20:38 / 26.04.2024
13377

Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ошди, Россиянинг улуши камайди

2024 йилнинг 1-чорагида Ўзбекистонга пул ўтказмалари 8,6 фоизга ўсиб, 2,5 млрд долларни ташкил қилди. Марказий банк раисига кўра, пул ўтказмалари таркибида Россиянинг улуши камайиб боряпти.

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / ТАСС

Жорий йил 1-чорагида хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ошди. Бу ҳақда 25 апрел куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“1-чоракда пул ўтказмалари 2,5 млрд долларни ташкил қилди. Бунда Қозоғистон ва Россиянинг улуши 84 фоизгача пасайди, Россиянинг улуши 68 фоизгача пасайди. Пул ўтказмалари ўтган йил биринчи чоракка нисбатан 8,6 фоизга ўсди”, – деди регулятор раҳбари.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонга 11,4 млрд долларлик пул ўтказмалари кириб келган. Бу – аномал ўсиш кузатилган 2022 йилга нисбатан 33 фоизга кам, 2021 йилга нисбатан эса қарийб 42 фоизга кўп. Ўтган йили умумий пул ўтказмалари 33 фоизга камайган бўлса, Россиядан ўтказмалар 39 фоизга қисқарган. Ўз навбатида, бошқа давлатлардан келадиган пул ўтказмалари 15 фоизга ошган.

МБнинг феврал ойидаги прогнозига кўра, 2024 йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 6-8 фоиз атрофида ўсиши кутиляпти.

“Пул ўтказмалари ҳажми 2024 йилда хориждаги ишчи кучига юқори талаб натижасида 6-8 фоиз атрофида ўсиши мумкин. Жорий йилда пул ўтказмаларининг кириб келиши бўйича ижобий кутилмалар, иқтисодиётдаги иш ҳақи миқдорларининг ошиб бориши аҳоли даромадлари реал ўсишининг 5-7 фоиз атрофида шаклланишига хизмат қилади”, – дейилган Марказий банк шарҳида.

Жаҳон банки куни кеча эълон қилинган прогнозларига кўра эса, 2024 йилда пул ўтказмалари ҳажми асосан Россияга борадиган меҳнат муҳожирлари сонининг қисқариши кутилаётгани ҳисобига камайиши мумкин. Жаҳон банки экспертларининг фикрича, пул ўтказмаларининг камайиши ва импортнинг кўпайиши билан жорий ҳисоб тақчиллиги бироз ошади, лекин барқарор бўлиб қолади, чунки Ўзбекистон иқтисодиётини ислоҳ қилиш жараёни хорижий молиялаштиришни талаб қилади. Жорий ҳисоб тақчиллиги қисман инвестициялар ва қарзлар ҳисобига қопланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукумати меҳнат миграциясини диверсификация қилиш, бир қатор хорижий мамлакатларга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини йўлга қўйиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширяпти. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги аввалроқ Германия ва Жанубий Кореяга бир неча ўн минг ишчи юборилиши ҳақида хабар берганди. Апрел ойи бошида меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чоралар эълон қилинди.

Top