Организмдаги «қариётган» ҳужайраларни аниқлашнинг янги усули ишлаб чиқилди
Тадқиқотчилар ўзгарувчан электр майдонлар ёрдамида инсон организмидаги қариётган ҳужайраларни аниқлаш усулини ишлаб чиқди. Келажакда ундан бошқа ҳужайра турларини таҳлил қилишда ҳам фойдаланиш мумкин.

Фото: Freepik
Токио университети олимлари биокимёвий белгиларсиз — ўзгарувчан электр майдонлар ёрдамида инсон организмидаги қариётган ҳужайраларни ёшларидан ажратиш имконини берадиган усулни ишлаб чиқди. Тадқиқот натижалари IEEE Sensors журналида эълон қилинди.
Тадқиқотчиларнинг тушунтиришича, қариш ҳужайра даражасида бошланади: қари ҳужайралар ўз функцияларини йўқотади ва яллиғланишни келтириб чиқарадиган модда ажратади. Яллиғланиш жараёни Алцгеймер, иккинчи типдаги диабет ва атеросклероз каби ёшга алоқадор касалликларга боғлиқ.
Ҳозирда қариб бораётган ҳужайраларни аниқлаш усулига организмнинг биологик ёшини аниқ баҳолаш воситаси сифатида қаралмоқда. Бироқ мавжуд аниқлаш методлари флуоресцент маркировкани талаб қилади — бу усул қўллашда мураккаб бўлиб, ҳужайраларнинг табиий хусусиятларини ўзгартириб юбориши мумкин.
Доцент Иппей Яги бошчилигидаги тадқиқотчилар жамоаси бу муаммони ҳал қилиш учун мутлақо янги ёндашувни қўллади — частота-модуляцияланган диэлектрофорез (FM-DEP) усулини. Бу технологияда ҳужайра намунаси ўзгарувчан электр майдонига жойлаштирилади ва ҳужайраларнинг электродларга нисбатан ҳаракати частотага боғлиқ бўлади — бу кўрсаткич ажратиш частотаси деб аталади. Қариётган ва ёш ҳужайраларда ушбу кўрсаткич турлича. Мазкур усул маркировка талаб қилмайди, ҳужайралар учун хавфсиз ва тезкор натижа беради.
Тадқиқот инсоннинг дермал фибробластларида, яъни тери бириктирувчи тўқималарининг ҳужайраларида олиб борилган. Аниқланишича, ажратиш частотасидаги фарқлар ҳужайра мембранасининг липид таркибидаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Ушбу мембрана ҳар қандай ҳужайрани ташқи муҳитдан ажратиб турувчи юпқа қатлам кўринишида.
Олимлар янги технология нафақат қариш жараёнларини ўрганишда, балки регенератив тиббиёт ва дори воситаларини ишлаб чиқишда ҳам қўлланиши мумкинлигига умид қилишмоқда. Келгусида тадқиқотчилар FM-DEP усулини бошқа ҳужайра турларини таҳлил қилишга мослаштиришни режалаштиряпти.
Мавзуга оид

11:46 / 21.06.2025
Ўзбекистонлик олимлар қовуннинг янги навларини яратмоқда

01:29 / 04.06.2025
Жисмоний фаоллик саратондан ўлим хавфини 30 фоизга камайтиради — тадқиқот

23:51 / 19.05.2025
Олимлар жазирама ва сув тошқинларининг яширин хавфини аниқлади

23:35 / 07.05.2025