Покистон - Ҳиндистон ҳаво жанги тарихдаги энг йирикларидан бири бўлди
Жангларда 125 та қирувчи самолёт қатнашди, улар душман ҳаво ҳудудига кирмади.

Фото: Shutterstock
Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳаво жангида 125 та қирувчи самолёт қатнашди. Бу ҳақда Покистон хавфсизлик кучларидаги манбага таяниб, CNN телеканали хабар берди. Унинг сўзларига кўра, бу авиациянинг замонавий тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган қарама-қаршиликлардан бири эди.
Ҳар икки томон ҳам ўз ҳаво ҳудудини тарк этмади, деб аниқлик киритди CNN манбаси. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳаво зарбалари баъзан 160 км масофадан берилган. Покистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, оқибатда Ҳиндистоннинг бешта қирувчи самолёти уриб туширилган. Ҳиндистон расмийлари бу маълумотни тасдиқламади.
Душман ҳаво ҳудудига кирмаслик 2019 йилдаги можаро билан изоҳланди. Шу вақтда Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти Покистон ҳудудида уриб туширилган, Ҳиндистонга қайтишдан олдин у маҳаллий телевидениеда намойиш этилган эди. Бу сафар Ню-Деҳли ва Исломобод бундай «хўрлик»ни бошдан кечиришни истамади, деб хулоса қилди манба.
7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон армияси «Синдур» операциясини бошлади. Бу Ҳиндистон Покистонни айблаган Жамму ва Кашмирдаги 22 апрелдаги терактга жавоб бўлди. Ҳиндистон томони операция давомида Покистоннинг ҳарбий инфратузилма объектларига зарба бермаганига ишонтирди. Ҳаво ҳужумларида террорчилар лагерлари, жумладан, «Лашкари-Тойба» гуруҳининг қароргоҳи Марказ Тойба нишонга олингани айтилди.
Мавзуга оид

00:23
Ҳиндистоннинг Жамму аэропортида портлашлар юз берди — AFP

23:40 / 08.05.2025
Тошкентдан Лоҳурга учадиган рейслар бекор қилинади

22:00 / 07.05.2025
Зарбалар алмашувидан кейин Покистон ва Ҳиндистонда нималар бўлмоқда — фотолар

20:58 / 07.05.2025