Жаҳон | 00:50
8742
2 дақиқада ўқилади

Павел Дуров ўз бойлигини 100 дан ортиқ фарзандлари орасида тақсимлайди

Унинг айтишича, фарзандларидан ҳеч бири яна 30 йил давомида мерос ололмайди.

Фото: AP

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров кўп миллиард долларлик бойлигини 100 дан ортиқ фарзанди ўртасида тақсимлашини айтди. Бу ҳақда Франциянинг Le Point журналидаги Дуров интервюсига асосланиб, Euronews хабар берди.

Дуров ҳозир Telegram платформасининг ягона акциядори ҳисобланади ва у донор спермадан туғилган барча болалари «бир хил ҳуқуқларга» эга бўлишини истайди.

«Мен ўлимимдан кейин улар бир-бирини бўғизлашини хоҳламайман», деб қўшимча қилди у.

Тадбиркорнинг иддао қилишича, унинг донор спермаси ёрдамида 12 та давлатда 100 дан ортиқ бола дунёга келган. Бундан ташқари, Дуров уч аёлдан туғилган олти фарзанднинг расмий отаси ҳисобланади.

Павел Дуровнинг қўшимча қилишича, унинг фарзандларидан ҳеч бири яна 30 йил давомида мерос ололмайди.

«Мен улар оддий одамлардек яшашини, ўз карерасини қуришини, ўзига ишонишни ўрганишини, ижод қила олишини ва банк ҳисобига қарам бўлмаслигини истайман», деб тушунтирди у.

Дуров томонидан асос солинган Telegram платформаси ойлик миллиард фойдаланувчига эга. Унинг бойлиги 15-17 миллиард долларга баҳоланган.

Мавзуга оид