Еврокомиссия Apple ва Meta’ни 700 млн евро жаримага тортди
Компаниялар ўзларининг бозордаги мавқеини суиистеъмол қилиб, рақобатни чеклаган. Apple ва Meta Еврокомиссия қарори устидан судга даъво киритади.

Фото: AP
Европа комиссияси Американинг Apple ва Meta корпорацияларини рақамли бозорлар тўғрисидаги қонунни (DMA) бузгани учун жаримага тортди, деб хабар бермоқда Билд.
Регуляторга кўра, компаниялар ўзларининг бозордаги мавқеини суиистеъмол қилиб, рақобатни чеклаган. Энди Apple 500 миллион евро, Meta эса 200 миллион евро миқдорида жарима тўлаши керак. Бу Европанинг янги рақамли қонунчилиги асосида қўлланган биринчи жарималар ҳисобланади.
Қайд этилишича, Apple компанияси дастурчилар App Store’дан ташқарида яхшироқ иловалар борлиги ҳақида фойдаланувчиларни хабардор қилишига халақит бериб келади.
«Биз ишлаб чиқиш учун юз минглаб соат сарфладик ва қонунга риоя қилиш учун ўнлаб ўзгартиришлар киритдик. Регулятор билан мулоқотга қарамай, мақсадлар доимий равишда қайта кўриб чиқилмоқда», — дейилади Appleʼнинг ушбу ҳолатга муносабатида.
Meta эса ўз навбатида, «тўла ёки рози бўл» модели учун жавобгарликка тортилди. Ушбу моделга кўра, Facebook ва Instagram фойдаланувчилари рекламасиз пулли обуна ва рекламали бепул версия ўртасида танловни амалга ошириши керак. Комиссиядагиларнинг фикрича, фойдаланувчиларда шахсий маълумотларидан фойдаланишларини чеклаш учун «етарлича танлов» бўлмаган.
Жарималар миқдори бундан ҳам кўп бўлиши мумкин эди: DMA компанияларнинг дунё бўйлаб айланма маблағларидан 10 фоизгача, қайта қонунбузилиш ҳолатида — 20 фоизгача жарима белгилаши мумкин. Apple айланмаси 2023 йилда қарийб 370 миллиард еврони, Meta’ники эса 150 миллиард еврони ташкил этган. Иккала компания ҳам Еврокомиссия қарори устидан судга даъво киритади.
Мавзуга оид

09:03 / 21.04.2025
iPhone 17 Pro ғилофи суратлари смартфон камераси дизайнини ошкор қилди

18:27 / 18.04.2025
Meta Цукербергнинг хавфсизлиги учун 2024 йилда 14 млн доллар сарфлади

20:51 / 15.04.2025
ЕИ мигрантлар қайтариб юбориладиган еттита хавфсиз мамлакатни аниқлайди

16:39 / 12.04.2025