Жаҳон | 12:14
2169
11 дақиқада ўқилади

Афғонлар депортацияси, Тожикистонга ёрдам, АЭС ва матбуотга таъсирнинг қирқилиши – МО ҳафта ичида

Покистон афғонларнинг депортациясини авж олдирди, 1,4 млн афғон давлатдан қувилиши керак. Жаҳон банки Тожикистонга 50 млн доллар пул беришини эълон қилди. Қозоғистонда биринчи АЭСнинг қурилиши бошланди. Қирғизистонда матбуотга чет эл таъсири чекланди. Туркманистон ойлаб тайёргарлик кўрган тадбирини ўтказди, меҳмонлар ичида БМТ бош котиби ҳам бор.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жаҳон банки Тожикистонга 50 млн доллар беради

Жаҳон банки Ижроия кенгаши 50 миллион доллар миқдоридаги грант маблағларини ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Тожикистонга бериш қарорини маъқуллади. 

Тожикистон ҳукуматининг иқтисодиётда рақобатни кенгайтириш, хусусий секторни ривожлантириш, шунингдек, хизматлар сифати ва қулайлигини ошириш лойиҳаларига ушбу пуллар сарфланиши керак.

“Мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини очиб бериш ва Тожикистон фуқароларига сезиларли наф келтириш учун мўлжалланган ушбу ислоҳотларга ёрдам берамиз. Лойиҳа орқали рақобатбардош ва очиқ бозор муҳитини яратиш ҳам тадбиркорлар, ҳам истеъмолчилар учун янги имкониятлар яратиши керак, деди Жаҳон банки гуруҳининг Тожикистондаги вакили вазифасини бажарувчи Вей Винни Ванг.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Жаҳон банки Тожикистондаги умумий қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 26 та лойиҳани молиялаштирмоқда. Халқаро молия ташкилоти мамлакат аҳолиси ҳаётини яхшилаш, одамларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун ҳам пул бераётганини айтади.

Қирғизистонда матбуотга чет эл таъсири чекланади

Қирғизистон матбуотга чет эл таъсирини чеклади. Президент Садир Жапаров “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжатда таҳририятларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, иш қоидалари ва ҳуқуқий мақоми, шунингдек журналистлар учун жавобгарлик ва кафолатлар кўрсатилган.

Қонунга кўра, чет эл фуқаролари ва компаниялари Қирғизистонда фаолият юритаётган матбуот тузилмалари устав капиталидаги 35 фоиздан ортиқ акция, улуш ёки пайларга эга бўла олмайди.

Таҳририятлар ахборот манбасини, жумладан аноним шароитда маълумот берганнинг шахсини ошкор қилмаслик ҳуқуқини сақлаб қолади. Истиснолар фақат суд қарори асосида бўлиши мумкин.

Қонун цензурани ва мансабдор шахслар томонидан ҳар қандай шаклдаги босим ўтказишни тўғридан-тўғри тақиқлайди. Шунингдек, таҳририят фаолиятига аралашиш ман этилади.

Ҳужжатда ОАВни рўйхатга олиш, қайта рўйхатга олиш, фаолиятини тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби баён этилган. Таҳририят ҳақидаги маълумотлар адлия органлари реестрига киритилгач, дарҳол иш бошлаш мумкин. Нашрни тўхтатиш ёки ёпиш фақат суд қарори ёки асосчилар ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин.

Қонунда интернет нашрларига алоҳида эътибор қаратилган. Қонуннинг якуний таҳририда нафақат анъанавий ОАВ, балки онлайн платформалар - жумладан, сайтлар ва блоглар ҳам мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозимлиги кўрсатилган. Дастлаб, тармоқ нашрларини ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш муҳокама қилинган бўлса-да, якуний матнда мажбурийлик белгиланган.

Қонунда журналистларнинг ҳуқуқлари, ахборот олиш тартиби ва таҳририятларни жавобгарликдан озод қилиш ҳолатлари ҳам аниқлаб берилган.

Президент матбуот хизматига кўра, қонун Қирғизистонда мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли матбуотни ривожлантириш учун керак. Бироқ таҳлилчилар фикрича Қирғизистоннинг амалдаги раҳбарияти ҳокимиятнинг мустаҳкамлигини ошириш учун бу қонунни қабул қилган. Қирғизистондек турли инқилоб ва сиёсий инқирозларни бошдан кечирган давлат учун хорижнинг медиага ва у орқали халққа таъсирини инобатга олиш – ҳаёт-мамот масаласи. Масалан, 2005 йилдаги Лола инқилоби натижасида 1990 йилдан бери ҳокимиятда бўлиб келган президент Асқар Акаев лавозимини тарк этган. Ўша даврда маҳаллий медиа қаттиқ назорат остида, бироқ халқаро матбуот ва грантлар билан қўллаб-қувватланган мустақил медиа каналлари жуда фаол эди. Озодлик, ББС қирғиз ва ДВ, қатор Европа медиалари Қирғизистондаги “сиёсий монополия” ҳақида кўп-кўп материаллар берган. Булар эса албатта одамларга “миянгизни ишлатинг, ахир нималар бўляпти” дегандек сигнал эди. Бундай ёритувлар халқнинг сиёсий фаоллигини оширди ва норозилик кайфияти авж олди. Алалоқибат Акаев давлатдан ҳам чиқиб кетган эди.

Қозоғистонда биринчи АЭС қурилиши бошланди

Олмаота вилоятида қурилиш бошланишига бағишланган тадбир ўтказилиб, расмий капсула ташланди. Маҳаллий нашр Tengrinews’нинг хабар беришича, Атом энергияси агентлиги раиси Алмасадам Саткалиев сўзга чиқиб, АЭСнинг қурилиши Қозоғистонга юқори малакали мутахассисларнинг янги авлодини шакллантириш, илмий тадқиқот базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим ва технологик ютуқ учун шароит яратиш имконини беришини гапирган.

“АЭС стратегик лойиҳага, узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланади”, — деди агентлик раиси.

Унинг қўшимча қилишича, инвестицияларнинг умумий ҳажми 14-15 миллиард доллар атрофида бўлади, қўшимча 1 миллиард доллар ижтимоий лойиҳаларга ҳам йўналтирилади. Қозоғистон расмийлари АЭС қурилиши лойиҳасини кенг жамоатчилик қўллаб-қувватланаётганини айтмоқда.

"Ўтган йили республика референдумида мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан ортиғи бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Айниқса, Улкен қишлоғи мисолида яққол кўзга ташланади: аҳолининг 97 фоизи қатнашиб, уларнинг 90 фоизга яқини ёқлаб овоз берди, бу эса лойиҳага кучли давлат мандати берди", - дейди Атом энергияси агентлиги раҳбари.

Маросимда, шунингдек, Росатом давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев ҳам сўзга чиқди.

“Қозоғистон ядро соҳасида тажрибага эга ва сайёрамиздаги барча ураннинг 40 фоизга яқини шу ерда қазиб олингани учун ҳақли равишда дунё ядро элитаси таркибига киритилган. 1940 йилларнинг охиридан бошлаб ҳамкорлик қиламиз. Масалан, биринчи ядровий саноат реактори айнан Қозоғистонда яратилган”, - дея қўшимча қилди Росатом раҳбари.

Tengrinewsʼнинг қўшимча қилишича, АЭС ўзининг ядро ёқилғисидан фойдаланади. Шу билан бирга, бурғилаш қурилмалари биринчи тупроқ намуналарини олади. Улар билан капсула тадқиқот учун Россия томонига топширилади.

Шунингдек, Олмаота вилоятининг Жамбил туманида атом электр станцияси қурилиши учун жой танлаш бўйича ишлар амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта иккинчи ва учинчи АЭСни Хитой қуриши ҳақида хабар бергандик.

Туркманистон халқаро тадбир ўтказди

Якунига етган ҳафтада Туркманистон ойлаб тайёргарлик кўрган халқаро тадбирини ўтказиб олди. Унда турли давлатлар раҳбарлари қаторида Ўзбекистон президенти ҳам қатнашди. 5–8 август кунлари Туркманистоннинг Аваза миллий сайёҳлик зонасида ўтган БМТнинг “Қуруқликда жойлашган ривожланаётган давлатлар” бўйича учинчи йирик конференциясига бош котиб Антонио Гутерриш ҳам келди. 

Конференцияда бешта асосий йўналиш муҳокама қилинди. Иқтисодиётда янгиланиш ва турли соҳаларни ривожлантириш, савдо-сотиқни осонлаштириш ва минтақавий ҳамкорлик, иқлим ўзгаришига мослашиш ва фавқулодда ҳолатларга тайёрлик, транспорт, алоқа ва транзит йўлларини яхшилаш, лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш.

Қозоғистон президенти минтақавий ҳамкорлик ва экологик мувозанатни сақлаш кераклигини таъкидлади. Ўзбекистон президенти эса янги темирйўл лойиҳалари, глобал транзит келишуви ва инфратузилма фонди яратиш таклифларини берди.

Натижаларга келсак, доимгидек тадбир асосий ҳужжати – декларация имзоланди. 2024–2034 йилларга мўлжалланган "Аваза ҳаракатлар дастури"ни иштирокчилар қўллаб-қувватлаган. Транспорт ва логистика инфратузилмасига инвестицияларни кўпайтириш, Транзит тартибларини соддалаштириш ва рақамли савдони ривожлантириш, иқлим барқарорлигини таъминлаш учун биргаликда ишлаш, халқаро молия институтлари ва донорлар ёрдамларини ошириш бу дастурдан ўрин олган.

БМТдан келганлар фикрича, географик қийинчиликларни енгиб ўтишни доим шундай муҳокама қилавериш керак. Бу эса денгизга чиқиш имкони йўқ давлатларининг тўлиқ потенциалини очишга ёрдам беради.

Ашхободдаги расмийлар ва айниқса бошқарувдаги Бердимуҳаммедовлар фикрича, бу конференция Туркманистоннинг бетарафлик сиёсатига содиқ.

Покистон 1,4 миллион афғонларни депорт қилади

Покистон БМТнинг хавотирларига қарамай яна 1,4 миллион афғонларни мажбуран депортация қилишни бошлади. Маълум бўлишича, Исломобод афғонларнинг давлатда бўлиш муддатини узайтиришдан бош тортган. Қарор рўйхатдан ўтишни тасдиқловчи картага эга бўлган, ҳуқуқий мақоми июнь ойи охирида тугаган тахминан 1,4 миллион афғонга тааллуқлидир. Кўпчилик Афғонистонга қайтишдан олдин мулкни сотиш ёки бизнесни тугатиш каби шахсий масалаларни ҳал қилиш учун бир йил узайтирилишига умид қилган эди.

Резидент карталаридан ташқари, тахминан 800 000 афғон Афғонистон паспортига ҳам эга. Полициянинг айтишича, улар ҳам мамлакатда ноқонуний яшаб, шарқий Панжоб, жануби-ғарбий Балужистон ва жанубий Синд провинциясида депортация қилишдан олдин ҳибсга олинган. Депортация қарорини БМТ, унинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги жиддий танқид қилди. Ушбу комиссарлик ҳисоб-китобига кўра, ҳозиргача тахминан 1,2 млн афғонлар давлатдан аллақачон чиқариб юборилган. Associated Press ААʼнинг ёзишича, амал қилиш муддати ўтган резидент карталарига эгалар ҳамда визаси йўқларни чиқариб юбориш қарори ортга қайтмас. Покистон бўйлаб полиция афғонларни чегара ўтиш жойларига олиб бориш учун ҳибсга олмоқда. Оммавий ҳибсга олишлар йўқ, полицияга уйма-уй юриб, мамлакатда ноқонуний яшаётган хорижликларни қўлга олиш учун тасодифий текширувлар ўтказиш буйруғи берилган, деб ёзади АP.

Депортация қилинаётганлар ичида Покистонда туғилган этник афғонлар ҳам бор. Медиа билан гаплашган бундай одамлар фарзандларининг таълимсиз қолиб кетишидан хавотирга тушмоқда. Охирги қирқ йил ичида миллионлаб одамлар уруш, сиёсий тартибсизликлар ва иқтисодий қийинчиликлардан қутулиш учун Покистонга қочган эди. 2023 йилда Покистонда ноқонуний яшаётган хорижликларга қарши бошланган умуммиллий сиёсатдан сўнг депортация авж олди. Жараённи ички ишлар вазирлиги тўлиқ назорат қилмоқда.

БМТ қочқинлар агентлиги матбуот котиби Қайсер Хон Африди ҳукуматнинг сўнгги ҳаракатларидан чуқур хавотир билдирди.

“Одамларни бу тарзда қайтариб юбориш - давлатнинг халқаро мажбуриятларини бузиш билан баробардир”, деди у баёнотида ва Покистонни “афғонларнинг ихтиёрий, босқичма-босқич ва муносиб қайтишини таъминлаш учун инсонпарварлик ёндашувини” қўллашга чақирди.

Мавзуга оид