Ўзбекистон | 12:15 / 07.04.2025
1332
2 дақиқада ўқилади

Британия университети Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиши мумкин

Ўзбекистон дипломатлари Британиянинг Роэмптон университети (University of Roehampton) проректори, профессор Ричард Кеог билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот давомида олий таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, шунингдек Ўзбекистон университетлари билан академик, илмий-тадқиқот йўналишларида биргаликда ишлаш режалари муҳокама қилинди.

Роэмптон университети ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида икки томонлама диплом бериш дастурларини амалга ошириш, мазкур олий билим юртининг таълим ва ўқув дастурларини франчайзинг асосида юртимиздаги олий таълим муассасаларига жорий этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Проректор Ричард Кеог Ўзбекистонда Британия таълим стандартларини жорий этишдан манфаатдорлигини таъкидлаб, мамлакат олий таълим муассасалари билан қайд этилган барча йўналишларда узоқ муддатли ҳамкорликни ўрнатишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида мазкур йўналишдаги биргаликдаги ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

University of Roehampton 1841 йилда Уайтлендс коллежи сифатида ташкил этилган. 1975 йилда Роэмптон олий институти, 2004 йилдан эътиборан эса университет мақомини олган. Ҳозирги кунда мазкур университетда салкам 13 минг, шу жумладан 15 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил оляпти. Унда педагогик йўналишлар, бизнес бошқаруви, тиббиёт, ижтимоий фанлар, IT, санъат ва дизайн, гуманитар ва спорт фанларидан сабоқ берилади. Университетнинг Сингапур, Германия, Франция, Греция ва Непалда филиаллари бор.

Мавзуга оид