Ўзбекистон | 09:31 / 21.05.2025
6302
2 дақиқада ўқилади

Блогер Қобил Дўсов устидан яна бир суд иши бўлиб ўтмоқда

Бўстонлиқ тумани собиқ депутати Қобил Дўсов бу сафар ҳам туҳмат, ҳақорат қилиш ва ёлғон хабар беришда айбланяпти. Жабрланувчиларнинг аксарияти таълим тизими масъуллари. Судда прокурор собиқ депутатга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўрагани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Блогер Қобил Дўсов устидан яна бир суд иши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда суд мажлислари онлайн жадвалида келтирилган.

Унга кўра, суд иши ЖИБ Шайхонтоҳур туман судида судя Толибжон Обидов раислигида кўриб чиқилмоқда. Собиқ депутат Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 237-моддаси (Ёлғон хабар бериш) 2-қисми “г” банди билан айбланмоқда. 

Суд ишида 5 киши жабрланувчи бўлиб ўтган. Уларнинг аксарияти таълим тизими вакиллари. Жумладан, жабрланувчилар орасида Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова ҳам бор.

Кеча, 20 май куни ушбу жиноят иши бўйича суд мажлиси ўтказилган. Ижтимоий тармоқларда судда прокурор Қобил Дўсовга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси сўрагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Қобил Дўсов аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевни ҳақорат қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинганди. Орадан кўп ўтмай у озодликни чеклаш шартларини бузгани учун колонияга ўтказилди. 2025 йил феврал ойи охирига келиб собиқ депутат Жиззах вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизими масъулларини ҳақорат ва уларга туҳмат қилишга оид жиноят ишида ҳам айбли деб топилди. Бу “дело” бўйича унга суд ҳукми билан 1 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганди.

Мавзуга оид