Евроиттифоқ Россия авиакомпаниялари учун ўз осмонини очишдан бош тортди
Европа мамлакатларисиз Россия авиакомпаниялари АҚШга парвоз қила олмайди. ЕИда бўлса, РФ самолётларининг хавфсизлигига оид жиддий саволлар мавжуд.

Фото: EPA-EFE
Европа Иттифоқи Россия авиакомпанияларининг самолётларига ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермоқчи эмас. Бу ҳақда ўзининг аноним қолишини сўраган Еврокомиссия вакилига таяниб Politico хабар берди. Ушбу баёнот Россиянинг АҚШ билан Украина бўйича тинчлик музокаралари доирасида авиақатновларни тиклашга урингани ортидан берилди.
Еврокомиссиядаги манбанинг тушунтиришича, Европа мамлакатларисиз Россия авиакомпаниялари АҚШга парвоз қила олмайди, Европа эса бунга қизиқиш билдирмаяпти. Биринчи навбатда, россиялик ташувчиларга ЕИ ҳаво ҳудудида парвоз қилиш тақиқи сақланиб қолмоқда — бу Украина босқинига жавобан жорий этилганди. Бундан ташқари, Европада Россия самолётларининг хавфсизлигига оид жиддий саволлар мавжуд. «Сўнгги уч йилда Россия авиация хизматларига етарли техник хизмат кўрсатганми ёки йўқми — номаълум, бу эса уларнинг самолётлари учишга яроқлилигини катта савол остига қўяди», — дейди манба.
2022 йилда Россияга қарши санкциялар жорий этилгач, РФ компаниялари Европа ҳаво ҳудудидан ташқари Ғарб ишлаб чиқарувчиларидан (Boeing ва Airbus) ўз самолётлари учун эҳтиёт қисмлар таъминотидан ҳам маҳрум бўлди. SIG Aviation консалтинг компанияси директори Сандер Старревелднинг айтишича, Россия авиакомпанияларининг самолётларида қалбаки эҳтиёт қисмлар ишлатилаётгани эҳтимоли «жуда юқори». «Бундай самолётларга Европада тижорат мақсадида учишга рухсат бериш нафақат хавфсиз эмас, Европа Иттифоқига қалбаки эҳтиёт қисмлар кириб келиши хавфини туғдиради», — дейди у.
Бундан ташқари, кўплаб Россия самолётлари Европа аэропортларига қўнган заҳоти ҳибсга олиниши мумкин. Бунга сабаб — Евроиттифоқ санкцияларидан кейин Россия ҳукумати Ғарбдан лизингга олинган юзлаб самолётларни амалда мусодара қилган. «РБК» ҳисоб-китобларига кўра, 2023 ва 2024 йил бошларида Россия Boeing ва Airbusʼдан 165 та самолётни (мамлакатдаги фуқаролик лайнерларининг 40 фоиз атрофида) Миллий фаровонлик жамғармаси ҳисобидан сотиб олган. Старревелднинг таъкидлашича, ўз мулкини ўғирланган деб ҳисоблаётган Ғарб лизинг компаниялари «иложи борича кўпроқ активларни қайтариб олишга ҳаракат қилади».
Аввалроқ Истанбулда дипломатик миссиялар фаолиятини нормаллаштириш бўйича АҚШ ва Россия маслаҳатлашувларининг иккинчи раунди якунлангани тўғрисида хабар берилганди. Унда Россия делегацияси Америка томони билан олдинроқ тортиб олинган дипломатик мулкни қайтариш ва тўғридан тўғри авиақатновларни тиклаш масалаларини муҳокама қилган.
Мавзуга оид

22:16 / 19.04.2025
Тошкент ва Москва миграция жараёнларини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилди

21:06 / 19.04.2025
Рублнинг мустаҳкамланиши Кремлнинг зарарига ишлаши мумкин. Қандай қилиб?

19:21 / 19.04.2025
Владимир Путин Пасха муносабати билан қисқа оташкесим эълон қилди

13:33 / 19.04.2025