Ўзбекистон | 20:24 / 19.05.2025
16680
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда руҳий касал эркак ички ишлар ходимини пичоқлади

Юнусобод деҳқон бозорида хизмат олиб бораётган ички ишлар ходими шубҳали кўринган фуқарони текшираётган вақтда, фуқаро унга ҳужум қилиб, ёнидаги пичоқ билан бўйнини жароҳатлаган. Касалхонада ходимнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Гумонланувчи қўлга олинган – маълум бўлишича, у 20 йилдан бери руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туради.

Фото: Ички ишлар вазирлиги

Интернетда тарқалган видеода, ППХ ходими савдо расталари орасидан бўйнини ушлаганча югуриб келгани, кейин тўхтаб, ерга ётгани, атрофдагилар унга ёрдамга шошилгани кўринади.

Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, воқеа 19 май куни соат 18:30 ларда, Юнусобод тумани ИИО ФМБ пост-патрул хизмати инспектори сафдор И.Ибрагимов билан рўй берган.

Ер ости тушиш йўли олдида ўтиб кетаётган фуқаро ўзининг хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотгани сабабли, ходим уни тўхтатиб текшираётган вақтида, фуқаро ёнида бўлган пичоқ билан тўсатдан ходимга ҳужум қилиб, бўйин қисмига жароҳат етказган.

Ходим тезкорлик билан касалхонага ётқизилиб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга эришилган. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида гумондор шахс ушланган. Аниқланишича, у – 1963 йилда Жиззах вилоятида туғилган, Жиззах вилояти Пахтакор тумани яшовчи Ҳасанов Акром Турсунович бўлиб, 2005 йилдан бери руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туради.

Юнусобод тумани прокуратураси жиноят иши қўзғатиб, тергов бошлаган.

Мавзуга оид