Спорт | 11:29 / 09.04.2025
11738
12 дақиқада ўқилади

Йирик ҳисоб рецепти. Артета Анчелоттини қандай доғда қолдирди?

«Арсенал» «Реал»ни иккинчи бўлимда яксон этди, Райс FIFA ўйинларига хос шедевр голлар урди.

Фото: Арсенал

«Реал» Чемпионлар лигаси чоракфиналида «Арсенал» томонидан тор-мор этилди! Совриннинг амалдаги ғолиби турнирни тарк этиш ёқасига келиб қолди. Энди Карло Анчелотти шогирдлари «Сантяго Бернабеу»даги жавоб учрашувида мўъжиза кўрсатиши талаб этилади. Қуйида «Спортс.ру» колумнистлари Вадим Лукомский ҳамда Вячеслав Палагиннинг мазкур ўйин бўйича таҳлили таржимаси келтирилади.

Ҳужумчиларсиз қолган «Арсенал» «Реал»ни йирик ҳисобда мағлуб этди (3:0) – Деклан Райс тарихий ва ақл бовар қилмас голлар муаллифига айланди.

Жароҳатланган футболчилар кўпайиб кетгани туфайли Артетада таркиб бўйича сюрприз қилиш имконияти ҳам йўқ эди. Кетганларнинг сўнггиси – Габриэл. Унинг ўрнида Якуб Кивёр ҳаракатланиши маълум эди. Букайо Сака жароҳатдан қайтганидан буён илк бор бошланғич таркибда тушди – у бунгача икки марта захирадан ўйинга қўшилганди (катта эҳтимол билан, у айнан шу ўйинга куч тежаган). Расман форвард жойини эса кутилганидек Микел Мерино эгаллади.

Карло Анчелотти чап қанот ҳимоячиси танлови билан ажаблантирди. Бу позицияга Давид Алаба қайтарилди. Ўйиндан олдин яна бир интрига Феде Валверде қандай ролда бўлиши билан боғлиқ эди: майдон марказида ёки ўнг қанот ҳимоясида. Карло иккинчи вариантни танлади, таянч зонасида Лука Модрич ва Эдуардо Камавинга тушишди (Орелен Тчуамени дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборди).

Тўпга ўзидалигида «Арсенал» учта ўнлик билан ўйнади. Уларнинг динамиклиги – муваффақият калити бўлди

«Арсенал» тўпга эгалик қилганида 3-2-3 + қанотларни кенг ёйган икки вингер тузилмасида жуда аниқ ва интизомли сафланди. 
 
Бир неча мисоллар.

Бунда асосий ролни уч ўнлик бажарди: Деклан Райс, Микел Мерино, Мартин Эдегор. Ҳимоядан чиқишда уларнинг учаласи ҳам яримҳимояда ўзини таклиф қилди, аммо ҳаракатчанлик эвазига тўпни олдинга олиб боришга ёрдам беришга (кўпинча Эдегор орқали ўйналди) ҳам улгуришди ва рақиб жарима майдонига кириб боришди.

Биринчи бўлим якунларига кўра бу учлик майдонда энг кўп югурган футболчилар бўлишди.

Бу бўйича иккинчи бўлимдаги статистика кўрсатилмади (Райс эса ўйин охирида захирага олинди), аммо картина жиддий ўзгаргани даргумон. Динамик яримҳимоя «Арсенал»га марказда устун келишда ёрдам берди.

«Арсенал» вазиятга қараб олдинга борувчи уч нафаргача таянч яримҳимоячиси ва уч нафаргача ҳужумчига эга бўлди. Кўпинча қуйидаги нисбатда: жойлашиш ва таянчга ёрдам бериш зарур бўлганида, улардан бири ортга сурилди, қолган иккиси юқорироқда қолди; майдоннинг рақиб томонидаги учинчи қисмида «икки киши жарима майдони тўлдиради, бир киши орқароқда ишлайди» қоидасида ҳаракатланишди.

Буни кўрсатувчи скриншотлар.

Алоҳида эпизодларда янада радикал нисбат юзага келди, аммо бу ғоя ва уни амалга ошириш туфайли «Арсенал» ҳеч қаерда камчилик бўлиб қолмади. Позицияларнинг доимий ўзгариши «Реал» қаршисига қўшимча саволларни қўйди: лондонликларда олдинга ҳаракатланиш ҳам, ҳудудларни ёпиш ҳам ишлади. 

Бундай тузилиш мезбонларга ўйинни назорат қилиш имконини берди. «Реал»нинг прессинг қилишга бўлган кам сонли уринишлари барбод бўлди, шу туфайли Анчелотти жамоаси майдоннинг ўз дарвозаси томондаги қисмида ҳимояланишга мажбур бўлди. Улар бу ҳудудда марказни 4-4-2 схемасида ёпишди.

Қанотларга йўллар эса очиқ қолдирилди. Бу Букайо Сака ва Габриэл Мартинеллини – рақиб жарима майдони жамоадошлар билан тўлдирилган шароитда муҳим фигураларга айлантирди. «Арсенал»ни бундай картина тўла қаноатлантирарди. Жамоа оддий позицион ҳужумларда ҳам марказга интилмади ва қанотлардаги устунликдан фойдаланди.

Райс Мадридни нафақат жарима зарбалари билан жазолади. Рақиб ҳимоячи сафига ёриб кириши билан ҳам ажралиб турди

Бундай дуплетдан кейин Декландан камида учта нарсани сўраш керак.

1. Райс ўйиндан олдин Яя Туренинг 2013/14 йиллар мавсумидаги ҳайлайтларини кўриб чиққанми? Деклан бир неча марта Яяни такрорлашга ҳаракат қилиши ҳақида гапирган. Ўша мавсумда эса Туре ҳам жарима зарбаларини жуда зўр ижро этган.

2. Деклан Дубайдаги сўнгги йиғинда нима билан шуғулланган? Ўтган мавсумда Райс айнан ўша ердан бурчак зарбаларини ижро этишда моҳир футболчи бўлиб қайтганди. Анъанани давом эттириб, бу йил унда яна бир скиллни кучайтиришганми? 

3. Стандарт вазиятлар бўйича мураббий Николя Жовернинг маслаҳатлари қанчалик фойда берди? Биринчи голдан кейин камералар француз мутахассиснинг зарба берилишидан олдинги ҳаракатларини кўрсатди, у тўпни ким тепишини айтишдан ташқари тўпни қандай қилиб айлантиришни ҳам ўргатаётганди. Жамоанинг бурчак зарбаларини янги даражага олиб чиққан Жовер жарима зарбаларини ижро этишни ҳам яхшилаётган бўлса, яна маошини кўтаришни сўраса бўлаверади (охирги бор декабрда кўтарилган).

Голлар, шубҳасиз, Райснинг ўйиндаги асосий ютуғи, аммо тактик томондан унинг жарима майдонига ёриб киришлари ҳам муҳим рол ўйнади. Сўнгги ўйинларда Деклан бу борада жуда катта ўсишга эришди. Бошланиш нуқтаси – Микел Мерино асосий таркиб футболчисига айланиши бўлганди. Райс у билан ўзига хос химияга эришди: у жамоадаги янги тўққизликнинг ҳаракатларини идеал даражада тўлдириб, рақибларни анча ортдан кириб келиш билан чалкаштириб ташламоқда.

«Реал» билан ўйин эса унинг бу ролдаги энг яхши ўйини бўлди. Унинг ёриб кириш ҳолатларини уч тоифага ажратиш мумкин.

● Деклан бостириб киради, уни эса ҳеч ким таъқиб қилмайди. Мадридликлар бундай хатога деярли йўл қўйишмади, аммо биринчи бўлимдаги шундай эпизодда гол урилиши мумкин эди. Мерино билан боғламнинг идеал тимсоли: испаниялик яримҳимоячи ҳимоячини ўзига жалб қилади, инглиз жамоадоши эса бўш зонага кириб боради ва қаршиликка учрамасдан зарба беради.

● Рақиб Декланни кузатиб боради, аммо унинг отилишига кеч реакция қилади ва ўтказиб юборади. Райс бундай трюкни рақибнинг «думидан тутиш» ва қарор қабул қилиш учун ортиқча сонияга эга бўлиш учун ишлатади. Тўпни қабул қилгач, пас орқали шерикларини топишга уринади.

● Рақиб Райсни персонал қўриқлайди, аммо воқеалар ривожида рақибнинг таянч зонаси очилиб қолади. Бундан эса рақиб жарима майдони чегарасида слалом уюштиришни хуш кўрувчи Майлз Люис-Скелли унумли фойдаланди. Ўйиндаги учинчи гол – шундай комбинациялардан бирининг натижаси бўлди.

Райснинг барча ишга қодирлигини унинг рақиб жарима майдони ичида саккиз ҳаракатни амалга оширганида ҳам кўриш мумкин. Бу оқшомда у одатий кўрсаткичдан (бир ўйинга ўртача 2,38) тўрт баробар юқори ва майдонда Килиан Мбаппе ҳамда Винисиус каби ҳужумчилар борлигида энг яхши натижага эришди. 

Райс учун икки жарима зарбасини ҳам Сака ишлаб берди. У топ-формада эмаслигида ҳам жамоа учун қўшимча вариантлар яратади

Карло Анчелоттининг сюрпризларидан бири – Давид Алабани илк дақиқалардан туширишнинг ўзи эмас, балки Букайо Сакага қарши ҳаракатланиши учун ушбу австриялик ҳимоячига тўлиқ ишониши бўлди.

АПЛдаги мураббийлар доим Сакага бир эмас, балки икки футболчини боғлаб қўйди (бири унинг чап оёғини, бошқаси – ўнгини ёпишга масъул). Алаба эса кўп ҳоллара Сака билан яккама-якка қолиб кетди. Жароҳатдан эндигина қайтган Букайо ҳали формасини тиклашга улгурмаганидан келиб чиқиб шундай қарорга келинган бўлиши мумкин.

Алаба 1 га 1 вазиятларда улгурди. Мураккаб эпизодлар частотасига қарамай, у муносиб ҳаракатланди ва бирор марта ўзини алдаб ўтишга йўл қўймади. Бутун ўйин давомида Сака бирор марта ҳам алдаб ўтишга уринишни амалга оширмади. Лекин ёмон янгилик ҳам бор: Букайо жуда ёмон формада бўлганида ҳам, бир компонентсиз ҳам уддалай олади. Унинг имкониятлари жуда кенг. 

Ўйин давомида Букайо услубини ўзгартирди: тўпни ўнг қанот чизиғи бўйлаб кутиш ўрнига марказга силжий бошлади. Алаба уни шерикларига топширишга журъат этмади ва унинг ортидан эргашди. Бу эса мезбонлар учун вазиятни кескинлаштиришда бирданига икки вариантга йўл очди. 

Биринчидан, қанотда жамоадошлар учун бўш зоналар ҳосил бўлди. Қуйидаги кадрда Тимбер ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан жарима майдони ичига узатма қилиш имкониятига эга бўлганини кўриш мумкин.

Иккинчидан, Сака Алабани унга ноодатий бўлган зонада синовдан ўтказишга киришди. Эпизодлардан бирида Давид қоида бузишдан ўзга чора тополмади – бу эса Райснинг биринчи голига олиб келди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳужумда иккинчи жарима зарбаси ҳам ишланди, аммо бу ҳолатда Сака индивидуал маҳоратини ҳам ишга солиши талаб этилди. Унинг мудофаа чизиғидан ўтишини на Беллингҳем, на Родриго ва на Камавинга тўхтата олди. Француз фол учун ўйиндаги биринчи сариқ карточкани олди. Яъни Букайо нафақат гол учун, балки рақиб сафидаги четлатиш учун ҳам пойдевор қўйди. 

«Реал» нима учун бу қадар кам вазият яратди?

Иккинчи бўлимда ютқазаётганида, кейин эса йирик ҳисобда ортда қолаётганида, «Реал» атиги у зарба йўллади. Биринчи бўлимда имкониятлар кўпроқ бўлганди, аммо барибир бу вазиятлар рақиб тўп йўқотишидан кейинги тезкор қарши ҳужумларда бўлганди.

Бундай ҳолатларда эса мадридликлар доимо хавфли. Ҳимояланишда Винисиус ва Мбаппе бошқалардан юқорироқда қолди. Уларга тезда тўп етказиб бериб турилди. Барчаси одатдагидек, фақат якуний қарорлар фарқ қилди – гап фақат реализацияда эмас, балки охирги ва ундан олдинги ҳаракатларда ҳам. Бу ўринда шу куни асосий юлдузларнинг куни бўлмаганини қайд этиш керак. 

Позицион ҳужумда эса – такрорланувчи хатолар. Жамоа ўйиннинг 47 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди ва маълум оралиқларда ўйинни назорат қилди, аммо рақиб дарвозасига умуман хавф сололмади.

Анчелоттида юлдузлар доимо кўп эркинликка эга бўлади, аммо ҳужумчилар ва тўпни олиб борувчиларнинг базавий нисбатини мураббий белгилайди. Одатда «Реал»да тўпни рақиб ҳудудига олиб бориш учун марказдаги тўртлик масъул бўлади, қолганлар эса юқорироқда очилади. Бу ўйинда эса нисбат пассивроқ эди. Тўпни олдинга ҳаракатлантиришда кўпинча Валверде ўнг марказий ҳимоячи сифатида орқада қолди.

Баъзи ҳолатларда эса тўп чизиғида олти нафаргача футболчи жойлашди.

Бу нафақат ғоялар тақчиллиги муаммоси, балки шунчаки жасурик етишмаслиги ҳамдир. Бундай вазиятларда мадридликлар рақибни етарлича синаб кўрмади. Эҳтимол, Анчелотти Мартинелли ва Саканинг қарши ҳужумлардаги тезлигидан қўрққандир. Аммо бу қўрқув унинг жамоасига кучлироқ таъсир қилди.

Мавзуга оид