Жаҳон | 09:11 / 28.04.2025
2526
2 дақиқада ўқилади

Лавров: АҚШ биргаликда бизнес юритишдан манфаатдор эканини билдирди

Лавров АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини бекор қилиш бўйича таклифлар йўқлигини айтди.

Фото: Россия ТИВ

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров CBS телеканалига берган интервьюсида Американинг Россияга қарши жорий этган санкцияларини бекор қилиш бўйича таклифлар йўқлигини айтди.

Вазирнинг сўзларига кўра, у оммавий ахборот воситаларидаги маълумотларга изоҳ бера олмайди, чунки бу «жиддий эмас».

«АҚШ бизга биргаликда бизнес юритишдан манфаатдор эканини очиқ-ойдин тушунтирди. Биз бизнес таклифларини ҳеч қачон рад этмаймиз, агар улар тенг имкониятлар ва бир-бирига ҳурматга асосланган бўлса ва манфаатлар мувозанатига олиб келса», — деди дипломат.

Унинг таъкидлашича, Америка компанияларининг Россия бозорига кириши уларга боғлиқ.

17 апрель куни Bloomberg агентлиги Трамп маъмурияти Украина бўйича музокаралардаги дастаклардан бири сифатида Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, асосий чекловларни олиб ташлаш АҚШ Конгресси ва Европадаги иттифоқчиларнинг розилигисиз мумкин эмас. Москва Россия санкцияларни бекор қилишга интилмаётганини ва Ғарб қарорларига боғлиқ эмаслигини билдирди.

Аввалроқ Лондонда Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланган эди.

Мавзуга оид