Жаҳон | 11:09
5822
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазога кетаётган ва бортида Грета Тунберг бўлган кемани қўлга олди

"Мадлин" кемаси йўловчилари депортация қилиниши кутилмоқда, Исроилнинг ўзи эса унда Ғазо секторига гуманитар ёрдамни етказади.

Фото: Freedom Flotilla Coalition

Исроил ҳарбий-денгиз кучлари бортида гуманитар ёрдам ва фаоллар, жумладан, швециялик фаол Грета Тунберг билан Ғазо секторига кетаётган "Мадлин" (Madleen) кемасини қўлга олди. Ҳарбийлар кузатуви остида кема Исроил қирғоқларига йўналтирилди, унинг йўловчиларига зарар етмади, деб хабар берди Исроил ТИВ 9 июн, душанбага ўтар кечаси X ижтимоий тармоғида.

Идора баёнотига кўра, "Мадлин" йўловчилари ўз ватанига қайтади, бортда бўлган гуманитар ёрдам эса «ҳақиқий гуманитар каналлар» орқали Ғазо секторига юборилади. Шу билан бирга, Исроил вакиллари денгиз блокадасини бузишга уринган кеманинг ўзи билан нима содир бўлишини аниқлаштирмади.

Аввалроқ Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац "Мадлин" кемасини Фаластин ҳудуди қирғоқларига яқинлаштирмасликни буюрган эди. «Антисемит Грета ва унинг ҳамроҳларига, ҲАМАС тарғиботи вакилларига аниқ айтмоқчиман: орқага қайтинг, Ғазога етиб боролмайсиз», — дейилади вазир офиси томонидан эълон қилинган баёнотда.

"Мадлин" кемасининг Ғазо секторига жўнатилишини ташкил қилган "Озодлик флотилияси" коалицияси ўзининг Telegram-каналида кема «халқаро сувларда ҳужумга учраганини» ёзди. «Квадрокоптерлар кемани ўраб олди ва унга оқ рангли қўзғатувчи моддани сепди», — дея хабар берди фаоллар. «Алоқа ўчириб қўйилди, радиода хавотирли товушлар янгради». Шундан сўнг кема қўлга олинди. Бироқ Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан кема бортида суратга олинган видеоларда махсус воситалардан фойдаланиш оқибатлари кўрсатилмаган.

Мавзуга оид