Жаҳон | 21:42 / 12.04.2025
10291
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг тез фуқаролик самолёти учишга тайёр

Global 8000 шу йил охирида ҳавога кўтарилади ва товушдан тез Concorde лайнеридан кейинги энг тезкор фуқаролик самолётига айланади.

Фото: Bombardier

Канаданинг Bombardier компанияси бу йил ўзининг янги Global 8000 самолётини ишга туширади, бу афсонавий Concorde лайнеридан кейинги энг тез фуқаролик самолётидир. Ҳаво кемасининг максимал круиз тезлиги 0,94 Махни (1152 км/соат) ташкил этади, бу товуш тезлигига яқин, деб ёзди IFLScience.

Global 8000 дунёдаги энг узоқ масофага учувчи фуқаролик бизнес-жети сифатида танилган Global 7500 самолётининг вориси ҳисобланади. Янги самолёт 19 йўловчини ташиши ва ёнилғи қуйишсиз қарийб 15 минг км масофани босиб ўтиши мумкин. Йўналишлар орасида Дубай, Лос-Анжелес, Лондон, Сингапур, Перт бор.

2021 йилги синов парвозида Global 8000 ҳатто товуш тўсиғидан ошиб 1,015 Мах (1253 км/соат) тезликка эришган эди, бироқ бу тезлик тижорат парвозларида қўлланилмайди.

Инновациялар орасида барқарорликни таъминлайдиган ва турбулентликни камайтирадиган Smooth Flex қаноти ва босимни тартибга солиш тизими мавжуд.

Bombardier техник параметрларга қўшимча равишда, қулайликни алоҳида таъкидлайди: 12497 м баландликда парвоз қилганда, кабинадаги босим атиги 884 м баландликка тенг бўлади. Бу йўловчиларга саёҳат пайтида камроқ чарчашига ёрдам беради.

Global 8000 фуқаро авиациясининг янги даври рамзига айланиши кутилмоқда. У сўнгги 20 йил ичида биринчи марта фақат Concorde эришган товушдан тез стандартга яқинлашади.