Европадаги бирлашган кучларининг янги раҳбари катта ҳарбий тажрибага эга. У АҚШ штаб бошлиқлари қўмитасининг операциялар бўйича директори бўлиб ишлаган, унгача қўшма кучларнинг ҳаво кучларига қўмондонлик қилган. У, шунингдек, F-16 Fighting Falcon ва F-22 Raptor қирувчилари учун парвоз инструктори, қурол-яроғ бўйича офицер ва синов учувчиси бўлиб хизмат қилган.

SACEUR лавозими алянс тузилмасида бош котибдан кейин иккинчи энг муҳими ҳисобланади. Ушбу лавозим эгаси ҳарбий ҳаракатларни бошқариш ва миссияларни режалаштириш учун жавобгардир. У алянсга аъзо давлатлардан сиёсий даражада тасдиқланган вазифаларни бажариш учун зарур кучларни сўраш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид