Жаҳон | 15:44 / 25.05.2025
2236
2 дақиқада ўқилади

Эронлик режиссёр филми Канн кинофестивали бош мукофотини қўлга киритди

78-Канн фестивали якунланди. Жафар Панаҳи томонидан суратга олинган «Оддий тасодиф» картинаси «Олтин пальма япроғи»ни қўлга киритди.

Фото: Reuters

78-Канн фестивалининг «Олтин пальма япроғи» эронлик режиссёр Жафар Панаҳи томонидан суратга олинган «Оддий тасодиф» филмига насиб этди. Бу ҳақда кинофестивалнинг ёпилиш маросимида эълон қилинди.

Канн кинофестивали доирасидаги иккинчи энг нуфузли мукофот (Гран-при) даниялик режиссёр Йоаким Триернинг «Ҳассос қадрият» номли филмига топширилди.

Энг яхши режиссура учун мукофотга эса бразилиялик режиссёр Клебер Мендонса Фило «Махфий агент» филми билан сазовор бўлди. Энг яхши сценарий мукофоти Франция—Белгия филми — «Ёш оналар» учун Жан-Пер ва Люк Дарденнларга берилди.

«Махфий агент» фильмидаги бош роли учун бразилиялик актёр Вагнер Моура энг яхши актёр деб топилди. Энг яхши аёл роли мукофоти эса «Сингил» филмида рол ижро этган актриса Надя Меллитига насиб этди. Филм режиссёри — Афсиа Ерзи.

Ҳайъат мукофоти француз режиссёри Оливер Лаше суратга олган «Сират» ҳамда немис режиссёри Маша Шилинскийнинг «Қулаш овози» фильмларига берилди.

Жорий йилда Канн фестивалида жами 22 та картина иштирок этди.

Жафар Панаҳининг «Оддий тасодиф» картинаси — қурбонлар ва жаллодлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳикоя қилади. Эронлик кинематограф бир неча йилдан бери ўз ватанида таъқибда.

Аввалроқ Франция жанубида юз берган блэкаут Канн фестивали ишига таъсир кўрсатгани тўғрисида хабар берилганди. Электр энергияси таъминотининг узилиши фестивалнинг ёпилиш маросимини ўтказишга халақит бермади — тадбир ташкил этилган Фестиваллар саройи «мустақил энергия таъминоти»дан фойдаланган.

Мавзуга оид