Ўзбекистон | 20:16 / 05.05.2025
4370
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри ва вилоятида тўртта шер ноқонуний боқиб келингани аниқланди

Хусусий питомниклардан 80 дан ортиқ ёввойи ҳайвон, жумладан, тўртта шер топилди. Уларнинг бир қисми Тошкент ҳайвонот боғига ўтказилди.

Фото: Экология вазирлиги

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилди.

Қайд этилишича, ўрганишлар давомида Тошкент вилояти ҳамда шаҳар ҳудудидаги питомниклар ҳамда ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш жойларида 9 турдаги 80 дан ортиқ сутэмизувчи ҳайвонлар ва паррандалар, жумладан, тўртта Африка шери рухсатномадан ташқари, ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланган.

Ушбу ҳайвонларнинг бир қисми белгиланган тартибда сақлаш учун Тошкент шаҳар ҳайвонот боғига топширилган. Ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун, «Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорига асосан 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан қатор ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ҳамда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкент вилоятининг Тошкент туманида хонадонда боқилаётган ёш шер ушбу ҳудудда яшовчи болани тишлаб олиб, саломатлигига жиддий зиён етказган эди.

Мавзуга оид