Жаҳон | 12:30
1406
2 дақиқада ўқилади

Бирлашган Араб Амирликлари қонунлар ёзишни сунъий интеллектга топширмоқчи

Фото: wam.ae

Бирлашган Араб Амирликлари янги қонунлар яратиш, амалдаги қонунларни қайта кўриб чиқиш ва уларга ўзгартиш киритиш учун сунъий интеллектдан фойдаланиладиган дунёдаги биринчи давлатга айланади. Бу ҳақда Financial Times нашри ёзмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, бу қарор давлат томонидан сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича энг радикал уриниш бўлиб, унга миллиардлаб доллар инвестиция қилинган.

Мамлакат бош вазири, Дубай амири шайх Муҳаммад ибн Рашид Ол Мактумнинг таъкидлашича, қонунчилик жараёнига СИни жорий қилиш уни тезкор ва аниқроқ қилади. Унинг сўзларига кўра, тизим мунтазам равишда қонунчиликка ўзгартишлар таклиф қилиб боради ва ҳукумат кутаётган натижаларга кўра, бу қонунчилик фаолиятини 70 фоизга тезлаштиради.

Режага кўра, барча федерал ва маҳаллий қонунлар, суд прецедентлари ҳамда турли давлат идораларининг маълумотларини ўз ичига олган кенг қамровли маълумотлар базаси яратилади. СИ ушбу маълумотларни таҳлил қилади, қонунчиликка ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар шакллантиради ва уларнинг иқтисодиёт ҳамда жамиятга таъсирини баҳолайди. Қонунлар яратиш жараёнига СИни интеграция қилишни координациялаш Regulatory Intelligence Office номли махсус тузилма зиммасига юклатилган.

Шу билан бирга, мутахассислар ушбу ташаббуснинг эҳтимолий хатарлари ҳақида огоҳлантирмоқда.

Оксфорд университети тадқиқотчиси Винсент Штрауб таъкидлашича, СИ ишончсиз ёки ҳатто ёлғон натижаларни тақдим этиши мумкин, унинг мантиқий хулосалари эса ҳар доим ҳам тушунарли бўлмайди. Унинг таъкидлашича, қонун яратиш каби муҳим соҳада машиналар алгоритмига суянган ҳолда иш юритиш хавфли бўлиши мумкин.

Мавзуга оид