Жаҳон | 06:52
7830
3 дақиқада ўқилади

Навбатдаги ҳужумлар: ҳар икки томонда ўнлаб қурбонлар бор

Ҳарбий тўқнашувларнинг учинчи куни кечаси Эрон Исроилга ракета зарбалари йўллади. Расмий маълумотларга кўра, ҳужум натижасида камида 10 нафар инсон ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бу Эроннинг жума кунидан бери давом этаётган Исроил зарбаларга жавоб тариқасидаги энг йирик ҳужуми сифатида баҳоланмоқда.

Фото: EPA

Энг вайронкор зарбалар Исроилнинг Бат-Ям шаҳрида қайд этилди — ракета 10 қаватли турар жой биносига тегиб, бир бутун секция қулаган. 35 киши вайроналар остида қолгани хабар қилинди. 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги BBC Украина хизматига маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, Бат-Ямда ҳалок бўлганлар орасида 5 нафар Украина фуқароси бор — шулардан 3 нафари бола. 
Ҳозирда ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланмоқда. Украина дипломатлари Исроил расмийлари билан жасадларни репатриация қилиш жараёнини мувофиқлаштирмоқда.

Шунингдек, Исроил шимолидаги асосан араблар яшайдиган Тамра шаҳрида хусусий уйга тушган ракета туфайли бир оиланинг 4 аёл аъзоси ҳалок бўлган.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳужум жойига бориб, Эрон ушбу ҳалокат учун “жуда юқори баҳо тўлашини” билдирди. У ҳужумни тинч аҳоли, аёллар ва болаларга қарши қилинган “қасддан қотиллик” деб баҳолаган.

Эронда 128 киши ҳалок бўлди

BBCнинг хабарига кўра, Исроилга берилаётган жавоб зарбалари давомида Исроил Эрон ҳудудидаги бир қатор стратегик объектларга ҳужум қилган. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шанба куни тушга қадар 128 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 900 нафарга яқини жароҳат олган.

БМТдаги Эрон вакили икки кун олдин 78 киши ҳалок бўлгани ва 320 нафар жароҳатланганини маълум қилган. Эрон ҳукумати вакилларининг билдиришича, сўнгги уч кунда камида 30 нафар аёл ва бола ҳалок бўлган.

Эрон армияси маълумотларига кўра, ҳужумларда камида 18 нафар Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси  аъзоси ва 7 нафар ядровий физик ҳалок бўлган.

Эроннинг «Тасним» агентлиги маълум қилишича, якшанба куни Теҳронга йўлланган зарба натижасида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси разведка хизмати раҳбари генерал Муҳаммад Козимий, унинг ўринбосари ва яна бир генерал ҳалок бўлган.

Ушбу маълумотни аввалроқ Исроил Бош вазири Нетаньяху ҳам Fox News телеканалига берган интервьюсида тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, Исроил ҳарбийлари Теҳрондаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси разведка марказига зарба берган.

Мавзуга оид