18:50 / 06.03.2024
14879

Ангрендаги иккита мактабда «Телефонсиз мактаб» тизими жорий этилди

Аввалроқ, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев «Телефонсиз мактаб» тизимини жорий этганларни 300 млн сўм мукофот билан рағбатлантиришини айтган эди. 

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Тошкент вилояти, Ангрен шаҳридаги 13- ва 17-умумтаълим мактабида «Телефонсиз мактаб» тизими жорий этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, мактаб маъмурияти ва ота-оналар кузатув кенгаши иштирокида йиғилиш ўтказилиб, таълим муассасасида телефондан умуман фойдаланмаслик таклифи маъқулланган. 

Аввалроқ, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев умумтаълим мактаб директорлари билан ўтказган йиғилишда «Телефонсиз мактаб» тизимини жорий этиш, телефондан фойдаланмаслик таклифини илгари сурган ва буни амалга оширганларни 300 млн сўм мукофот билан рағбатлантиришини айтган эди. 

Бироқ, мактабларда телефондан фойдаланишни тартибга солувчи қоидалар «Телефонсиз мактаб» тизими ташаббусидан ҳам анча олдинроқ қабул қилинган. 

Жумладан, бундай меъёрлар Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгилаб қўйилган. 

Қарорга кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар ўз телефони абонентининг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши («овозсиз» режимга ўтказиши) шарт. 

Ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин телефонни тўлиқ ўчириб, портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши керак. 

Таълим олувчиларга бошқа нарсалар қатори, ўқув машғулотлари вақтида телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS (ММS) ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш тақиқланади. 

Бироқ, таълим олувчилар машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефондан фойдаланиши, SМS, ММS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар хизматидан фойдаланиши мумкин. 

Фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди. 

Таълим муассасасининг ўқитувчилари ва бошқа ходимлари ҳам ўқув машғулотлари вақтида телефондан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. 

Қарор талаблари бузилган тақдирда, таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонни олиб қўйиш, бу ҳақда билдиришнома расмийлаштириш ва огоҳлантириш бериш ҳуқуқига эга.

Top