Жаҳон | 17:38 / 13.06.2025
23468
3 дақиқада ўқилади

Исроил Эронга янги зарбаларни берди

Исроил армияси вакили Эронга қарши ҳарбий операция энди бошланганини маълум қилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Исроил Эрон ҳудудига янги зарбаларни берди. Исроил матбуотига кўра, Табриз шаҳри аэропорти яқинида кетма-кет портлаш содир бўлган. Ҳужумлар дронлар ёрдамида амалга оширилган: объектга олиб борувчи темир йўл ва мудофаа йўллари шикастланган. Ҳудудда ҳаво ҳужумидан мудофаа базалари мавжуд.

Исроил армияси Форс вилояти пойтахти Шероз шаҳрига авиазарбалар берилганини тасдиқлади, бу ерда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) штаб-квартираси, баллистик ракеталар заводи ва ўқ-дорилар омборлари жойлашган.

Шу билан бирга, Исроил армияси Эроннинг Натанздаги (Исфахон вилояти) уран бойитиш заводига яна бир бор ҳужум қилди, деб хабар берди AP. Буни Исроил ҳарбийлари ҳам тасдиқлади. Зарбалар ядровий иншоотнинг ер ости қисми – центрифугалар билан жиҳозланган кўп қаватли бойитиш зали, электр жиҳозлари ва ёрдамчи инфратузилмага зарар етказган. Бундан ташқари, бошқа муҳим инфратузилма объектлари ҳам ҳужумга учраган.

Исроил ҳужумларининг янги тўлқини Эрон ҳаво ҳудуди ёпилган вақтда содир бўлмоқда.

Аввалроқ Эрон расмийлари Натанздаги ядро иншооти шикастланганини тасдиқлаган, бироқ етказилган зарар миқдорига аниқлик киритмаган эди. Иншоот 40 метрдан ортиқ ер остида жойлашган бўлиб, қалинлиги 8 метр бўлган темир ва бетон қобиқ билан ҳимояланган. Унда тадқиқот реактори жойлашган.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) раҳбари Рафаэл Гросси Эрон атом энергияси ташкилоти вакилларига таяниб, станцияга биринчи зарбадан кейин ҳудудда радиация даражаси ўзгармагани ҳақида хабар берди.

Эронга нисбатан ҳарбий операция энди бошланди, деди Исроил армияси матбуот котиби Эфи Дефрин.

«Айни пайтда Исроил армияси мақсадга эришиш учун операцияларни давом эттирмоқда, параллел равишда Исроилнинг муҳим мудофаасини таъминламоқда», деди у.

Зарбалар қачонгача давом этиши ҳақидаги саволга жавобан у «операция энди бошланмоқда» деди ва армия Эроннинг жавоб зарбаларига тайёргарлик кўраётганини таъкидлади.

Мавзуга оид