Жаҳон | 10:57
9750
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Трамп маъмурияти Андрей Ермакдан норози

Америкадагилар Украина президенти офиси раҳбарини агрессив ва токсик деб ҳисоблашади. Politico материалидан асосий гаплар.

Oliver Contreras / AFP / Scanpix / LETA

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Украина сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири ва Ғарбдаги ҳамкорлар, биринчи навбатда, АҚШ билан музокараларда Украинанинг энг муҳим вакили ҳисобланади. Аммо уч йилдан ортиқ давом этган Россия-Украина уруши давомида Вашингтонда унга нисбатан кўплаб норозиликлар тўпланган, деб ёзади Politico. Бу ҳақда нашрга 14 нафар суҳбатдош, жумладан, АҚШ ва Украина расмийлари, шунингдек, уларнинг халқаро учрашувларни ташкил этувчи ёрдамчилари маълум қилди.

Уруш шароитида Ермак билан муомала қилишга тўғри келган Американинг ҳар икки  маъмурияти (Жо Байден ва Доналд Трамп) вакиллари фикрича, у тажовузкор, Америка сиёсати ва бюрократиясини яхши тушунмайди, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленскийга АҚШнинг турли масалалар бўйича позициясини нотўғри етказади. Байден жамоаси аъзолари ҳатто Украина томонидан Ермакни токсик деб ҳисоблаб, уни делегация таркибига киритмасликни сўраган.

Июн ойи бошида Ермак Вашингтонга ташриф дастури аниқ шакллантирилмаган ҳолда келди. У билан давлат котиби Марко Рубио, Оқ уй аппарати раҳбари Сюзи Уайлс ва вице-президент Жей Ди Вэнс жамоаси учрашишдан бош тортган. Ермак барибир Рубио билан учрашишга муваффақ бўлган, уни Оқ уй йўлагида шунчаки учратиб қолган. Ермак Уайлсдан жавобни узоқ кутган, аммо у делегацияни барибир қабул қилмаган (Украина томони қисқа муддатли бўлса-да, учрашув бўлиб ўтганини таъкидлайди). Вэнснинг жамоаси эса учрашув ҳақидаги илтимосга умуман жавоб бермаган.

Politico манбаларига кўра, Ермак Украина ва АҚШ ўртасидаги фойдали қазилмалар бўйича келишувнинг аҳамиятини жуда ошириб юборган ва у Украинага Америка хавфсизлик кафолатларини тақдим этишига ишончи комил бўлган. Манбалардан бири буни «кулгили» деб атаган.

Politico изоҳ олиш учун Ермакка мурожаат қилди. У ўз матбуот хизмати орқали жавоб бериб, Украинани ҳимоя қилиш учун қўлидан келганини қилаётганини билдирган. «Агар бу мени „муаммоли“ деб ҳисоблашларини билдирса, майли, шундай деб бўлақолсин. Агар бу мамлакатимга ва президентимнинг миссиясига ёрдам берса, эшик тагида соатлаб кутишга тайёрман. Мен Америка сиёсати қандай ишлашини тўлиқ тушунишга даъво қилмайман. Мен ўзим билган мамлакат – Украина ҳақида гапириш учун келяпман», – деди у.

Украина раҳбарияти ва Трамп маъмурияти ўртасида бундай мулоқот қийинчиликлари мавжуд бўлса-да, Россия томони АҚШнинг янги ҳокимияти билан озми-кўпми алоқа ўрната олгани аниқ. Трамп Украинага муҳим ҳарбий ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда, Россияга эса қайта-қайта ён беришни таклиф қилмоқда – ва ҳатто унинг тинчлик ташаббуслари амалда рад этилганда ҳам, у фақат ғазабланган баёнотлари билан чекланмоқда, деб ёзади Politico. Шу билан бирга, Ермак Зеленскийнинг энг яқин ва катта эҳтимол билан алмаштириб бўлмайдиган сафдоши бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид