Axios: Исроил АҚШни Эрон билан урушга қўшилишга чақирмоқда
Исроилда Эроннинг Фордодаги ерости уран бойитиш заводини йўқ қилиш учун зарур бўлган бункерга қарши бомбалари ва йирик бомбардимончи самолётлари йўқ.

Фото: Jack Guez/AFP via Getty Images
Исроил сўнгги 48 соат давомида АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятини Эронга қарши унинг ядровий дастурини йўқ қилиш учун ҳарбий ҳаракатларга қўшилишга чақирмоқда, деб хабар берди Axios 14 июн, шанба куни Исроилдаги икки юқори мартабали манбага таяниб.
Исроилда Эроннинг Фордодаги ерости уран бойитиш заводини йўқ қилиш учун зарур бўлган бункерга қарши бомбалари ёки йирик бомбардимончи самолётлари йўқ. Axios таъкидлашича, Қўшма Штатлар иккаласига ҳам эга ва ҳарбий самолёти парвози масофаси ҳам бунга имкон беради.
Нашрнинг таъкидлашича, ҳатто битта объектни бомбардимон қилиш орқали Қўшма Штатлар тўғридан тўғри урушга тортилади. Бошқа томондан, Фордо заводи ишлашда давом этса, Исроилнинг Эрон ядро дастурини бутунлай йўқ қилиш мақсадига эришиб бўлмайди.
13 июнга ўтар кечаси Исроил Эрондаги нишонларга, жумладан Теҳрондаги объектлар ва ядро марказларига кучли зарбалар бера бошлади. Эртаси куни ҳам зарбалар давом этди. Оқибатда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий, Эрон Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирий ва бошқа бир қатор юқори мартабали генераллар, шунингдек, ядрошунос олимлар ҳалок бўлди. Умуман олганда, Исроилнинг зарбалари натижасида ўнлаб одамлар ҳаётдан кўз юмди, дея хабар қилди Эрон.