Фан-техника | 14:24
1801
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон флорасида фан учун янги ўсимлик тури кашф этилди

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ботаник олимларнинг ҳамкорликдаги изланишлари натижасида, бошоқдошлар (Poaceae) оиласига мансуб сулибош (Elymus) туркумидан фан учун мутлақо янги бўлган ўсимлик тури кашф этилди.

Фото: Фанлар академияси

Мазкур кашфиёт замонавий илм-фан ютуқлари, яъни хлоропласт ва ядровий ДНК кетма-кетлиги таҳлиллари ҳамда анъанавий морфологик тадқиқот методлари асосида амалга оширилди. Elymus туркумининг тавсифи, идентификация калити (дихотомик аниқлагич), юқори сифатли тасвирлари, географик тарқалиши ва экологик хусусиятлари кенг ёритилган ҳолда халқаро илмий ҳамжамият эътиборига тақдим этилди.

Янги тур ўз номи билан – Elymus uzbekistanicus деб номланган бўлиб, нафақат Ўзбекистон флорасига, балки бутун Ўрта Осиё ботаника фанига катта ҳисса бўлиб қўшилади. Бу сўнгги 57 йил ичида Poaceae оиласидан Ўзбекистонда аниқланган илк янги тур бўлиб, биологик хилма-хилликнинг ҳали тўлиқ ўрганилмаган бойлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Ушбу муҳим илмий натижа Ўзбекистон Миллий гербарийси фондига асосланиб аниқлангани билан алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ноёб гербарий фонди нафақат илмий-тадқиқотлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур илмий мақола дунёнинг нуфузли ботаник журналларидан бири бўлган PhytoKeys саҳифаларида чоп этилди.

Мавзуга оид