Жаҳон | 13:52 / 01.05.2025
1106
2 дақиқада ўқилади

Каллас кучли Европани яратишда Германияни етакчи бўлишга чақирди

Европа дипломатияси раҳбари Германия бўлажак ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул билан учрашиб, унинг Европа хавфсизлиги масалалари бўйича «аниқ позициясини» юқори баҳолади.

Фото: AP /Omar Havana

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас май ойи бошида ишга киришиши керак бўлган янги Германия ҳукумати билан ҳамкорлик бўйича ижобий фикр билдирди. «Европа хавфсизлиги масалалари бўйича сизнинг аниқ позициянгизни юқори баҳолайман», деди Каллас 30 апрель, чоршанба куни Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул билан учрашувдан сўнг.

Унинг сўзларига кўра, Германия раҳбарияти кучли, бирлашган Европани қуриш учун «ҳал қилувчи аҳамиятга эга». Вадефул аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири сифатида Европа сиёсати унинг диққат марказида бўлишини айтган эди.

62 ёшли Йоханн Вадефул Германиянинг бўлажак коалиция ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимига номзоди кўрсатилганидан икки кун ўтиб Брюсселга ташриф буюрди. Европа Иттифоқи дипломатик идораси раҳбари билан учрашувдан сўнг унинг ташриф режасига НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашув киради.

Бундестагга навбатдан ташқари сайловлардан олти ҳафта ўтгач, консерватив ХДИ/ХСИ ва ГСДП блоки 9 апрель куни 140 саҳифадан ортиқ коалиция келишуви бўйича бир қарорга келганини эълон қилди. 28 апрель куни Германиянинг бўлажак канцлери, Христиан-демократик иттифоқ етакчиси Фридрих Мерц ўзининг бўлажак вазирлар маҳкамаси таркибини тақдим этди. Бундестаг томонидан янги ҳукумат раҳбарининг расмий сайлови 6 май куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мавзуга оид