Жаҳон | 17:01 / 01.05.2025
2636
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиянинг савдо ҳамкорларига 500 фоизлик бож жорий қилмоқчи

Агар Путин музокаралар олиб бормаса, ушбу санкциялар жорий қилинади.

Фото: Getty images

АҚШ сенаторлари Россияга қарши «майдаловчи» санкциялар тайёрламоқда – агар Путин музокаралар олиб бормаса, ушбу санкциялар жорий қилинади. Бу ҳақда Доналд Трампнинг яқин иттифоқчиси, республикачи сенатор Линдси Грэм айтди. У 72 сенатор томонидан қўллаб-қувватланаётганини маълум қилди.

Bloomberg хабарига кўра, қонун лойиҳаси нафақат Россияга қарши санкциялар жорий этишни назарда тутади. Балки, Россиядан нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ёки уран сотиб олувчи мамлакатлардан импорт қилинадиган маҳсулотларга 500 фоизлик божлар ҳам жорий қилинади. Бундан ташқари, АҚШ фуқароларига Россия давлат облигацияларини сотиб олиш тақиқланади.

Грэм сўзларига кўра, Россия президенти «агар Трампдан устун туришга ҳаракат қилса, катта хатога йўл қўйган бўлади. Бу қонун лойиҳаси президент арсеналидаги воситадир». У қўшимча қилди: «Трамп музокаралар боши берк кўчага кириб қолганига амин бўлса, у ҳолда ҳаракат бошланади». Унинг фикрича, Путин охир-оқибат танлов олдида қолади: ё Трамп билан музокаралар столига ўтиради ёки «Россия иқтисодиётини йўқ қилиш» билан юзма-юз келади.

Трамп аввалроқ Путинни ўт очишни тўхтатиш йўлида қадам ташламагани учун бир неча бор танқид қилган ва унга нисбатан «банк ва иккиламчи санкциялар» билан босимни кучайтиришга тайёрлигини билдирган эди.

Мавзуга оид