Ўзбекистон | 08:53 / 20.04.2025
5079
3 дақиқада ўқилади

Хусусий клиника лицензиясини олиш тартиби қандай?

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ССВ матбуот хизмати ушбу саволга Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази директори Жалолиддин Асамутдиновдан жавоб олди.

— Мамлакатимизда тиббий фаолиятни лицензиялаш йўналиши бир қанча қонуний, норматив-хуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади, — дейди у.

— Сўнгги йилларда соҳа рақамлаштирилиши туфайли лицензия олишда турли оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларга чек қўйилди. Натижада аҳолига кўплаб қулайликлар яратилди. 

Айни пайтда нодавлат тиббиёт муассасалари учун лицензия олишнинг соддалаштирилган талаб ва мезонлари мавжуд бўлиб, улар бир неча босқичда амалга оширилади.

Унга кўра, дастлаб талабгор ёки унинг номидан иш юритиш ваколатига эга бўлган шахс ўз электрон рақамли имзоси (ЭРИ) ёрдамида (талабгор — жисмоний шахслар учун ЭРИ ўрнига Мобил-ID тизимидан ҳам фойдаланиши мумкин) “Лицензия” ахборот тизими (license.gov.uz) ёки Ягона итерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz ) орқали рўйхатдан ўтади.

Сўнг фаолиятнинг лицензияланадиган, шу жумладан, ҳар бир кичик турини кўрсатган ҳолда электрон шаклда ариза тўлдиради.

Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

  • ариза тўлдириш сабаби (янги лицензия олиш, қайта расмийлаштириш, муддатини узайтириш, ўзгартириш);
  • юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг почта манзили, фаолиятни амалга ошириш жойи, банк муассасасининг номи ва банк ҳисоб варағи, телефон рақами, СТИР, электрон почта манзили (агар бўлса);
  • тиббий фаолиятни амалга ошириш манзили маълумотлари (кадастр, ижара шартномаси);
  • танланган тиббий фаолият амалга ошириладиган тиббий ихтисосликлар ва (ёки) тиббий хизмат турлари (тиббий муолажалар ва (ёки) тиббий усуллар);
  • тиббий ёрдам кўрсатиш шакллари (амбулатор, стационар);
  • тиббиёт ходимлари тўғрисида маълумот (паспорт маълумотлари, ўқув юртларини тамомлаганлиги тўғрисидаги ҳужжат, "Ягона миллий меҳнат тизими" (ЯММТ)да рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот);
  • талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги;
  • лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор 30 кун муддат ичида қабул қилинади.

Лицензия бериш бир неча ҳолларда рад этилади. Хусусан:

  • зарур ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этиш;
  • талабгорнинг лицензия талаблари ва шартларига мос келмаслиги;
  • тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон ёки нотўғри маълумотлар бўлиши;
  • ўтказилиши шарт бўлган ўрганишлар, тадқиқотлар, текширишлар ёки бошқа илмий ва техник баҳолашларнинг якунлари бўйича асосланган салбий хулоса лицензия беришни рад этиш учун етарли бўлади.

Мавзуга оид