Жаҳон | 18:56 / 22.05.2025
4540
6 дақиқада ўқилади

Украина икки кун ичида Россия бўйлаб 500 га яқин дрон учирди

Москва шаҳридаги аэропортлар вақти-вақти билан чекловлар жорий этмоқда. РФнинг марказий регионлари мобил интернетсиз қолган. Курск областидаги районлардан бирининг раҳбари автомобили ҳужумга учраган, у яраланган ҳолда шифохонага ётқизилган.

Фото: Александр Полегенко / ТАСС

Украина қуролли кучлари қаторасига иккинчи кун Россия регионларига дронлар билан ёпирилма ҳужум уюштирди. 22 майга ўтар кечаси украин ҳарбийлари 100 дан ортиқ дрон учирган. Улар пойтахт Москвага ҳам етиб келган. Шаҳар мэри Сергей Собянин 21 май куни соат 22:29 дан 22 май куни соат 05:30 га қадар бўлган вақт оралиғида Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари украинларнинг Москва йўналишида учган 35 та дронини уриб туширгани ҳақида маълум қилган. Тонгда ва кун давомида ҳужумлар давом эттирилди.

Росавиация тунда Москва осмонини тўлиғича ёпди – шаҳардаги тўртта асосий аэропортнинг барчасида – Шереметево, Внуково, Домодедово ва Жуковскийда самолётларни қабул қилиш ва парвозга чиқаришда чекловлар жорий этилди. 22 май куни тонгда идора аэропортлар ичкарисида ҳам чекловлар киритди.

Транспорт прокуратураси маълумотига кўра, аэропортлар фаолиятидаги чекловлар туфайли 22 май куни соат 11:00 га келиб, Шереметево аэропортида 72 та, Домодедовода – 71 та, Внуковода – 19 та рейс кечиктирилган. Росавиация маълумотига кўра, Москва области ҳудудида 21-22 май кунлари жами 82 та самолёт захира аэродромларига йўналтирилган. «Уларнинг деярли барчаси дастлабки манзилдаги аэропортларга қўнган», — дея қайд этилади идора хабарида.

Росавиация айрим нашрларнинг аэропортларда коллапс юзага келгани ҳақидаги маълумотларини рад этган. «Жадвалдаги тузатишларга қарамай, аэровокзаллардаги вазият тинч, айрим ноинсоф медиада айтилганидек, йўловчиларнинг оммавий тўпланиши ҳолатлари кузатилмаяпти», – дейилади баёнотда.

22 майга ўтар кечаси Тула области ҳам украин дронлари ҳужумига йўлиққан. Регион губернатори Дмитрий Миляевнинг сўзларига кўра, учувчисиз учар қурилмалардан бири кўп квартирали уй томига келиб урилган, турар жой ва нотурар жой бинолар шикастланган. Яна бир дрон парчалари «Оружейник» жисмоний-соғломлаштириш комплекси ҳудудига тушган. Тулада яшовчи икки киши енгил тан жароҳати олган. Baza телеграм-каналида ёзилишича, Новомосковск ҳам ҳужумга учраган, маҳаллий аҳоли вакиллари 20 га яқин портлаш овозларини эшитишган.

Курск областида украинлар дрони Беловский райони раҳбари Николай Волобуевнинг автомобилига ҳужум қилган, деб хабар беради регион раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Александр Хинштейн. Волобуев автомобилни тарк этишга улгурган, лекин бел соҳаси ва қўлидан жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган. Бундан ташқари, Курск областида Некрасов қишлоқ кенгаши (муниципалитет) таркибидаги Семёново қишлоғи яқинидаги автомобил кўпригига ҳам Украина қуролли кучлари дрони ҳужум қилган.

РФ мудофаа вазирлиги тун давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 105 та дронни тўхтатгани ва йўқ қилгани ҳақида хабар берган, шундан энг кўп ҳолатлар Москва региони (35), Орлов (14), Курск (12), Белгород (11) ва Тула областларида (10) кузатилган.

Украина қуролли кучлари дронлари ҳужумлари 21 майга ўтар кечаси кучайган ва кейинги кунда ҳам давом этган. РФ мудофаа вазирлигига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 20 май куни кечқурундан 22 май кунигача РФ регионлари ва Қора денгиз устида жами 485 та дронни уриб туширган.

Учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари фонида Россиянинг турли регионларида мобил интернет фаолиятида узилишлар юзага келган. Дронлар ҳужуми туфайли интернет ўчгани ҳақида 21 ва 22 май кунлари Иванов, Орлов, Тула, Владимир ва Липецк областлари расмийлари хабар беришган. Шунингдек, Москва области, Мордовия ҳамда Россиянинг бошқа регионлари аҳолиси вакиллари ҳам интернет ишламай қолганидан шикоят қилган.

Украина

Россия қуролли кучлари 22 майга ўтар кечаси Украина ҳудудларига ракеталар, дронлар ва артиллериядан фойдаланган ҳолда ҳужум қилди.

Харкивда соат 01:30 атрофида портлаш содир бўлди. Холоднигор районида россияликларнинг ракета ҳужуми оқибатида саккизта хусусий уй зарар кўрди, икки кишида стрессга ўткир реакция пайдо бўлди, деди Харкив шаҳри раҳбари Игор Терехов.

Днипропетровск областининг Павлоград шаҳрида учувчисиз учиш аппаратларининг ёпирилма ҳужуми натижасида саноат корхонасига зарар етди, бир нечта ёнғинлар содир бўлди, улар ўчирилди, деди ҳудуд раҳбари Сергей Лисак.

Киев ҳам Россия дронлари зарбасига учради, эрталаб шаҳарда ҳаво ҳужуми тревогаси эълон қилинди, бу бир соатга яқин давом этди. Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг маълум қилишича, Киевнинг Дарницкий районидаги мактаб ҳудудига дрон парчалари қулаган, жабрланганлар йўқ.

Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари хабар беришича, тун давомида Россия ҳарбийлари «Искандер-М» комплексидан учирилган баллистик ракета, шунингдек, 128 та дронни қўллаган ҳолда Украина ҳудудларига ҳужум уюштирган. Украина ҳарбийлари 112 та дронни зарарсизлантирган: улардан 74 таси уриб туширилган, 38 таси радиоэлектрон кураш воситалари орқали ишдан чиқарилган. Ҳужумлар оқибатида Днипропетровск, Донецк, Харкив ва Миколайив областлари жабрланган.

Украина расмийларига кўра, Россия артиллерияси ва дрон ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор. Херсонда тинч аҳоли вакили 22 май куни эрталаб содир бўлган артиллерия ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди, деб хабар берди област прокуратураси. Херсон ўққа тутилиши оқибатида тўрт киши яраланган. Донецк областида артиллерия ва дрон ҳужумлари оқибатида маҳаллий фуқаролардан икки нафари ҳалок бўлиб, яна икки нафари яраланган.

Мавзуга оид