Жаҳон | 23:06 / 09.05.2025
1476
2 дақиқада ўқилади

Трамп бойлар учун солиқни ошириш таклифини берди

АҚШ президенти бадавлат инсонлар учун солиқларни оширишга қарши чиқиш қилиб, биринчи президентлик даврида унинг ставкасини 37 фоизгача туширган эди. Энди эса у солиқ ставкасини 39,6 фоизга қайтаришни таклиф қилмоқда.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 май куни Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонга йилига камида 2,5 миллион доллар ишлаб топадиган фуқаролар ёки йиллик даромади 5 миллион доллардан ошадиган оилавий жуфтликлар учун энг юқори солиқ ставкасини 37 фоиздан 39,6 фоизга оширишни таклиф қилди, деб хабар беради The New York Times.

Маълумотларга кўра, Трамп венчур фондлар ва хусусий инвестиция фонди менежерларига нисбатан қўлланиладиган фоизлар бўйича солиқ имтиёзларини бекор қилиш истагини яна бир бор билдирган.

Вакиллар палатаси Солиқ қўмитаси раиси Жейсон Смит 9 май куни Трамп билан учрашиб, солиқ қонун лойиҳаси президентнинг устувор йўналишларига мос келишини маълум қилади.

Трамп ўзининг биринчи президентлик муддати даврида «бойлар учун солиқ»нинг энг юқори ставкасини 39,6 фоиздан 37 фоизга қадар тушурганди. Ушбу ставка ҳозир ҳам амалда, фақат у йиллик даромади 626 минг 350 доллардан ошадиганларга тааллуқли.

Трампнинг таклифи солиқ имтиёзларини узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси фонида янгради. Қонун чиқарувчилар бу имтиёзларнинг харажатларини қоплашга маблағ излаяпти, жумладан, паст даромадли америкаликлар учун мўлжалланган Медиcаид суғурта дастурини қисқартириш ҳисобига.

Дастлабки баҳолашларга кўра, бойлар учун янги солиқ ставкасининг жорий этилиши 10 йил давомида бюджетга қўшимча 67,3 миллиард доллар жалб этиш имконини беради.

АҚШ савдо вазири Говард Лютник Bloombergʼга берган баёнотида бойлар учун солиқларни ошириш, «ақлли» қадам эканини айтди. Бу Трампнинг меҳмонхона ходимлари ва кексалар учун солиқларни камайтиришга оид сайловолди ваъдаларини молиялаштириш учун кўпроқ маблағ ажратишга имкон беради.

Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп бадавлат америкаликларга солинадиган солиқ миқдорини оширишни «ўта фалокатли» деб атаганди.

Мавзуга оид