18:00 / 06.07.2018
11331

Финал олдидан финал. Бельгиянинг «Олтин авлоди»да охирги имкон

Жаҳон чемпионати. 1/4 финал. 6 июль. БРАЗИЛИЯ – БЕЛЬГИЯ. 23.00 (Тошкент)

Жума оқшомида жаҳон чемпионатининг икки асосий фаворити Бразилия ва Бельгия терма жамоалари ярим финал йўлланмаси учун ўзаро куч синашади. «Трибуна» ушбу қарама-қаршиликда терма жамоаларнинг имкониятларига баҳо беради.

Қайси ҳужум чизиғи кучлироқ?

Фото: Reuters

Ромелу Лукаку, Эден Азар, Кевин Де Брюйне, Дрис Мертенс тўртлиги Неймар, Габриэл Жезус, Коутиньо ва Виллиан тўртлигига қарши. Бу тўртликлар жанги жаҳон чемпионати финалини безаган бўларди. Турнирда бундай даражадаги юлдузлар қарама-қаршилигини бошқа учратмаймиз.

Бельгия – турнирнинг энг сермаҳсул терма жамоаси бўлиб турибди. «Қизил иблислар» ўтган 4 ўйинда ҳам ғалаба қозониб, жами 12 гол уришди. 4 ўйинда ҳам ғалаба қозонишни фақат Уругвай уддалаган, аммо жанубий америкаликлар 5та кам гол уришган.

Бельгия терма жамоаси ҳимоячиси Венсан Компанининг ҳисоблашича, «қизил иблислар» фақатгина футболчиларнинг индивидуал имкониятларига ишонч билдириши тўғри бўлмайди. «Биз камикадзелар» эмасмиз. Агар бир бутун жамоа бўлиб ҳаракатланмасак, бизда ғалаба қозониш имкони бўлмайди», деган 32 ёшли футболчи.

Бразилияликларнинг ҳужум тўртлиги анча вақтдан буён биргаликда, бутун бир механизм бўлиб ҳаракат қилмоқда. Бу тўртликда фақатгина Неймар ўзининг индивидуал маҳоратини намойиш этишга уриниб, алоҳида ажралиб қолиши мумкин. Аммо у охирги ўйинларда асосан жамоа ўйини учун қайғурди.

Ҳимоя масаласига келсак, Бельгия топ-терма жамоаларга хос бўлмаган тарзда кўп гол ўтказиб юбормоқда, Куртуа дарвозаси олдида кўплаб голли вазиятлар яратилишига йўл қўйиб берилмоқда. Россиядаги турнирда бельгияликлар дарвозасига шу вақтгача 4 гол уриб бўлишди. Бразилия эса бу турнирда ҳимояда деярли бехато ҳаракат қилмоқда, Тите жамоаси турнирнинг ҳимояда энг кам қўполлик ишлатган терма жамоаси бўлиб турибди, қолаверса бу жамоа дарвозаси томон энг кам зарба берилган. Бир сўз билан айтганда, Бразилия ҳимояси - метин девор. Статистикага қарайдиган бўлсак, Тиаго Силва ва Миранда жуфтлиги ўтган 4 ўйинда жами бўлиб 7 фол ишлатган, бельгиялик ҳимоячиларда эса бу кўрсаткич 14 фолга тенг.

Таркиб эмас, тактика бирламчи

Фото: Reuters

Аслида бундай турнирларда мураббийлар ўйинга эҳтиёткорлик билан ёндашади ва олдиндаги ўйинга қандай таркиб тушишини ошкор қилиб қўймасликка тиришади. Аммо Титега фарқи йўқ кўринади.

Ушбу мураббий таркиб борасида ҳеч нарсани яширмаяпти. Унинг учун асосийси ўйин учун стратегия. Унингча таркибни билиб олиш, рақибга ҳеч қандай устунлик бермайди.

Тите ҳеч қачон терма жамоа ўйинларини журналистлар учун ёпиб қўймаган. «Коринтиансе»нинг зафарли йилларида журналистлар ҳамиша қайси ўйинга қайси таркиб тушишини олдиндан билишарди. Мураббийлар уларнинг кўз олдида 11 футболчини ажратиб олиб, алоҳида шуғуллантиришарди. 2017 йил мартида терма жамоа машғулотларига кириш бироз чекланди, аммо таркиб ҳақидаги маълумотларни олдиндан билиш осон қолаверди. Шундай ҳоллар бўлардики, Тите журналистлар таркибни аниқлаб олиши учун уларга 15 дақиқага рухсат берарди.

Шундай экан, бу терма жамоанинг ўйини таркибга боғлиқ эмас. Эквадорга қарши дебют ўйинидан олдинги матбуот анжуманида Тите майдонга тушадиган 11 футболчи номини санаган ва қарсакларга кўмилганди. Ундан таркибни нега бунча барвақт ошкор қилганини сўрашганида ким ўйнаши муҳим эмаслиги, тактик услублар ва алоҳида учрашув учун ишлаб чиқилган стратегия барчасини ҳал этишини айтганди. Масалан, у журналистларга стандарт вазиятларда футболчилар қандай ҳаракатланиши намойиш этилмаган.

Неймар машғулотлар вақтида симуляция қилишга тайёрланмоқда
Фото: Спорт Экспресс
Неймар машғулотлар вақтида симуляция қилишга тайёрланмоқда
Фото: Спорт Экспресс

Бельгия мураббийи ҳам рақибнинг бошланғич таркибини бир кун олдин билди, сюрпризлар бўлмайди.

Бразилия термаси бошланғич таркиби: Алисон, Фагнер, Т. Силва, Миранда, Марсело, Фернандиньо, Паулиньо, Коутиньо, Виллиан, Неймар, Жезус.

«Олтин авлод» учун охирги имкон

Фото: Reuters

Бельгия футболи тарихидаги энг яхши авлод учун бу жаҳон чемпионлиги учун охирги имкон бўлиши мумкин. Бу таркибда кўплаб юқори тоифали футболчилар жамланган, бу таркиб охирги йилларда муносиб футбол намойиш этиб келмоқда. Ҳозирда Бельгия термаси ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ бирлашган. Аввалги мундиалларда тушлик ва кечки овқатланиш маҳалларида футболчилар ажралиши кузатиларди - валлониялик футболчилар алоҳида, фландрияликлар алоҳида ўтиришарди. Аммо бу сафарги жаҳон чемпионатида улар бир тану бир жон бўлишган, улар фландрияча ёки валлонча эмас, бир тилда - инглиз тилида сўзлашишмоқда. Ҳа, бугунги ўйинда бошланғич таркибда бўладиган футболчиларнинг аксар қисми АПЛда тўп сурадиган футболчилар бўлишади.

Бельгияликларда бразилларда 16 йил аввалги жаҳон чемпионатининг нимчорак финалида қабул қилинган аламли мағлубият (0:2) учун реванш олиш имкони мавжуд. Бу ҳақда жамоа сардори Венсан Компани ҳам эслатиб ўтди: «Мен ўша ҳакамни яхши эслайман (Ямайкалик Питер Прендергаст). Агар Бельгиянинг голи инобатга олинганида, натижа бутунлай бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Жамоамизда ишонч юқори - биз бу Бразилияни енгиш мумкинлигини биламиз».

Бразилия билан ўйин бу «олтин авлод»нинг аслида нимага муносиблигини кўрсатиб беради. 

Фото: Photo News

4 йилдан кейин, Қатардаги жаҳон чемпионатида ҳозирги авлоднинг аксар вакиллари 30 ёшдан ошиб кетган бўлади. Катта эҳтимол билан улар учун Россия мундиали ниманидир исботлаш учун охирги имкон...

БРАЗИЛИЯ – БЕЛЬГИЯ
6 июль. Қозон. «Казань Арена» стадиони. 23.00 (Россия 1).
Ҳакамлар: МАЖИЧ. Ристич, Журжевич (барчаси – Сербия).
Дисквалификациялар: Каземиро – йўқ.

Мавзу
Россия мундиали

2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар Россиянинг 11та шаҳрида 12та стадионда ЖЧ-2018 бўлиб ўтади. Россия илк бор мундиалга мезбонлик қилмоқда.

Барчаси
Top