Роналду ва Месси бир кунда яримфинал ўйинларида ютқазди
Криштиану «Кавасаки»га қарши ўйин охирида бўш дарвозани ишғол этолмади, ўйиндан кейин эса ўзи билан ўзи гаплашиб тургани видеоси тармоқда вирусдек тарқалди.
Роналду Осиёдаги фаолияти давомида жиддий совринсиз қолмоқда
Элит ОЧЛ. Яримфинал.
«Ан-Наср» – «Кавасаки Фронтале» – 2:3
Голлар: Мане 28, Айман Яҳё 87 – Ито 10, Юто 41, Акихиро 76.
«Ан-Наср»: Бенто, Бушал, Ал-Авжами (Ляпорт 44), Симакан, Ал-Ғанам (Яҳё 77), Мане, Ал-Ҳассан (Габриел 44), Брозович (Уэсли 78), Отавио, Роналду, Дуран
«Кавасаки Фронтале»: Тебо-Ямагучи, Сота Миура, Маруяма, Такаи, ван Вермескеркен (Сасаки 70), Марсинио (Иенага 64), Ямамото, Тачибанада (Каваҳара 60), Ито Ито, Юто Озеки (Вакисака 46), Сома Канда (Эрисон 46)
Огоҳлантиришлар: Ал-Авжами 37 – Эрисон 90+4
«Кавасаки» Осиё чемпионлар лигаси яримфиналида сенсация кўтариб, «Ан-Наср»ни мағлубиятга учратди — 3:2.
«Кавасаки» кучли рақиб бўлиб кўринмаса-да (клуб Япония чемпионатида 8-ўринда бормоқда), турнир давомида ўзидан кучли клубларни мағлубиятга учратди. Ушбу клуб 1/8 финалда Хитойнинг «Шанҳай Шэнҳуа» клубини қолдириб кетганди (икки ўйин натижасига кўра 4:1 ҳисобидаги устунлик), кейинги босқичда эса таркибида Клаудинио бўлган Қатарнинг «Ас-Садд» клубини мағлуб этди (3:2).
«Ан-Наср» ҳам тезда қаршисидаги рақиб оддий клуб эмаслигига амин бўлди – 10-дақиқасидаёқ Ито Ито ҳисобни очди, кейинроқ унга Садио Мане жавоб қайтарди, бўлим охирида Юто Одзеки жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлим ўрталарида Ахиро Иенага кунчиқар юрт вакилларининг учинчи голини урди, бироз ўтиб захирадан туширилган Айман Яҳё ҳисобни қисқартирди.
Шундан кейин эса майдонда даҳшатли воқеа рўй берди – ўйиннинг асосий вақти якунланиб бораётганида Роналду бўш дарвоза қаршисида туриб, юз фоизлик имкониятдан фойдалана олмади.
Бироз ўтиб саудияликларнинг бошқа бир ҳужумчиси Жон Дуран ҳам ўта қулай вазиятни йўққа чиқарди.
Ҳакамнинг ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагидан кейин эса Роналду бир муддат майдон марказида қолиб, ўзи билан ўзи гаплашиб турди.
Чемпионлар лигасини тарк этиш — Роналду учун оғриқли зарба. Гап шундаки, 40 ёшли форвард бу турнирда учинчи уринишда ҳам ғолиб чиқолмади. Ундан ҳам ёмонроғи — у «Ан-Наср» таркибида ҳозиргача бирорта жиддий соврин юта олмаган. 2,5 йил мобайнида Криштиану Саудия Арабистони чемпионатида ҳам, ОЧЛда ҳам, Қирол кубогида ҳам, Суперкубокда ҳам ғолиб чиқа олмади.
Роналду қўлга киритган ягона соврин — 2023 йилда ўртоқлик мақомидаги Араб чемпионлари кубогини ютиш бўлганди.
Жорий мавсумда ҳам ички чемпионатда ғолиб бўлишдан умид узилган: «Ан-Наср» «Ал-Иттиҳод» ва «Ал-Ҳилол»дан кейин учинчи ўринда кетмоқда. Мавсум якунига беш тур қолганида Криштиану ва жамоа биринчи ўриндан саккиз очкога ортда қолмоқда.
Португалиялик футболчи Саудия жамоасига 2022 йилда келганди. Унинг ҳозирги шартномаси муддати 2025 йил 30 июнда тугайди.
Месси ҳам қолишмади
Чемпионлар кубоги. Яримфинал, жавоб ўйини
«Интер Майами» – «Ванкувер» 1:3
Голлар: Алба (9) – Уайт (51), Вите (53), Берҳалтер (71).
«Интер Майами» – Устари, Вейгандт, Фалкон (Лухан 56), Аллен (Мартинес, 77), Алба, Редондо (Кремаски, 56), Бускетс, Алленде (Брайт, 77), Месси, Сеговия (Обандо 63), Суарес.
Огоҳлантиришлар: Фалкон 24, Редондо 45+1, Сеговия 62, Алба 70 – Берхалтер 45+1, Кубас 65
Биринчи ўйин: 0:2
«Интер Майами» таркибида Месси бўлганида илк бор қаторасига 3 ўйинда ютқазди.
Ҳавиер Маскерано шогирдлари КОНКАКАФ чемпионлари кубоги яримфиналида «Ванкувер»га қарши жавоб ўйинида ҳам ютқазди (1:3) ва турнирни тарк этди.
Флоридада кечган биринчи ўйинда мезбонлар 0:2 ҳисобида ютқазганди.
«Интер Майами» қаторасига учинчи ўйинда мағлуб бўлди – бунақаси 2023 йилда жамоага Лионел Месси келганидан буён илк бор рўй бериши.
«Ванкувер»га қарши ўйинлар оралиғида флоридаликлар МЛС чемпионати доирасида «Даллас»га ҳам имкониятни бой беришганди (3:4).
Месси эса қаторасига тўртинчи ўйинни гол ёки голли пассиз тарк этди. Аргентиналик футболчи бу ўйинланинг барчасида бошланғич таркибда майдонга тушган ва тўлиқ ҳаракат қилган.
Жорий мавсумда Месси барча турнирлар доирасидаги 13 ўйинда 8 гол урган ва 3 голга узатма берган.
МЛС чемпионатининг Шарқий конференциясида иштирок этаётган «Интер Майами» 10-турдан кейин 18 очко билан (9 ўйинда 5 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият) бешинчи ўринда бормоқда.
Месси жамоа билан 2023 йилда МЛС лига кубогини қўлга киритган.
Мавзуга оид

14:09 / 24.03.2025
Роналду ноёб кўрсаткичга эришди

15:28 / 30.01.2025
Роналду: «Ўғлимга Мбаппе ёқади, у «Дада, Килиан сиздан яхшироқ» деди. Мен эса «Ким кўпроқ гол урган?» деб сўрадим»

11:06 / 14.12.2024
Ҳусанов трансфер баҳоси бўйича Роналду билан тенглашди

14:08 / 03.11.2024