Ўзбекистон | 20:56 / 11.05.2025
11824
4 дақиқада ўқилади

“Бунинг охири борми?” – кофрунликлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан хавотирда

Kun.uz мухбири М-25 конида юз берган охирги портлашдан кейин яна ҳудудга бориб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Портлашдан ҳосил бўлган заҳарли тутун нафақат Бойсун, балки Шеробод туманига ҳам тарқалган. Маҳаллий аҳоли вакилларида ошқозон ва бош оғриғи, ҳушсизланиш кузатилган. Хусусан, мактаб ўқувчилари ҳушини йўқотган ва туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилиб, кислородга уланган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

5 май куни Бойсун туманидаги М-25 конидаги 202-қудуқда такроран портлаш рўй берди ва улкан газ фаввораси юзага келди. Энергетика вазирлигига кўра, таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг катта босими ёқиб қўйилган. Kun.uz мухбири кофрунликлар ҳолини билиш учун 7 май куни ҳудудда бўлиб, маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

Айримлар «гапириш тақиқлангани»ни айтиб, саволга жавоб беришдан бош тортган. Лекин аёллардан бири 5-6 май кунлари газ ҳиди яққол келиб тургани, аксарият болалар уйдан чиқарилмаганини айтиб берди.

Турмуш ўртоғи конда ишлайдиган аёл эса қудуқ портлаган куни газ ҳиди жуда кучли чиққани, лекин нима бўлаётгани ва бундан кейин нима бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтади.

Хўжайиним оддий ишчи бўлиб ишлайди, бизга ҳеч ким ҳисобот бермайди дейди. Билмасам, бунинг охири борми-йўқми. Аҳволимиз не кечади, билмайман. Кеча газнинг ҳиди жуда ўткир чиқди, уйда ҳам, ташқарида ҳам туриб бўлмади, болалар газлаб (заҳарланиб – таҳр.) қолди.

Бу одамни ҳолсизлантиради, қора таблетка бор, шуни ичиб турамиз, газни парчалайди дейишади. Бизам газладик, ўтиб кетади деб ўтирамиз, шифохонага бормадик.

Ҳолимиздан ҳеч ким хабар олмади, икки хона том (уй – таҳр.) солиб берса ҳам чиқиб кетардик. Пулимиз куйса ҳам майли деб рози бўлдик, лекин газ тўғрисида бизга ҳеч ким гапирмайди, ёрдам ҳам бермайди», – дейди аёл.

Мактабдан қайтаётган кофрунлик ўқувчилардан бирининг айтишича, газ портлагандан кейин айрим болалар ҳушини йўқотиб, шифохонага олиб борилган.

«Мен билан бирга яна 4 ўқувчи касалхонага бордик, бизга кислород қўйишди. Мен шу куни яхши бўлдим, лекин қолганлар 2-3 кун шифохонада қолишди. Газ ҳиди ҳозир ҳам келиб турибди», – дейди у.

Одамлар орасида газ ҳали-бери жиловланмаслиги, кўчиб кетиш кераклиги ҳақида гап-сўзлар юрибди. Кондан бирмунча узоқликда, Бибиширин маҳалласида жойлашган 55-мактабда бўлганимизда, бундай гап-сўзлар ўқувчилардан ҳам эшитдик. Мактабнинг баъзи ўқитувчилари портлашнинг таъсирини сўзлаб берди.

«Аввалига бошни оғритиб таъсир қилди. Ҳозирча йўқ. Сизларга ёлғондир, портлашдан кейин ҳамманинг ошқозони оғриди. Деярли 30-40 фоиз ўқувчининг мазаси қочди», – дейди улардан бири.

Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори эса кондаги портлашдан кейин бирорта мурожаат келиб тушмаганини айтди. Шу билан бирга, шифокор аҳолига етарлича тиббий маслаҳатлар берилмаётганини таъкидлади.

Бойсун тумани ҳокимлигининг Kun.uz’га берган изоҳига кўра, кондан чиқаётган газнинг зарарини камайтириш учун туман ФВБ томонидан конга махсус автомашиналарда сув ташиляпти. Зарур бўлганда аҳолини эвакуация қилиш учун захира жойлар ҳозирлаб қўйилган.

«Кофрун маҳалласи фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, туманнинг Газа маҳалласидаги 1-сонли, Мустақиллик маҳалласидаги 2-сонли касб-ҳунар мактаблари, Бибишириндаги кўп тармоқли техникум ҳамда Тузбозордаги 10-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернатидан ётоқхоналар тайёрлаб қўйилган. Зарур ҳолда фуқароларни вақтинчалик кўчириш учун автобуслар шай ҳолатга келтирилган», – дейилади ҳокимлик ахборотида.

Шаҳзод Ўроқбоев тайёрлади

Мавзуга оид