2025 йилги Ҳаж мавсуми: 1,6 миллион зиёратчи ва оқимнинг камайиши сабаблари
Саудия Арабистонининг Умумий статистика бошқармаси 2025 йилги Ҳаж зиёратига 1,5 миллион хорижий ва 166 минг маҳаллий меҳмонлар ташриф буюрганини маълум қилди. ОАВ маълумотларига кўра, бу пандемия даврини ҳисобга олмаганда, сўнгги йиллардаги энг кам кўрсаткич.

Фото: HaramainInfo
Саудия Арабистонининг Умумий статистика бошқармаси (GASTAT) 2025 йилги Ҳаж зиёрати бўйича расмий статистикани эълон қилди. Унга кўра, зиёратни жами 1 миллион 673 минг 230 нафар зиёратчи адо этган.
Шундан:
- 171 давлатдан 1 миллион 506 минг 576 нафар зиёратчи қироллик ҳудудидан ташқаридан турли кириш нуқталари орқали келган;
- 166 минг 654 нафари эса қироллик фуқаролари ва резидентлари бўлган (яъни Саудия фуқаролари ҳамда мамлакатда яшовчи чет элликлар).
GASTAT статистик ахборотида қайд этилишича, эркак зиёратчилар сони – 877 минг 841 нафар, аёл зиёратчилар сони эса – 795 минг 389 нафарни ташкил қилган. Саудияга зиёратчилар энг кўп ҳаво ҳудуди орқали, самолётларда кириб келган. Хусусан:
- Ҳаво йўли орқали келган зиёратчилар сони – 1 миллион 435 минг;
- Қуруқлик чегара ўтказиш пунктлари орқали – 66 минг 465;
- Денгиз портлари орқали – 5,1 минг нафар.
Аввалроқ Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги бош директори, генерал-лейтенант Муҳаммад ал-Бассамий Маккага кириш учун ҳақиқий рухсатнома — Ҳаж визасига эга бўлмаган 269 мингдан ортиқ киши орқага қайтарилганини ва қарийб 76 минг қоидабузар ҳибсга олинганини билдирган эди. Уларга депортация, жарима ва 10 йил давомида мамлакатга киришининг тақиқланиши каби жазо чоралари кўрилиши мумкин. Шунингдек, Ал-Бассамий сўзларига кўра, 252 та сохта Ҳаж ширкати, 1239 та қоидабузар ташувчи аниқланган, қарийб 110 мингга яқин транспорт воситаси талабга жавоб бермаслиги туфайли Маккага киритилмаган.
GASTAТʼнинг маълумот беришича, 1446Ҳ / 2025 йилги Ҳаж статистикасини тайёрлашда асосий манба сифатида қироллик Ички ишлар вазирлигининг маъмурий ёзувларига таянилган.
Зиёратчиларга 250 мингдан зиёд ходимлар — соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва логистикани таъминлашда хизмат кўрсатди. Саудия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, иссиқ туфайли ҳушсизланиш ҳолатлари ўтган йилга нисбатан 90% га камайган. Бунга сояли майдонлар ва тиббий пунктлар сонининг кўпайтирилгани сабаб бўлган.

Макка вилояти вице амири шаҳзода Сауд бин Мишъал Арофот куни ҳеч қандай салбий ҳодисалар кузатилмаганини эълон қилди:
«Аллоҳ бизга Унинг муқаддас масканларига хизмат қилиш шарафини ато этди. Хавфсизлик ва тартибни сақлашда хизматга бўлган самимий ёндашув муҳим аҳамиятга эга».
Ҳаж зиёрати 2025 йилда 4 июндан 9 июнгача, яъни Зулҳижжа ойининг 8-кунидан 13-кунигача давом этади .
The Islamic Information порталининг маълум қилишича, жорий йилдаги ҳаж зиёратчилари сони — пандемия даврини ҳисобга олмаганда, сўнгги 30 йилдаги энг кам қатнашувчидир.
Таққослаш учун: 2012 йилги Ҳажда рекорд даражада — 3,16 миллион киши қатнашган, бу 2025 йилдаги сезиларли пасайишни яққол кўрсатмоқда.

Бу борада расмий изоҳлар берилмаган бўлса-да, бир нечта асосий сабаблар кўрсатиб ўтилмоқда.
1. Иқтисодий қийинчиликлар — бутунжаҳон бўйлаб кузатилаётган инфляция, саёҳат, турар жой ва қурбонлик ҳайвонлари нархининг ошиши айниқса Жанубий Осиё ва Африка давлатларидан келувчи, даромади паст бўлган мусулмонлар учун оғирлик қилди.
2. Соғлиқни сақлаш ва кириш тартиблари — пандемия даврида жорий этилган қаттиқроқ кириш, эмлаш, виза ва тиббий кўрик талаблари 2025 йилда ҳам сақланиб қолди. Бу эса зиёратчилар учун бюрократик тўсиқларни оширди.
3. Экстремал иссиқлик — Макка ва атрофидаги зиёрат жойларида ҳарорат кўп кунлар давомида +40 даражада ошди. Бундай шароитда кўплаб ёши катта зиёратчилар зиёратни кейинга қолдиришга қарор қилган бўлиши мумкин.
Саудия Арабистони расмийлари бу омилларни таҳлил қилиб, келажакдаги Ҳаж зиёратини арзонроқ ва қулайроқ қилиш учун чора-тадбирлар кўриши кутилмоқда. Шу билан бирга, хавфсизлик ва соғлиқ талабларига риоя сақлаб қолинади.
Мавзуга оид

13:27 / 06.06.2025
2 млндан ортиқ Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадда чет элга сафар қилди

17:32 / 04.06.2025
Саудия Арабистонида Ҳаж қоидасини бузган 76 минг киши ҳибсга олинди

12:10 / 30.05.2025
Ўзбекистон ҳудудлари бўйича аҳолининг ўртача ёши очиқланди

19:53 / 28.05.2025