Жаҳон | 10:42 / 21.06.2025
1864
2 дақиқада ўқилади

Тунис собиқ президенти 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Тунис суди собиқ президент Монсеф Марзукини сиртдан 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Сиёсатчи Туниснинг амалдаги раҳбари Кайс Саиднинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади.

Фото: AP

Тунис суди собиқ президент Монсеф Марзукини сиртдан 22 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда 21 июн, шанба куни Reuters агентлиги хабар берди. Туниснинг амалдаги раҳбари Кайс Саиднинг ашаддий танқидчиси давлат хавфсизлигига путур етказишда айбланмоқда.

«Мен бу судяларга айтаман: ҳукмларингиз ҳақиқий эмас... Тез орада суд қилинасиз. Демократия қайтади», — деди Парижда сургунда бўлган 79 ёшли Марзуки ҳукмни шарҳлар экан.

Марзуки 2011 йилдан 2014 йилгача давлат раҳбари лавозимида ишлаган. Сиёсатчи Саидни парламентни ҳокимиятдан маҳрум қилганидан кейин авторитар тузум ўрнатишда айблайди. Давлат раҳбари, ўз навбатида, унинг ҳаракатлари мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун зарур бўлганини таъкидлайди.

Гап Марзукига чиқарилган учинчи ҳукм ҳақида кетмоқда.

Тунис бир неча йиллардан бери иқтисодий инқирозни бошдан кечирмоқда, аҳоли бир қатор маҳсулотларга, хусусан, қаҳва, сут ва шакар сотиб олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. 2021 йилнинг ёзида Саид ҳукуматни истеъфога чиқарди ва парламент ишини музлатиб қўйди. Бундан ташқари, у ўз ваколатларини кенгайтирган янги конституциянинг қабул қилинишига эришди.

Мавзуга оид