Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
4377
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди

Mobiuz мобил алоқа операторини сотиб олишга қизиқувчилардан аризалар қабули бошланди. Санкцияга тушган ва санкцион рўйхатдаги субъектлар билан алоқаларга эга инвесторлар хусусийлаштиришда қатнаша олмайди.

Фото: Mobiuz

Давлат активларини бошқариш агентлиги “Universal Mobile Systems” МЧЖ (савдо белгиси – Mobiuz) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш бўйича халқаро очиқ савдо жараёни бошланганини эълон қилди.

Rothschild & Co халқаро инвестиция банки битим бўйича етакчи стратегик ва молиявий консултант сифатида жалб этилган. Молиявий, солиқ ва юридик экспертиза (“vendor due diligence”) ўтказиш KPMG'га топширилган. Deloitte мустақил баҳоловчи сифатида иштирок этади.

2024 йил якунига кўра, Mobiuz'нинг соф тушуми 2 086 млрд сўмни, абонентлари сони 7,8 млн нафарни ташкил этган.

Қайд этилишича, хусусийлаштириш очиқ рақобат асосида амалга оширилади, унда ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада барча қизиқувчилар қатнашиши мумкин.

Савдо уч босқичда амалга оширилади:

  • сотиб олишга қизиқиш билдириш;
  • мажбуриятга эга бўлмаган таклифларни қабул қилиш;
  • мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилиш

Қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризалар 2025 йил 1 август Тошкет вақти билан соат 18:00 га қадар қабул қилинади.

Келиб тушган аризалар қуйидаги мезонлар асосида сараланади:

  • активни сотиб олиш учун молиявий ресурсларнинг етарлилиги;
  • хусусийлаштириш жараёнида иштирок этилишини тақиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги;
  • “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига риоя этилиши;
  • талабгор ва унинг акциядорлари/иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси эмаслиги;
  • талабгор ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши;
  • ариза топширилган санада талабгор санкцияланган шахс ёки юқорида айтиб ўтилган санкция органлари томонидан ҳар қандай иш ёки тергов объекти бўлмаслиги;
  • талабгор ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири санкциялар режимига зид ҳар қандай фаолиятга (тўғридан тўғри ёки бирон бир шуъба корхонаси орқали) жалб этилмаган бўлиши;
  • талабгор ва унинг тегишли шахсларидан бирортасининг асосий молиялаштирувчи томонлари ёки кредиторлари санкциядаги шахслар ёки санкциядаги шахсларга тегишли бўлган ёки улар томонидан эгалик ва назорат қилинадиган банклар ёки молия институтлари бўлмаслиги.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида имзоланган президент фармонига асосан, сотиладиган йирик компаниялар рўйхатига Mobiuz'дан ташқари UzAuto Motors, GTL, “Ўзметкомбинат” ва бошқалар ҳам киритилган.

Мавзуга оид