Иқтисодиёт | 19:07 / 21.04.2025
1678
2 дақиқада ўқилади

Олтин қуймалар нархи 1 грамм учун қарийб 1,5 млн сўмга етди

Жаҳондаги иқтисодий ноаниқликлар ва АҚШдаги тариф сиёсати фонида олтин нархи ошишда давом этяпти. Душанба куни олтиннинг жаҳон котировкалари троя унцияси учун қарийб 3400 долларга яқинлашди. Ўзбекистонда тилла қуймалар нархлари ҳам янги тарихий максимумларни қайд этмоқда.

Ўзбекистон Марказий банки 21 апрелдан ўлчовли олтин қуймалари нархларини янгилади. Қуймалар нархи 1 грамм учун 1 млн 454 минг 920 сўмга баҳоланяпти. Бу – охирги рекорд нархдан (16 апрел санасидаги) қарийб 3 фоизга, йил бошига нисбатан 25,4 фоизга юқори.

Олтиннинг жаҳон котировкалари троя унцияси учун 3400 (3391) долларга яқинлашди.

21 апрел ҳолатига кўра, олтин қуймалари нархлари қуйидагича:

  • 5 граммли олтин қуймаси — 7 млн 275 минг сўм;
  • 10 граммли олтин қуймаси — 14 млн 549 минг сўм;
  • 20 граммли олтин қуймаси — 29 млн 098 минг сўм;
  • 50 граммли олтин қуймаси — 72 млн 746 минг сўм;
  • 100 граммли олтин қуймаси — 146 млн 492 минг сўм.

Кейинги ойларда олтин нархлари ошиши тезлашгани АҚШ президенти Доналд Трампнинг Федерал резерв тизимига қаратилган танқидлари ва тариф сиёсати фонида юз беряпти. Инвесторлар орасида ишончсизлик кучайиши долларнинг қадрсизланишига олиб келди, бу эса захира актив сифатида олтин нархининг ошишига сабаб бўлди.

Бундан ташқари, АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши, Россия-Украина можароси каби глобал ноаниқликлар инвесторларни хавфсиз активларга йўналтирмоқда. Кўплаб марказий банклар олтин захираларини оширишда давом этмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилдан бошлаб тижорат банклари орқали олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларни сотиб келмоқда. 2020 йил ноябрдан ўлчовли қуйма олтинлар ҳам сотувга чиқарилган. Бугунги кунда тижорат банклари орқали 5, 10, 20 ва 50 граммли олтин қуймаларини харид қилиш ва уларни банкка қайта сотиш мумкин. 2025 йил январдан 100 граммли олтин қуймалар ҳам сотувда пайдо бўлди.

Қуймалар нархлари халқаро қимматбаҳо металлар бозори конъюнктурасидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан кун давомида қайта кўриб чиқилади. Шунга кўра, нархлар доимий ўзгарувчан характерга эга бўлади.

Мавзуга оид