Жаҳон | 22:00 / 07.05.2025
24063
9 дақиқада ўқилади

Зарбалар алмашувидан кейин Покистон ва Ҳиндистонда нималар бўлмоқда — фотолар

Ҳиндистон Покистондаги «террорчилик инфратузилмалари»га зарба йўллади. Исломобод Ҳиндистон ҳудуди бўйлаб зарбалар билан жавоб қайтарди.

Ишчилар Кашмирнинг Ҳиндистон қисмидаги Сринагар шаҳридаги шифохона томини қизил хоч билан белгилашмоқда, 2025 йил 7 май
Sajjad Hussan / AFP / Scanpix / LETA

Ҳиндистон Покистондаги «террорчилик инфратузилмалари»га зарба йўллади

6 май куни кечқурун Ҳиндистон «Синдур» ҳарбий операцияси ўтказилишини эълон қилди, унинг доирасида мамлакат қуролли кучлари Покистондаги «террорчилик инфратузилмалари»га, шунингдек, Ҳиндистон, Покистон ва Хитой ўртасида бўлиб олинган баҳсли ҳудуд – Кашмирнинг Покистон ҳудудидаги қисмига ракета зарбалари йўллади.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Викрам Мисри ҳужум мақсадини «террорчилик инфратузилмасини йўқ қилиш» деб атади. Ҳиндистон томонининг таъкидлашича, армия террорчилик инфратузилмасининг тўққизта асосий объектига «аниқ зарбалар» берган, улардан тўрттаси Покистон ичкарисида, яна бештаси Кашмирнинг Покистон назоратидаги қисмида жойлашган. Ҳиндистон томони нишонларнинг барчаси «муваффақиятли зарарсизлантирилгани»ни маълум қилган.

Ҳиндистондаги The Economic Times нашри нишонлар қаторида Ҳиндистон ҳукумати турли террорчилик гуруҳлари билан алоқадор деб ҳисоблаган ўқув марказлари, учириш майдончалари, машғулот лагерлари ва бошқа объектларни санаб ўтган.

Покистоннинг Кашмир қисмидаги Музаффаробод яқинидаги масжид биносининг зарба натижасида шикастланган томи
M.D. Mughal / AP / Scanpix / LETA
Кашмирнинг Покистон назоратидаги қисмида жойлашган Музаффарободда зарба оқибатлари
M.D. Mughal / AP / Scanpix / LETA
Покистоннинг Панжоб вилоятидаги Муридке шаҳрида зарба келиб тушган жой
K.M. Chaudary / AP / Scanpix / LETA

7 май тонгида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Хорватия, Нидерландия ва Норвегияга сафарини қолдирди, деб хабар берди CNN юқори мартабали мулозимга таяниб. Бунинг расмий сабаби келтирилмаган, Модининг ўзи можаро кескинлашуви ҳамда Ҳиндистон ҳарбий амалиёти юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.

Покистон Ҳиндистон бўйлаб жавоб зарбалари йўллади

Ҳиндистон ҳужумига жавобан Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари ва армияси Ҳиндистон ҳудудига «ҳам ҳаводан, ҳам ердан» зарбалар берди.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Ҳиндистоннинг ҳужумини «қўрқоқлик» деб атади ва унинг нишонлари бешта аҳоли яшаш манзиллари бўлганини айтди. «Маккор душман Покистондаги аҳоли яшаш манзиллари бўлган бешта жойга қабиҳона зарба берди. Покистон Ҳиндистон қўзғаган ушбу уруш ҳаракатига қатъий жавоб беришга тўлиқ ҳақли ва бунга қатъий жавоб аллақачон берилмоқда», – деб ёзган Шариф.

Покистон ҳарбийлар «ўзини ҳимоя қилиш мақсадида» Ҳиндистон ҳаво кучларининг бир неча самолётини уриб туширганини маълум қилган – турли маълумотларга кўра, учтадан бештагача. Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарар Ҳиндистоннинг учта самолёти ва битта дрони уриб туширилганини маълум қилди. Покистоннинг Geo TV нашри ёзишича, бешта самолёт, жумладан, Францияда ишлаб чиқарилган учта Rafale қирувчи самолёти, шунингдек, биттадан МиГ-29 ва Су-30 ҳам уриб туширилган. Reuters Жамму ва Кашмир штати ҳукуматидаги тўртта манбасига таяниб ёзишича, баҳсли ҳудудда учта қирувчи самолёт ҳалокатга учраган. Ҳиндистон томони қирувчи самолётларини йўқотганини тасдиқламади ва ижтимоий тармоқларда Покистоннинг Сринагар авиабазасига ҳужуми ҳақида тарқалган постларни фейк деб атади.

Жамму ва Кашмир ҳудудидаги Ахнур туманида қулаган самолёт қолдиқлари
Channi Anandi / AP / Scanpix / LETA
Кашмирнинг Ҳиндистон қисмидаги Ури шаҳри шифохонасида ярадорлар
Reuters / Scanpix / LETA
Музаффарободда ҳиндлар зарбаси қурбонини дафн этиш маросими
Sajjad Qayyum/ AFP / Scanpix / LETA

Reuters Покистон армиясининг сўнгги маълумотларига асосланиб, ҳинд қўшини ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакилларидан 26 киши ҳалок бўлиб, яна 46 киши тан жароҳати олгани ҳақида хабар тарқатган. Ҳинд полициясига кўра, покистонликларнинг Кашмир бўйлаб жавоб зарбалари оқибатида 10 киши ҳалок бўлиб, 48 киши яраланган.

Авиакомпаниялар парвоз йўналишларини ўзгартирмоқда

Покистон ҳиндларнинг зарбаларидан кейин ўз ҳаво кенгликларини 48 соат муддатга ёпиб қўйди. Бу эса қатор хорижий авиакомпаниялар — Vietnam Airlines, Korean Air, Thai Airways, China Airlines кабилар ўз парвоз йўналишларини ўзгартиришига олиб келди.

Хусусан, «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Москвадаги Шереметево аэропортидан Пхукетга SU284-рейсни амалга оширган самолёти Покистон ҳаво кенглиги ёпилган маҳалда Тошкент осмонида ортга бурилган ва экипажни алмаштириш ва ёнилғи қуйиш учун Москвага қайтган. Москвадан Ню Деҳлига учган яна бир самолёт Тошкентдаги аэропортга қўнган. «Аэрофлот»дагилар Покистон ҳаво ҳудуди ёпилиши муносабати билан Москвадан Ҳиндистон, Таиланд, Шри-Ланка, Малдив ва Сейшел оролларига ва ушбу ҳудудлардан ортга учаётган барча рейслар «ёпиқ зонани айланиб ўтувчи муқобил йўналиш бўйича амалга оширилиши»ни маълум қилган. Бу парвозлар давомийлигини 1–2 соатга оширади, дея қўшимча қилган авиакомпания.

Flightradar24
Покистоннинг Карачи шаҳридаги Жинна халқаро аэропортида ҳаво ҳудуди ёпилганидан кейин йўловчилар
Asif Hassan / AFP / Scanpix / LETA

Оқ уйдагилар вазиятни «диққат билан кузатиб бораётгани»ни маълум қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги можаро «тез фурсатда якунланиши»га умид билдирди. «Бу жуда ачинарли. Биз бундан ҳозиргина хабар топдик. Айнан Овал кабинетга кираётганимизда мен бу ҳақда эшитдим. Афтидан, одамлар аввалги воқеаларни ҳисобга олиб, шунга ўхшаш нарса содир бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган. Улар [Ҳиндистон ва Покистон] узоқ вақтдан бери зиддиятда. Жуда кўплаб ўн йилликлар ва ҳатто юз йилликлар мобайнида. Бу тез орада тугашига умид қиламан», — деган Трамп Оқ уйда журналистларга.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятни «диққат билан кузатиб бораётгани» ва ҳарбий можаро «тезда якунланиши»га умид қилаётганини айтган. У Давлат департаменти «Ҳиндистон ҳамда Покистон раҳбариятини можарони тинч йўл билан ҳал қилишга жалб қилишда давом этиши»ни қўшимча қилган.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг портретига ўт қўяётган кишилар, Ҳайдаробод, Покистон
Nadeem Khawer / EPA / Scanpix / LETA
Кашмирнинг Ҳиндистон қисмидаги Пулвама шаҳри ҳудудида ҳаракатланаётган ҳинд ҳарбийлари
Dar Yasin / AP / Scanpix / LETA

Минтақадаги можаро Жамму ва Кашмирда сайёҳларга ҳужумдан кейин кескинлашди

Ҳимолай тоғларидаги чегара минтақаси – Кашмир учун Ҳиндистон-Покистон можароси 1947 йилда икки давлат мустақиллиги эълон қилинганидан бери давом этмоқда. Шу пайтгача учта йирик уруш бўлиб ўтди: 1947-1949 йилларда, 1965 йилда ва 1971 йилда, шунингдек, кўплаб аҳамияти камроқ бўлган тўқнашувлар.

2025 йил 22 апрел куни Жамму ва Кашмир штатининг Ҳиндистон назоратидаги қисмида жойлашган Паҳалгам шаҳри яқинида қуролланган шахслар бир гуруҳ сайёҳларга қарата ўт очди, 26 киши ҳалок бўлди. Шу билан бирга, ҳужум қилганлар ўз қурбонларидан қайси динга эътиқод қилишини сўраган ва ўзларини ҳинду деб атаганларни ўлдирган.

Сайёҳларга ҳужум учун жавобгарликни ўзини «Қаршилик фронти» деб атаган ҳарбийлашган гуруҳ ўз зиммасига олди. У «Лашкар-э-Тайба» («Яхшилар армияси») ташкилотига алоқадор. Ушбу ташкилот Покистон ҳудудида жойлашган бўлиб, Покистоннинг бош махсус хизмати – Идоралараро разведка билан узоқ йиллик алоқаларга эга.

Ҳиндистон расмийлари Покистонни терактда ҳеч бўлмаганда қисман айбдор деб ҳисоблашини маълум қилди. Инқироз шиддат билан ривожланди: Ҳиндистон Покистон фуқаролари учун визаларни бекор қилди ва уларга мамлакатни тарк этишни буюрди. Покистон бунга жавобан Ҳиндистон билан барча савдо алоқаларини тўхтатди ва «Ҳиндистонга тегишли ёки ундан фойдаланадиган» барча авиакомпаниялар учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бундан ташқари, Ҳиндистон Ҳинд дарёси тўғрисидаги 1960 йилги шартномани бир томонлама тўхтатишини эълон қилди, яъни Покистонга қурғоқчилик билан таҳдид қилди: унинг бутун қишлоқ хўжалиги Ҳиндистонда жойлашган дарё тизимига ўта қарам. Покистон, ўз навбатида, сўнгги йирик ҳинд-покистон урушини якунлаган 1972 йилги Симл келишувининг амал қилишини тўхтатди.

Мавзуга оид