Саҳрои Кабирдан кўтарилган улкан чанг булути АҚШга яқинлашмоқда
Ҳаводаги чанг ва қум зарралари туфайли энг қийин вазият 5 июнь куни юзага келиши кутилмоқда.

Фото: AP
Атлантика океани орқали 3,2 минг км ўлчамдаги чанг булути АҚШ ҳудудига - Флорида, Луизиана, Алабама ва Миссисипи штатлари томон ҳаракатланмоқда. Атлантика океанини деярли кесиб ўтган булут Саҳрои Кабир устида ҳосил бўлган ва чанг қатлами қалинлиги 4 км га етади, деб хабар берди Bloomberg.
Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси мутахассисларининг прогнозларига кўра, булут 4 июнь куни АҚШ шарқий қирғоқларига етиб боради. Ҳаводаги чанг ва қум зарралари туфайли энг қийин вазият 5 июнь куни юзага келиши кутилмоқда.
Саҳрои Кабирда кўпинча чанг ва қумдан иборат улкан булутлар пайдо бўлади, аммо улар ҳали Америка қитъасига етиб бормаган. Иссиқ чанг массалари дастлаб тропик циклонлар туфайли кўтарилади, сўнгра Атлантика океани устидаги нам ва зичроқ ҳаво уларни янада баландроқ кўтаради ва ғарбга ҳаракатланишига ёрдам беради. Баъзан шамол чанг массаларининг бир қисмини Европага олиб боради. Бундай булутлар 100 миллион тоннагача чангни олиб юриши мумкин.
Чанг булутларининг пайдо бўлиши ҳаво сифатини кескин ёмонлаштиради, бу ўпка касалликлари, шу жумладан астма билан оғриган одамлар учун хавфлидир. Бундай шароитда ҳатто соғлом одамларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин, шунинг учун мутахассислар иложи бўлса уйда қолишни ва кўчага ниқоб ёки респираторсиз чиқмасликни тавсия қилади. Бироқ, баъзи экспертлар бу об-ҳаво ҳодисасининг ижобий томонлари борлигини айтишади. Бундай булутлар минералларни, шу жумладан фосфор ва темирни олиб юради ва шу билан тупроқни ўғитлантиради. Бундан ташқари, булутлар АҚШ жануби-шарқий қирғоқларига тез-тез ёпириладиган бўронларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.
Мавзуга оид

00:45
Трамп Хитой билан савдо урушини ҳал этиш бўйича музокаралар ўтказилишини маълум қилди

22:08 / 06.06.2025
Трамп Маскни қўллаб-қувватлаш учун сотиб олган Tesla автомобилидан қутулмоқчи

19:40 / 06.06.2025
Трамп Германияга Россия гази ўрнига американикини таклиф қилди

18:58 / 06.06.2025