Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кераксиз бўлиб қолиш даҳшати – «Эврилиш»
Яқинларингиз сизни нима учун қадрлашади? Улар учун қай даражада аҳамиятлисиз? Атрофингиздагиларга нега кераксиз? Пул топишингиз, меҳр-муҳаббатингиз, обрў-эътиборингиз ва яна нималар учун кераксиз? Айтайлик, сиз бир кунда уларнинг ҳаммасидан ажраб қолсангиз нима бўлади? Ҳашаротга айланиб қолсангиз улар қандай йўл тутишади?
"5 дақиқа" лойиҳасининг навбатдаги сонида Кафканинг "Эврилиш" асари ҳақида гаплашамиз.

Франц Кафка Прагада туғилган, немис тилида ижод қилган. Ўз асарларида инсон руҳи, жамиятдаги бегоналашиш ва маънавий боғлиқлик каби мавҳум мавзуларни чуқур тадқиқ этган ёзувчи.
Унинг “Эврилиш” ҳикояси 1915 йилда нашр этилган ва ўша пайтда ҳам, бугун ҳам одамни титратувчи, саволлар билан қийновчи фалсафий кучга эга.
Кафка кўплаб асарларини чоп этмасликни васият қилган. Лекин унинг дўсти Макс Брод ёзганларини сақлаб қолади.
Бугун “Эврилиш” дунё университетларида ўргатилади, театр саҳналари ва кино экранларида қайта-қайта жонлантирилади. Унинг асарларида сукут баландроқ бақиради, маънолар гўё сиз билан пичирлашади.
У ҳашаротга айланиб қолади
Асарнинг бош қаҳрамони - Грегор Замза. У кундалик меҳнат билан оиласини боқадиган инсон. Бир кун у улкан ҳашаротга айланган ҳолда уйғонади. Умуртқали, шохли, гапира олмайдиган, қийналиб юрадиган жонзот.
Тўғри эшитдингиз - айнан ҳашаротга. Кафка жаноблари бунга изоҳ бериб ўтирмаган, албатта. Англаш учун ўқувчининг ўзи тер тўксин, деган.
Моддий жиҳатдан эврилган Грегорнинг қалби ҳамон инсон эди. Бироқ унинг кўриниши нафақат жамиятда, балки энг яқинлари - оиласида ҳам нафрат ва рад этиш ҳиссини уйғотади.
Кераксизга айланиш оғриғи
Грегор аввал оиласининг суянчиғи эди. Қарзларни у тўлар, рўзғор учун меҳнат қилар, бундай олиб қараганда, рисоладагидек оила аъзоси эди. Бир кунда, айнан бир кунда у муаммога айланади. Оила аъзолари аввал ундан қўрқади, кейин юз ўгиради, овқат беришмайди, бора-бора унинг йўқ бўлишини истай бошлашади.
Сиз шундай қилармидингиз?
Энг аламлиси ҳашаротга айланган йигит хорликда вафот этади ва бу воқеадан сўнг оиласи енгил тортгандек бўлади. Ўша куни улар дам олиш учун шаҳарга чиқишади. Ҳатто келажак режалари ҳақида хурсанд ҳолда суҳбатлашишади.
Ҳашаротга айланган инсоннинг ўлими ҳеч кимни қайғуга солмайди. Кафка айнан шу орқали ўқувчига савол қўяди: Инсон ҳаёти ва қадри унинг қанчалик фойда келтириши билан ўлчанадими? Оилада шартларсиз, талабларсиз меҳр-муҳаббат бўлмайдими?
Кафка руҳингизни силкитади
Кафка сўз билан бақирмайди. У шивирлайди. Лекин шу шивир - қалбимизда тўфон уйғотади. “Эврилиш” айнан шундай асар. Шунинг учун ҳам бу ҳикоя ҳали кўп ўқилади, англанади ва оғриқ беради.
***
“Беш дақиқа”нинг бу галги сони мана шулар ҳақида. Агар сизни беш дақиқа давомида ҳаёт ҳақида ўйлашга, ўзингизга чуқур саволлар беришга мажбур қила олган бўлсак, демак, мақсадимизга эришдик.
Исомиддин Пўлатов.
Мавзуга оид

17:50 / 17.07.2025
Ноширлик фаолиятига оид қонун ўзгаряпти, китобларга цензура жорий этиладими? – мутахассислар билан суҳбат

19:30 / 16.07.2025
Yandex Books интерфейси энди ўзбек тилида

20:47 / 22.05.2025
АҚШ газетаси СИ томонидан ўйлаб топилган сохта китоблар рўйхатини чоп этди

08:55 / 19.04.2025