Қирғизистон бош вазири коррупция туфайли истеъфога чиқарилган бўлиши мумкин
Оқилбек Жапаровнинг истеъфоси Солиқ қўмитаси раиси ва унинг ўринбосари ҳибсга олингани фонида рўй берди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, собиқ бош вазир «бирор нарсага алоқаси борлиги учун кетган, шунчаки кетмаган».

Қамчибек Ташиев ва Оқилбек Жапаров
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамаси собиқ раҳбари Оқилбек Жапаровнинг «бошқа ишга ўтиши муносабати билан» истеъфога чиқишига изоҳ берди.
Унга кўра, бу ҳақдаги қарорни президент қабул қилган.
«Оқилбек Усенбекович тажрибали инсон бўлиб, давлат учун кўп хайрли ишларни қилган. Биз президент қарорларини муҳокама қилмаймиз», деди у.
Шу билан бирга, журналистлар собиқ бош вазирни Қирғизистон Давлат солиқ хизматидаги коррупцияга алоқаси бор-йўқлиги ҳақида сўрашди. Қамчибек Ташиев шундай жавоб берди: «Бирор нарсага алоқаси борлиги учун кетди. Шунчаки кетмади».
6 декабр куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Давлат солиқ хизмати раиси Олтинбек Абдувапов ва унинг ўринбосари Исломбек Қидирғичевни қўлга олган эди. Улар коррупция схемаларига алоқадорликда ва мансаб ваколатларини суиистеъмол этишда гумонланмоқда.
Тергов маълумотларига кўра, фирибгарлик электрон юк-хатлари билан боғлиқ. Ноқонуний ҳаракатлар якка тартибдаги тадбиркорларга катта ҳажмдаги солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, реал даромадларни яшириш ва мамлакат иқтисодиётига катта зарар етказиш имконини берган.
Мавзуга оид

15:13
“Африканинг айрим мамлакатларидан ҳам орқадамиз” — сенатор одил судлов масаласида

18:39 / 31.05.2025
Истанбул мэриясининг 30 нафардан ортиқ ходими ҳибсга олинди

07:50 / 24.05.2025
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Андижонда сезилди

17:29 / 23.05.2025