Жаҳон | 20:30 / 17.04.2025
20359
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон собиқ президентига суд ҳукми ўқилди

Алмазбек Атамбаев криминал авторитет Батукаев иши бўйича айбдор деб топилди, аммо даъво муддати ўтганлиги туфайли жазодан озод этилди.

Фото: Sputnik

17 апрель куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан «қонунга беписанд ўғри» деб аталмиш Азиз Батукаевнинг ноқонуний озодликка чиқарилиши билан боғлиқ иш бўйича суд ҳукми ўқилди.

Атамбаев Қирғизистон Жиноят кодексининг 319-моддаси («Коррупция») бўйича айбдор деб топилди, бироқ даъво муддати ўтганлиги сабабли жазодан озод этилди.

Азиз Батукаев 2006 йилда колониялардан бирида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб, салкам 17 йилга қамалган эди. Тўполон чоғида депутат Тиничбек Акматбоев, Жазоларни ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Иқматулла Пўлатов ва парламентнинг икки ходими ҳалок бўлди. 2013 йилда Батукаевга қон саратони кечки босқич ташхиси қўйилган тиббий комиссия хулосасидан сўнг озодликка чиқарилди. У зудлик билан мамлакатни тарк этиб, Чеченистонга, тарихий ватанига жўнаб кетди. Тез орада тиббий ҳужжатлар қалбаки эканлиги маълум бўлди, аммо Қирғизистон расмийлари Батукаевнинг экстрадиция қилинишига эришолмади.

Алмазбек Атамбаев 2011-2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган, ҳокимият Сооронбай Жеэнбековга ўтганидан кейин уларнинг муносабатлари ёмонлашган ва Атамбаев мухолифатга ўтган. 2019 йилда унинг дахлсизлиги олиб ташланган ва у бир қанча жиноятларда айбланди.

Атамбаев 2020 йил июнь ойида Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишда айбдор деб топилиб, мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш билан 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. 2023 йил 13 февралда Қирғизистон Олий суди янги очилган ҳолатлар туфайли ҳукмни бекор қилди ва эртаси куни Атамбаевга хорижга чиқишга рухсат берилди.

2023 йил 14 февраль куни у колониядан озод қилинди ва даволаниш учун чет элга учиб кетган эди.

Мавзуга оид