«Автоойна» МЧЖ ва «Ёшлик» спорт мажмуаси сотилди. Харидорлар ким?
Автомобиллар учун ойна ишлаб чиқарувчи «Автоойна» корхонасидаги 100 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилди. Битим қиймати – 200,5 млрд сўм. Шунингдек, 2024 йилгача «Миллий банк» тасарруфида бўлган «Ёшлик» спорт мажмуасидаги давлат улуши бошқа бир хусусий банк «Капиталбанк» ихтиёрига ўтди. Битим қиймати – 298 млрд сўм. Ҳар иккала харидорга активларнинг амалдаги фаолият йўналишини камида 10 йил давомида сақлаш мажбурияти юклатилди.

Фото: avtooyna.uz
Давлат активларини бошқариш агентлиги автомобиллар учун ойна ишлаб чиқарувчи «Автоойна» МЧЖдаги 100 фоиз давлат улуши сотилганини эълон қилди.
Давактивга кўра, «Автоойна» МЧЖдаги давлат улушини сотиб олишга 8 та компания қизиқиш билдирган, лекин улардан фақат 4 таси мажбуриятга эга таклифлар йўллаган. Хусусийлаштириш жараёнига консультант сифатида «Portfolio Investments» жалб этилган.
Якунда 200,5 млрд сўм миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган «Uet Invest» МЧЖ савдо ғолиби деб топилган.
«Активнинг асосий фаолият турини 10 йилдан кам бўлмаган муддат давомида сақлаб қолиш, маҳсулотларнинг лицензиати бўлган “General Motors” компанияси (АҚШ) томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига ва General Motors технологиялари билан боғлиқ технологик жиҳозлардан фойдаланиш юзасидаги «Бош Альянс» келишувида ўрнатилган талаблар ҳамда бошқа тегишли келишув ва чекловларга қатъий риоя қилиш каби шартлар харидор томонидан қабул қилинган», дейилади Давактив хабарида.
Шу билан бирга, «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасида белгиланган имкониятдан фойдаланган ҳолда харидор томонидан сотиб олиш тўловининг дастлабки 35 фоизи 1 ой давомида амалга оширилиши керак.
«Uet Invest» МЧЖ ҳақида
Харидор – «Uet Invest» МЧЖ 2024 йилнинг январ ойида Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Фаолият тури – фондлар ва трастларни бошқариш. Устав фонди – 52 млн сўм. Компаниянинг қарийб 77 фоиз улуши Хурдиёр Ортиқбоевга, қолган 23 фоизи «UET Construction»га тегишли. Бошқарувчи –Ҳаёт Файзиев.
Ўз навбатида, 2023 йил апрел ойида ташкил этилган UET Construction таъсисчилари орасида Хафизжон Анварович Ғофуров (63 фоиз) ва Акмалхон Ҳайдархоновлар (37 фоиз) бор.
Давактив маълумотларига кўра, «Uet Invest» электр энергияси, қайта тикланадиган энергия, саноат объектлари, йўллар, насос станциялари, аэропортлар, кўприклар, кўчмас мулк ва фуқаролик инфратузилмаси каби соҳаларда лойиҳалаш, харид қилиш ва қурилиш хизматларини кўрсатувчи «UET Construction» компанияси асосчиси иштирокида яратилган. 2024 йил якунларига кўра компаниянинг соф фойдаси қарийб 300 миллиард сўмни ташкил этган.
Аввалроқ, «UET Construction» томонидан Чирчиқ металл тузилмалар заводи ҳам 39,9 млрд сўмга сотиб олинганди.
«Ёшлик» спорт мажмуасининг хусусийлаштирилиши

Тошкентдаги «Ёшлик» спорт мажмуасидаги давлат улуши ҳам сотилди. Мажмуани бошқарувчи «Invest Group Centre» МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини «Капиталбанк» 297,9 млрд сўмга харид қилди.
Битимга кўра, «Капиталбанк» тўловни бир ой ичида тўлиқ амалга ошириши шарт. Шунингдек, спорт мажмуасининг амалдаги фаолият йўналиши камида 10 йил давомида сақланиши белгиланган.
Бундан ташқари, харидорга спорт мажмуаси ҳудудида янги бинолар қуриш тақиқланди. Фақат реконструкция ва таъмирлаш ишлари шаҳарсозлик кенгаши рухсати билан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун, «Ёшлик» спорт мажмуаси 2024 йилга қадар «Миллий банк» тасарруфида бўлган.
Мавзуга оид

16:52 / 07.05.2025
Ношаффоф хусусийлаштиришлар. Бу яна давом этадими?

17:21 / 30.04.2025
Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги биноси сотувга қўйилди

20:36 / 28.04.2025
Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларидан самарали фойдаланиш ташкил этилади

23:15 / 26.04.2025