Жаҳон | 10:47 / 11.04.2025
12967
18 дақиқада ўқилади

Исроил билан тўқнашувдан сўнг ҲАМАСдан нима қолди?

ҲАМАС гуруҳи Исроил армиясининг ҳарбий амалиёти давомида катта йўқотишларга учради. Шунга қарамасдан, у минтақада фаол сиёсий ва ҳарбий ўйинчи бўлиб қолмоқда. Ҳозир гуруҳ қандай фаолият юритмоқда, у тўлиқ тикланиш учун етарли ресурсларга эгами ва уни яқин келажакда нима кутяпти?

Фото: Reuters

Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг, Исроил ҲАМАСга қарши янги ҳарбий операция бошлади — бу муваққат оташкесим келишуви имзоланганига қарамай амалга оширилди. Гаровда ушлаб турилганларнинг тақдири учун хавотирда бўлган қариндошлар бундан норози, улар гуруҳ қўлида қолган инсонлар хавфсизлигига таҳдид туғилишидан қўрқишмоқда. Аммо Исроил расмийлари радикал гуруҳни тўлиқ йўқ қилиш бўйича қатъий фикрда турибди.

Айрим мутахассислар ҲАМАСни фақат ҳарбий йўл билан йўқотиб бўлмаслигини таъкидлашмоқда. Улар бу кучлар таъсирини сусайтириш бўйича умидларни фаластинликларнинг ўзига боғлашмоқда, деб ёзади BBC.

ҲАМАСдан нима қолди?

BBC инфографикаси.

Сиёсий қанот

Ғазо секторидаги уруш бошланганидан бери ҲАМАСнинг сиёсий ва ҳарбий қаноти раҳбариятидан ўнлаб кишилар, жумладан, гуруҳнинг энг нуфузли шахслари ва 2023 йил 7 октябрда Исроилга қилинган ҳужум мафкурачилари — Исмоил Ҳания ва Яҳё Синвар ўлдирилди.

Яҳё Синвар Исроил қамоқхонасида 22 йил ўтирган ва 2011 йили мингга яқин фаластинлик маҳкумлар билан бирга исроиллик аскар Гилад Шалитга алмаштирилган. Шундан сўнг у гаровга олишни Исроилга қарши курашда самарали усул деб ҳисоблаган. Фото: EPA

2024 йил октябрида Синвар ҳам ҳалок бўлганидан кейин ҲАМАС хавфсизлик нуқтайи назаридан юқори лавозимларга ворис тайинлашни оммага эълон қилишни тўхтатди.

Бироқ исроиллик ҳамда Яқин Шарқдаги кўплаб таҳлилчилар фикрича, гуруҳда бундай даражадаги раҳбарлик вазифаларини бажара оладиган шахсларнинг ўзи умуман қолмаган.

Ҳозирги ҳолатда гуруҳнинг умумий раҳбарлигини Синварнинг укаси — Муҳаммад Синвар амалга ошираётгани айтилади. Аммо BBCʼнинг Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги фаластинлик расмийлардан олинган маълумотларига кўра, бу кўпроқ фамилиясининг таъсирига суянган ҳолда қабул қилинган мажбурий қарор бўлиб турибди.

Исроилнинг Хон Юнусда яқинда амалга оширилган авиаҳужумлари натижасида ҲАМАСнинг яна икки юқори даражали раҳбари — Исмоил Барҳум ва Салоҳ ал-Бардавил ўлдирилди.

Барҳум гуруҳ молиявий ишларини бошқарган, ал-Бардавил эса ҲАМАС сиёсий қанотининг юқори доираси аъзоси эди. Исроил разведкаси маълумотига кўра, уларнинг жойлашуви махсус операция орқали аниқланган.

ҲАМАС сиёсий бюросининг Доҳа шаҳридаги офиси фаолиятини давом эттирмоқда, бироқ унинг самарадорлигини ҳозирги шароитда баҳолаш жуда қийин.

Кўпчиликнинг фикрича, 22 йил Исроил қамоқхонасида ўтирган ва «сионист душман»ни ичидан ўргангани айтилувчи Яҳё Синварнинг ўлими ҲАМАС учун ҳалокатли зарба бўлди.

Бироқ бу ҳал қилувчи зарбамиди?

ҲАМАС ўз сафига янги жангчиларни қабул қилган ва айрим баҳоларга кўра, уларнинг сони уруш олдидаги даража — 20–23 минг кишига етган. Фото: AFP

Ҳарбий қанот

ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти билан боғлиқ вазият бироз бошқачароқ. У жонли куч бўйича катта йўқотишларга учраган бўлса-да, сони катта даражада тикланган.

Ғазо секторидаги уруш бошланишидан олдин АҚШ Марказий разведка бошқармаси гуруҳ аъзоларининг умумий сонини 25–30 минг жангчи деб баҳолаган. ҲАМАС бу рақамларни ҳеч қачон расман тасдиқламаган, бироқ бу маълумотлар Исроил баҳоларига мос келади.

Исроил мудофаа армиясининг 2024 йил ёзидаги маълумотларига кўра, Ғазода бошланган операциядан бери ҲАМАСнинг тахминан 17 минг нафар аъзоси ўлдирилган. Бу рақамга гуруҳнинг сиёсий қаноти ва унга бўйсунувчи маъмурий тузилмалари вакиллари ҳам киради, аммо уларнинг сони фақат ўнлаб кишини ташкил қилади — қолганлар асосан оддий жангчилар ҳисобланади.

ҲАМАСнинг ўзи эса ҳарбий қанотидан фақат 6–7 минг киши йўқотилганини тан олмоқда.

Европа Ташқи муносабатлар кенгаши (ECFR) мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқот эса Исроил томони маълумотлари, ҳақиқатга яқин бўлиши эҳтимоли катта эканини кўрсатмоқда.

ҲАМАСнинг эски жангчилар таркибидан ҳозир тахминан 9 минг атрофида одам қолган. Аммо шу билан бирга, Ғазо секторида Исроилга қарши ҳаракат қилаётган кучлар умумий сони яна урушдан олдинги даражага — 20–23 минггача етган.

Бу миқдорга «Исломий жиҳод» каби бошқа гуруҳларга мансуб жангчилар ҳам киради. Шунингдек, ҲАМАС янги жангчиларни сафарбар этган.

Бу ҳақда аввалроқ гуруҳ вакили Абу Убайда маълум қилган эди, 2024 йил бошида эса АҚШ Конгрессидаги манбалар ҳам АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб, буни тасдиқлади.

«Янги жангчиларнинг кўпчилиги эҳтимол, ҳеч қандай тайёргарликдан ўтмаган. ҲАМАС уларни таҳдидлар орқали мажбур қилган ёки гуруҳнинг инсонпарварлик ёрдамни тақсимлашдаги назорати орқали ўзига жалб қилган. ҲАМАСнинг ҳарбий салоҳияти жиддий заифлашган, аммо агар уларга вақт берилса, ўзларини қайта ташкил қилиб олиш учун етарли кучга эга», — дея ҳисоблайди Вашингтон Яқин Шарқ сиёсий таҳлил институти эксперти Идо Леви.

Бироқ Исроил босимни камайтириши амри маҳол.

Исроил қандай кайфиятда?

Исроил жамиятида зиддиятли ҳис-туйғулар ҳукмрон. Охирги бир ярим йил давомида юз минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, ҳукуматдан урушни дарҳол тўхтатиш ва асирларни қайтариш учун ҲАМАС билан келишув тузишни талаб қилмоқда.

«Урушда ғолиблар бўлмайди» — Тел-Авивдаги урушга қарши намойишда қатнашган аёл ушлаб турган баннерда шу сўзлар туширилган. Фото: AFP

Бироқ BBC рус хизмати гаплашган деярли барча исроилликлар «тугалланмаган ва бартараф этилмаган таҳдид ҳисси» ҳақида сўзлашмоқда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз тарафдорларига ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилгунча уруш олиб боришга ваъда берган, шунингдек, биринчи президентлик даврида унга деярли барча режаларда тўлиқ эркинлик берган Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтишини интиқлик билан кутган эди.

Аввалига Трамп ўзидан олдинги президент Жо Байденнинг ҲАМАС билан музокараларни назарда тутувчи тинчлик режасини қўллаб-қувватлагани, дўсти ва иттифоқчиси Нетаняҳуни ноқулай аҳволга солиб қўйгани билан барчани ҳайратда қолдирди.

«Трамп [тинчлик музокараларида] фаол иштирок этиши, жумладан, у расман президент лавозимини эгаллашидан олдиноқ ўзининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакилини минтақага юбориши — янги маъмуриятнинг икки ашаддий душман ўртасида зўравонлик қайта бошланишининг олдини олиш истагини кўрсатади», — деб ҳисоблайди Chatham Houseʼдаги Яқин Шарқ ва Шимолий Африка дастури бўйича катта илмий маслаҳатчи профессор Йосси Мекелберг.

Оқ уйга қайтишидан олдин Трамп неча марта «Авраам келишувлари»да эришилган муваффақиятни такрорлаш ва Исроил билан Саудия Арабистони ўртасида тинчликка эришиш нияти борлигини маълум қилган.

«Трампнинг дастури бошқа давлатларни, аввало Саудия Арабистонини «Авраам келишувлари»га қўшилишга ундашдан иборат. Бу эса Исроилдан фаластинликлар бўйича жиддий ён беришларни талаб этади», — дея таъкидлайди эксперт.

Мекелбергнинг фикрича, Нетаняҳу ҲАМАС билан тинчлик келишувига рози бўлган. Чунки АҚШнинг янги президентидан қўрқиши, ўз ҳукмрон коалицияси парчаланишидан бўлган хавфдан устун келган. Ахир агар у шундай қилмаганида, ўзини алданган ҳис қилган ултраўнг ва диндор партиялар коалициядан чиқиб кетиши мумкин эди.

Ҳукумат парчаланишининг илк «қалдирғоч»лари узоқ куттирмади. Январ ойида ҲАМАС билан келишувга норозилик сифатида миллий хавфсизлик вазири — ўта ўнг миллатчиларнинг «Оцма Йеҳудит» партияси раҳбари Итамар Бен-Гвир ўз лавозимини тарк этди, партиясини коалициядан олиб чиқди, бир неча бошқа вазирлар ҳам унинг ортидан эргашди.

Уларнинг барчаси фақат 18 март куни ҳукуматга қайтди — айнан ўша куни Исроил Ғазо секторида ҲАМАСнинг соҳил ҳудуддаги инфратузилмасига қарши янги ҳужумларни бошлаганди.

Итамар Бен-Гвир — Ғазода ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришни қаттиқ қўллаб-қувватловчи сиёсатчилардан бири. Фото: AFP

«Биз бош вазир Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги Исроил давлатининг интенсив ҳарбий ҳаракатларга қайтаётганини олқишлаймиз. Бу ҲАМАСни йўқ қилиш ва асирларимизни қайтариш йўлидаги мутлақо тўғри, ахлоқий, этик ва энг асосли қадамдир. Биз ҲАМАС деган ташкилот мавжудлигига тоқат қила олмаймиз, у йўқ қилиниши шарт», — деди Бен-Гвир ўз лавозимига қайтган куни.

АҚШнинг қўллови

Исроил вазирлар маҳкамасида Итамар Бен-Гвир каби кўплаб ҳамфикрлар мавжуд экани сабабли, ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш учун Нетаняҳуга Трампнинг қўллови жуда муҳим. Бу эса автоматик равишда тинчлик келишувининг кейинги босқичларидан воз кечишни англатади.

ҲАМАСни мутлақо йўқ қилиш учун Исроилга Вашингтондан «яшил чироқ» керак, дейишмоқда таҳлилчилар. Фото: Getty Images

Аммо урушни тугатишни ҳали лавозимга киришишидан аввал Нетаняҳудан сўраган Трамп бундай қарорга келадими?

Таҳлилчилар фикрича, Трамп томонидан юборилаётган сигналлар зиддиятли. У баъзан музокараларни талаб қилмоқда, баъзан эса Исроил ва АҚШни террор қилувчиларга «чинакам дўзах» ваъда қилмоқда.

Кўплаб экспертлар фикрича, ҳозирги вазиятда энг муҳим жиҳат — Трампнинг Яқин Шарқ бўйича улкан режалари (Эронга босим, Саудия Арабистони билан яқинлик, Ғазо тақдири ва ҳоказо) учун Нетаняҳу ҳукумати қулаши жуда ўринсиз. «Биби» айнан шу режаларни амалга оширишда Трамп учун энг қулай шахс ҳисобланади.

«Шу боис, Вашингтондан ҲАМАСни бутунлай йўқ қилиш учун «яшил чироқ» ё аллақачон берилган ёки албатта берилади», — деди BBCʼнинг Кнессетдаги суҳбатдоши март ойи ўртасида.

18 март — Ғазога нисбатан авиаҳужумлар қайта бошланган куни бош вазир Нетаняҳунинг офисидан шундай баёнот берилди: «Бундан буён Исроил ҲАМАСга нисбатан ҳарбий кучни босқичма-босқич кучайтириб боради».

Бундай баёнотлар Вашингтон билан келишувсиз берилиши мумкин эмас.

«У [Нетаняҳу] ўзининг ўта ўнг ҳукуматини сақлаб қолиш учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Халқаро воситачилар аралашуви ва тинчлик келишувини бузган томон ким эканини аниқ кўрсатувчи далилларни тақдим этиши керак», — деди ҲАМАС сиёсий қаноти раҳбариятидаги юқори мартабали вакил Иззат ал-Ришек.

ҲАМАСнинг ерости артериялари

2023 йил 7 октябридан буён Исроил ҲАМАС раҳбариятини йўқ қилишда катта ютуқларга эришди. Бироқ мутахассислар фикрича, бу ютуқлар стратегик эмас, балки фақат тактик хусусиятга эга.

Дунёда турли пайтларда амалга оширилган ҳарбий амалиётлар кўрсатмоқда: жиҳодчи гуруҳлар жиддий заифлашгач, улар фаол қаршилик фазасидан секинлашган, йиллаб давом этиши мумкин бўлган партизан уруши шаклига ўтади.

Исроил ҳарбийлари БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) офиси остида жойлашган туннелни йўқ қилди. Исроил расмийлари ушбу агентликни 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумида иштирок этганликда айбламоқда. Ҳуқуқ фаоллари эса бу айбловларни рад этади. Фото: AFP

ҲАМАС ҳам назарий жиҳатдан бундай курашга ўтиши мумкин. Аммо Ғазо секторидаги география бу гуруҳ фойдасига хизмат қилмайди. Бошқа давлатлардаги жангарилардан фарқли ўлароқ, ҲАМАС аъзолари тоғларга ёки ўрмонларга ғойиб бўлиб кетолмайди, қўшни давлатларга босқин уюштириб, у ердан қурол ёки озуқа олиб келолмайди.

Ғазода тоғлар ҳам, ўрмонлар ҳам йўқ. У бир томондан Исроил, иккинчи томондан эса яхши қуролланган ва сиёсий жиҳатдан бетараф Миср билан чегарадош.

Бундай шароитда ҲАМАС партизан урушида фақат икки таянчга эга: ерости инфратузилмаси ва аҳоли қўллаб-қувватлови.

ЦАҲАЛ қўмондонлиги маълум қилишича, Исроил армияси Ғазо ва Миср чегарасидаги Филаделфия коридори остидаги ҲАМАСга тегишли туннелларнинг тахминан 80 фоизини йўқ қилган. Бу ерлар асосий контрабанда йўли ва қурол ҳамда бошқа юкларни етказиб бериш канали бўлган.

Вашингтонда жойлашган Яқин Шарқ сиёсати институти баҳосига кўра, бу — ҲАМАС имкониятларига берилган жуда кучли зарба. Бу йўқотиш, ҳатто жонли кучлар орасидаги катта йўқотишлардан ҳам оғирроқдир. Чунки инсон ресурсини қайта тўлдириш инфратузилмани қайта қуришдан анча осон.

Бироқ ҲАМАСнинг ерости туннеллари Филаделфия коридори билан чекланмаган. Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бир неча ой ўтибоқ Исроил мудофаа армияси бу туннеллар умуман олганда олдинги ҳисоб-китобларга нисбатан анча кенг эканини тан олди.

Янгиланган маълумотларга кўра, ерости коммуникация тизимининг умумий узунлиги ўртача 650 километрни ташкил этади ва аввал ўйланганидан кўра кўпроқ тармоқларга эга.

Жорий йил май ойида АҚШ разведкаси ҲАМАС туннелларининг тахминан 65 фоизи ҳануз фаол эканини маълум қилди. Исроил эса бу кўрсаткични 40 фоиз деб баҳоламоқда. Айрим туннеллар шунчалик кенгки, уларда зирҳли техника ва бошқа қуролларни бомбалардан яшириш мумкин.

Кўплаб ҳарбий таҳлилчиларга кўра, Исроил учун бу инфратузилмани йўқ қилиш ўз мақсадларига эришишда ҳал қилувчи калит ҳисобланади. Бироқ бу — урушдаги энг мураккаб вазифалардан биридир.

Ички босим

Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирги шароитда жангариларга қарши курашнинг энг самарали йўли — уларга фаластинликларнинг ўзлари томонидан кўрсатилаётган босим бўлиши мумкин. Аммо аҳоли хавфсизликдан қўрққани учун бундай оммавий чиқишлар кам учрайди.

Уруш бошланганидан буён ва умуман, сўнгги кўп йиллик даврда илк бор Ғазо аҳолиси кўчаларга чиқиб, ҲАМАСдан кетишни талаб қилди. Фото: AFP

Шунга қарамасдан, 25 март куни Ғазо секторидаги Байт Лаҳия шаҳрида юзлаб одамлар ҲАМАСга қарши намойишга чиқди.

Бу воқеа «Исломий жиҳод» гуруҳи Исроилга ракета отгандан кейинги куни рўй берди. Исроил армияси эса бу ҳужумга жавобан Байт Лаҳиянинг бутун маҳаллаларига эвакуация буйруғини берди.

Қисқа танаффусдан кейин яна кўчишга мажбур бўлган одамлар ғазаб билан кўчаларга чиқиб, «ҲАМАС, кет!» ва «ҲАМАС ҳокимияти кетсин, «Ихвон ул-муслимин» («Мусулмон биродарлар») ҳокимияти кетсин!» деган шиорларни бақиришди.

Бу намойиш ҲАМАС жангчилари томонидан ўқотар қурол ва калтаклар билан тарқатилди. Бироқ очиқ норозиликнинг ўзи гуруҳ учун ёмон аломатдир.

«Ғазода ҲАМАСга қарши бўлганлар доим бўлган ва кам ҳам эмас. Лекин улар аралашишдан қўрқишган. Кўпчилик ФАТҲ билан қилган ҳисоб-китобларини эслайди — ахир у ерда гап оддий одамлар эмас, сиёсий куч вакиллари ҳақида эди. Ҳозир эса одамлар очиқча кўчаларга чиқди — бу уларнинг қўрқишдан чарчаганини англатади. Улар бир ярим йилдан бери ўлимдан қочиб юрибди. Агар бундай одамлар сони ортиб борса, ҲАМАС учун бу жиддий таҳдидга айланиши мумкин», — дейди 2006 йилда ҲАМАС ҳокимиятга келганидан сўнг Ғазони тарк этиб, Ўрдун дарёсининг Ғарбий соҳилига кўчиб ўтган ғазолик собиқ журналист Надир С.

Ғазо секторида ҲАМАС тарафдорлари ҳам кам эмас. Бу ҳудудда аҳоли ўртасида сўров ўтказиш жуда мураккаб, чунки одамлар ўз сиёсий қарашларини очиқ билдиришдан қўрқади. Бироқ турли манбаларга кўра, тарихан гуруҳни тахминан 40 фоиз аҳоли қўллаб-қувватлаган. Бу эса мутлақ ҳокимиятни сақлаб қолиш учун етарли бўлган.

«ҲАМАС ҳеч қачон кўпчиликнинг қўллаб-қувватловига эга бўлмаган. Бироқ у ҳали ҳам фаластинликларнинг Ғазодаги энг машҳур сиёсий ва қуролли гуруҳи бўлиб қолмоқда. Одатда халқнинг ҲАМАСга нисбатан ғазаби Исроилга нисбатан ғазаб олдида сояда қолади. Ҳатто ҲАМАС танқид қилинганда ҳам, Исроил асосий айбдор сифатида қаралади», — дейди Европа Ташқи муносабатлар кенгашининг (ECFR) катта илмий ходими, ҲАМАСнинг ҳарбий вазиятига оид тадқиқот ҳаммуаллифи Ҳю Ловатт.

Бироқ ҳозир вазият сезиларли ўзгарган. Уруш бошланганидан бери ҲАМАСга қаратилган танқид овозлари интернетда ҳам, Ғазо кўчаларида ҳам тобора баландлашмоқда.

Одамлар ҲАМАСни 2023 йил октябрида Исроилга ҳужум режалаштираркан, аҳоли учун оқибатлар ҳақида ўйламаганликда айблашмоқда. Боз устига, жангчилар ўзларини тинч аҳоли билан ниқоблаётганини тан олишмоқда.

Энг қаттиқ ғазабни эса аҳоли орасида ҲАМАС инсонпарварлик ёрдамини ўзлаштираётгани ҳақидаги гумонлар келтирмоқда. Мазкур ёрдам қисқа танаффусдан сўнг Ғазо секторига қайта кириб кела бошлади. Апрел ойида эса Исроил, тинчлик келишуви шартлари юзасидан ҲАМАС билан келишмовчилик туфайли, товарлар Ғазога олиб кирилишини қайта тақиқлади.

«Шунча кўп янги жангчиларни ёллаш учун керак бўлган пуллар ҲАМАС томонидан мажбурий мусодара қилинган инсонпарварлик ёрдам пакетларини Ғазо бозорларида қайта сотиш орқали келмоқда», — дейди ҳарбий манбалар маълумотига таяниб Қуддус Хавфсизлик ва ташқи ишлар марказининг (JCFA) катта илмий ходими Йони Бен Менаҳем.

Албатта, Ғазо сектори аҳолиси ўз хулосаларини Исроил ахборотига таянмасдан чиқаради. Бироқ улар аниқ биладиган нарса бир кунда болаларининг қорнини неча марта тўйғиза олаётгани.

Мавзуга оид